"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ТЕPАН ИЛДИЗЛАP

Мамлакатимиз мустақиллигининг 22 йиллигига

(Публицистика)

Тинчлик - олий қадрият

Тинчлик! Инсоният тарихининг, бугуни ва келажагининг гултожи. Бу сўз бани башар учун жон қадар азиз, ота-она каби қадрли, Ватандайин буюк ва муқаддас!

Ойнаи жаҳон орқали эфирга узатилаётган ер юзидаги бошқа миллат, ўзга дин, ўзга эллар ҳаётида рўй бераётган уруш-жанжаллар, низолар ҳақидаги кўрсатувлар хабарларни кузатарканман, мамлакатимиздаги тинч-осойишта ҳаётга, миллатлараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат илдиз отган тўкин-сочин, фаровон турмуш тарзига дилимда чексиз шукроналар уйғонади. Мамлакатда бундайин барқарор тинчлик ўрнатиш, юртимизда яшаётган барча миллатлар ва элатлар манфаатларига мос хизмат қиладиган йўлни танлаш, бу йўлда собит туриб, қатъият билан иш олиб бориш Юртбошимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам осон бўлган эмас. Ахир Мустақил, ёш давлатимизни миллий-этник низолар маконига айлантиришга интилган қора ниятли, ғаразгўй иғвогарлар ҳар лаҳзада куч ишлатишга тайёр турган бир вазиятда Президентимиз жамики муаммоларни сабр-матонат, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатиш, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш орқали енгиб ўтганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Мустақилликнинг илк ойларида, 1991 йилнинг 18 декабрида Юртбошимиз И.А.Каримов "Халқ сўзи” газетаси мухбири билан бўлган суҳбатда шундай деган эди: "Мустақиллик ниҳоли кўкариши учун миллатлараро чидам ва бардош каби кучли илдизлар керак. Шунда у ҳар қандай шамол, довул, бўронларда йиқилмайдиган бўлиб улғаяди. Зеро, миллат севгиси ва эъзози қадар улуғ мукофот йўқдир. Бу мукофотга сазовор бўлмоқликнинг бирдан-бир йўли – ўзга дин, ўзга миллатни таҳқирламаслик. Бу – фаровон, тўкин кун кечириш учун якка-ю ягона, тўғри, ақл-идрокли, имон-эътиқодли йўлдир”.

Бу – Юртбошимизнинг мустақиллик йўлини танлаган давлатни бошқаришдаги энг одил, энг оқилона сиёсати эди. Чунки ўша вақтда собиқ иттифоқ ҳудудидаги воқеалар ниҳоятда кескин тус олган, баъзи республикаларда миллатчиликлар юз бераётганди. Тоғли Қорабоғда, Тожикистонда ҳамда Қирғизистоннинг Ўш, Ўзган вилоятларидаги қонли хуружлар, оммавий ахборот воситаларида берилаётган очиқ-ойдин миллатчилик ҳамда шовинистик руҳдаги мақолалар Ўзбекистон Президенти учун ҳар бир муаммони ҳал этишда, айниқса, миллий масалада ниҳоятда зукколик билан иш юритишни талаб этарди. Шу боис, Президентимиз энг аввало мамлакатда миллатлараро тотувликка эришиш – Мустақилликнинг жон томири экинлигини қайта-қайта таъкидладилар. Ҳатто бу бора-да ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб дадил қадамлар ташлади. Ўзбекистоннинг Конституцияси орқали мустаҳкамланган миллатлараро тотувлик бугунги кунга келиб илдизи теран серсоя, сермева дарахтга айланди: Ўзбекистонда неча миллат бўлса барчасининг миллий маданият марказлари ташкил этилди ва бу марказларнинг фаолияти мустақил мамлакатимизнинг тараққиёт тамойилларига мос равишда барқарор ривож топди.

Энг муҳими, Ўзбекистонда сен қозоқсан, сен татар ёки ўриссан деган тушунчанинг ўзи йўқ. Шу эмасми, тотувликнинг тотли меваси! Ўзбек оиласида ҳам қозоқ, ҳам туркман ёки рус миллатига мансуб келинлар хонадон меҳмонига хуш таъзим ила дастурхон ёзса, кўнгиллар яйраб кетмайдими? Яйрайди, ҳатто кўнгиллар таскин топади. Бу аҳилликдан, бағрикенгликдан, ўзаро меҳр-оқибатдан сув ичган тотувликнинг қудратли илдизи.

 

Ҳаётга айланган ҳикмат

"Тотувлик бор жойда ҳикмат бор!” Бу Президент И.А.Каримовнинг Мустақиллик эълон қилинган илк кунларда халқимизга қарата айтган ва бугунги кунда ҳаётга айланган ҳақ сўзи! Назаримда Мустақилликнинг энг теран илдизи ҳам ана шу ҳикматдан куч олади, тобора бақувватлашиб бораверади. Зеро, бизнинг юртда этник бўлиниш, миллатчилик, мамлакатимиз тупроғига қадам қўйган меҳмонларга нисбатан ҳурматсизликйўқ. Турли миллат ва элатларга хос удумлар, урф-одат, анъана ва тутумлар ўзбекона қадриятлар билан бирга яшайверади. Қозоқнинг тўйида қозоқча рақс тушган ўзбек ёки татарча келин саломидан завқланиб, келинчакка қимматбаҳо совға келтирган қорақалпоқ, рус, бошқирд, туркманнинг кўнглида ҳамиша бир эзгу туйғу: "элнинг тўйи меники, менинг тўйим – элники”. Шу боис, Ўзбекистон деган юртда тинчлик ҳоким, барқарор тараққиёт бор. Президентдан тортиб эсини таниган болаларимизгача бир эзгу ғояга дилларида садоқат сақлайдилар: Элим, юртим, деб ёниб яшайдилар улар. Ана шу эзгу туйғу куч беради халқимиз кўнглига. Кўнглидан ҳаётига ёруғ нур туташган халқимизнинг турмуши обод, эртанги кунидан эзгу садолар қайтади. Бу шундай садоки, ҳар уйда, ҳар кўнгилда, ҳар гўшада Эрк ва ободлик, тотувлик бор. Ана шу эзгу туйғулар бор экан, мамлакат тараққий этаверади!

 

 

35 йил Ватанга талпиниб

Собиқ иттифоқ даврида Pоссиянинг олис Сибирь ҳудудидаги вилоятларидан бирида ҳарбий хизматни ўтаган синфдошларимиздан бири ўша томонларда ишлаб, қолиб кетди. Ўзга миллат вакилига уйланди, оилали, фарзандли бўлди. 17-18 йил деганда Ватанга қайтди. У қайтганида бува ва бувилари оламдан ўтган, синглиси оғир касал эди. Ўксиб-ўксиб йиғлади, қўша қабрларни қучоқлаб бўзлади.

- Бораман-у ортга қайтаман, Ватан-да яшайман, - деди у яқинларига.

Ўша пайтда у ёш эди, навқирон эди. Яқинлари унинг йўлига кўз тикиб, толдилар. Бетоб сингил оламдан ўтди, яримкўнгил сингилнинг туғишганлик меҳри кўзларида қотди, дийдор қиёматга қолди.

Ўтган кузда у яна келди. Аммо минг афсуски, паришонхотирлик касалига чалинган отаси уни гоҳ таниб, гоҳ танимади. Ўғилнинг боши эгик, сочлари қувдай оқарган. Ёши элликдан ўтганида, умр йўлдошидан айрилганида ўзга юртда туғилиб, ўзга миллат тарбиясини олган ўғил-қизлари уни ёлғизлатиб қўйганида яқинларини соғинди, Ватанини қўмсади. Қайтганида, бу аҳвол – ўғил отага талпиниб турса-да ота ўғлини танимади. Аммо юрак-юрагида, шуурида "ялт” этган бир нур отага забон берди:

- Болам, ... мисан? Худога шукур, қайтганга ўхшайсан. Энди ўз элинг-да ўзингнинг боғингни ярат! Ҳар кимнинг ўз боғи бўлиши керак. Ўз боғинг меваси, буғдой нонингнинг тоти бўлакча бўлади.

Отанинг шуурини ёритган нур ўғилнинг юрагига туташди.

- Қайтаман, боғ яратиб, иморат қураман!

Шу бир оғиз сўздаги ҳикмат – Ватан тупроғининг қудрати, ўғилнинг қатъий қарори тўшакка михланиб қолган отани оёққа турғизди. Бағри тўлганидан, ўғлини Ватанда кўрганидан кўнгли ўсди отанинг.

Шунақа, от чаппар уриб минг айлангани билан барибир қозиғини топиб келаверади. Салкам 35 йил ўзга юртда яшаб, ўзга элнинг тупроғига томир ташлаб-унмаган, ўсмаган ўғил ёши улғайиб, ёлғизланиб қолганида ўз Ватанида боғ яратиш иштиёқи билан ота маконга қайтди. Шуни айтсалар керак-да "Ватаннинг ҳар гиёҳи кўзингга сурмаи нур”, деб.

Мустақилликнинг теран илдизлари

Бола эдим. Тўрт томоним қибла, беташвиш болалигим бир воқеа сабаб саробга айланди.

Аллоҳ раҳмат қилсин отажоним кўп билимдон, мулоҳазали, оғир-босиқ киши эдилар. Советларнинг колхозида бош муҳандис вазифасида ишласалар-да оладиган маоши катта оиламизни боқишга камлик қилдими, қандайдир сўровнома қоғозларини тўлдириб, почта орқали жўнатарди. Орадан оз фурсат ўтгач, отам сўровнома-хатлар жўнатган шаҳарлардан ҳар хил ҳажмдаги қутиларда посилкалар келарди. Уйимизга келтириб очарди уни отам.

- Мана бу фалон эҳтиёт қисм, мана булар эса мотоциклники, - дердилар ўғил укаларимга тушунтириб. – Ҳамма қисмларни сўровнома-хатлар орқали жўнатиб туришса, мотоциклимизни янгилаб оламиз ёки сотамиз.

Ҳақиқатан ҳам уддабурон отам эски "Урал” русумли мотоциклини қайта териб, янгилаб олдилар. Буни кўрган қўшнилар, таниш-билишлар отамга ҳавас қилишди. Ҳатто мотоциклингни менга сот, деб туриб олишди. Оила фаровонлиги учунми ё дўстлари қўймадими, ўзи миниб юрган "Урал"ни сотдилар. Яна отам почта орқали хабарлашиб, янги эҳтиёт қисмлари сотиб олиб, эски бир мотоциклни "янгилаб” олдилар. Бу иши собиқ тузумнинг малайларидан бирига ёқмадими, отамни "олиб сотар”ликда айблаб, партиядан ўчиришди, мансабидан бўшатишди. Отамнинг айбсизлигини исботлаш учун қариндошлар турли эшикларга бош суқишди. Уларнинг ёнида "қўлимдан ёзиш келгани учун” мен ҳам бирга борардим. Қаерга, қайси эшикка кирмайлик, отамни "олиб сотар, жамиятга ёт иллат билан шуғулланган”, - дейишарди.

Вақт ўтиб, отам оқланди, партияга қайта тикланди. Лекин унга нисбатан қилинган ноҳақлик отамни 46 ёшида ҳаётдан олиб кетди. Қаранг, ўша пайтда отам ҳақиқий тадбиркор инсон бўлган эканлар. У киши бировни алдамади, панд бермади, у бозордан олиб, бу бозорга буюм сотганлари йўқ. Аксинча, Ўзбекистонда анқонинг уруғи бўлган мотоциклнинг эҳтиёт қисмларини почта орқали, якка тартибда шартнома асосида, пул ўтказиш йўли билан олиб келиб, атрофидагиларга қулайлик яратдилар. Ана шу тадбиркорлиги учун туҳмат тошлари ёғилди унинг бошига. Совет деган қудратли машина ғилдираклари остида эзилиб, бевақт хазон бўлди. Ҳам маънан, ҳам жисман таҳқирланди.

Бугунги тадбиркор учун мамлакатимизда барча шароитлар яратилган, барча имкон эшиклари очиқ. Тадбиркор хоҳласа, ўз уйида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиши, хоҳласа, чет эллик ишбилармонлар билан икки ёқлама шартномалар тузиши, чет давлатларда ўз фирмасининг филиалларини очиши мумкин.

Бундан 22 йил аввал "Фалончининг хусусий дўкони ёки фирмаси”, деган гапни айтишнинг ўзи жиноят эмасмиди? Ёки иккита машина сотиб олиб, икки-учта иморат ёки тўйхона қуриш ҳатто ҳеч кимнинг хаёлидаги орзу ҳам эмасди. Бундай тараққиёт халқимиз учун эртак, нари борса "коммунизм қурамиз”, дегандай бир орзу эди, холос.

Президентимиз И.А.Каримов раҳбарлигида халқимиз ҳаётида босқичма-босқич ўз амалий исботини топган тараққиётнинг Ўзбек моделини бугун бутун жаҳон тан олиб, ҳавас қилаётгани, айни ҳақиқат. Ҳатто Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш ниятини билдираётган хорижлик сармоядорларнинг ҳисобига етиш қийин. Бугунги тадбиркор бир кунда океан орти давлатларига бориб-келиши, мумкин. Ҳатто энг ривожланган давлатларнинг ишбилармон доиралари ўртасида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, фикрларини дадил ҳимоя қилиб, бемалол рақобатлаша оладиган даражада ҳуқуқий билимдон.

Энг асосийси, мамлакатимизда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш борасида зарур қонуний асослар мавжудки, ҳеч бир тадбиркорга (агар ишлари қонуний асосда бўлса) "сен олиб сотарсан”, деган туҳмат тоши отилмайди. Унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари қонун ҳимоясида, эшикма-эшик бош суқиб, сарсон бўлиб юрмайди у.

Шулар ҳақида ўйларканман, бундан 22 йил аввалги халқимиз дилида туғилиб, ҳеч қачон тилига кўчмаган орзулари рўёбга чиқиб, ҳаётимизни гуллатиб юборган эзгуликлардан қалбим ифтихорга тўлади. Ахир туманимизнинг, мамлакатимизнинг қай бурчагига борманг, маҳаллаларнинг гузарлари, олис овулларнинг қиёфаларини тубдан ўзгартириб юборган ҳар соҳада тадбиркор ватандошларимизнинг оиласи остонасидан тортиб Ватан кенгликларигача гуллатиб қўйганидан қувонмай бўладими?

Бор бўлинг-ей, Мустақилликнинг теран илдизлари, қалби қайноқ, бағрикенг, ишлари юртга манзур, дунёга манзур тадбиркор элим!

"Ўзимнинг ерим, ўзимнинг ноним”

Касбим тақозоси билан Қиличбой қишлоғида бўлдим. 70 ёшдан ошган отахон иштиёқ билан ер чопаётганини кўриб, ёнига бордим:

- Президент 25 сотих ер берди, қарасам, менинг чекимдаги ер ҳовлимга туташ, қаровсизликдан чим босиб кетибди. Ағдариб, ажриқ томирларидан тозалаётирмиз. Худо хоҳласа, буғдой экаман, боғ қиламан, – қувониб-қувониб сўзлади ота.

Орадан 20 йилча вақт ўтиб, яқин-да яна Қиличбойга йўлим тушганида ўша отахон - Ҳайитбой ота Омонов хонадонида бўлдим. Ўша пайтдаги кўримсизгина уй-ҳовли, чим босган томорқадан асар ҳам йўқ. Шовуллаган боғ, соя солган гужумлар, баланд кўтарилган узум ишкомлари, бири-биридан кўркам, данғиллама иморатларга кишининг ҳаваси келади.

- Отамиз кенжа ўғиллари билан кўчиб кетганлар, - бобонинг неваралари унинг янги манзилини беришди.

Ёши 90 дан ҳатлаган Ҳайитбой бобо Қиличбой овулининг марказига яқин жойда кенжа ўғли учун янги иморат тиклаган эканлар. Ҳовлидаги файз, тартиб билан экилган дов-дарахтлар, бири-биридан шинам хоналар, айвонларга ҳавас билан боққанимни яширмайман.

- Бундай уйни авваллари райқўм ҳам қурган эмас, - дейди ичимдагини уққандай, Ҳайитбой бобо. – Ҳов, ана қара, Турсунбойнинг ҳовли-боғини бир кўрсанг-а! Оғзинг ланг очилиб қолади.

Турсунбой Йўлдошев – қиличбойликларнинг уста боғбони. Ёш бўлса-да 25-30 сотих ерида дунёнинг ярмини жамлаб, жаннатмакон боғ-бўстон яратган тадбиркор йигит.

- Авваллари томорқамизга унчалик эътибор бермасдик, - дейди у. – Қарасам, оиламизга зарур нарсаларнинг асосий қисмини сотиб олаяпмиз. 25-30 сотих томорқага эса мол ўти экишдан нарига ўтмаймиз. Ахир ўз ерим увол бўлаётир-ку, дедим.

Ўз ерига меҳр қўйган йигит қисқа вақт ичида оиласи иқтисодини 100 эмас, 200 фоиз кўтарди: ўз ерида ўз буғдойини ўриб-йиғди, омбори донга тўлди. Ун излаб юрмайдиган бўлди. Мева-чева деганнинг Ўзбекистон шароитида ўсадиган барча турини топиб экди, барчасининг ҳосилидан баҳраманд бўлди. Голландия гулкарамини экиб, маҳаллий шароитга мослаштирди, кўчатлар етиштиришни йўлга қўйди. Уруғчилик билан шуғулланиб, помидор, ловия, шолғомнинг ширин навларини ўз томорқасида етиштирди.

- Мана бу ҳам ўзимнинг еримда етиштирилди. - Кишмиш узум меваларини тарозига қўяди у. Марвариддек ялтираб турган кишмиш узумнинг мазасидан тилингиз шакарлангандай бўлади. Қулоғимда эса унинг "ўзимнинг ерим”, "ўзимнинг мулким”, деган сўзлари қайта-қайта жаранглайди. Оддийгина қишлоқ йигити, оддийгина деҳқоннинг ўз ери, ўз мулки ободлиги учун меҳр-муҳаббат билан жон куйдираётгани, ўзи етиштирган неъматларни камтарлик билан эл дастурхонига тортиқ қилаётгани Президентимиз айтган бир иборани ёдимга солди: "Оиласини, хонадонини обод қилган одам Ватанининг ободлигига дахлдордир”. Зеро, шу табаррук замин шу азиз Ватан барчамизники. Унинг тараққиёти ҳам, келажаги, бугуни ҳам, шон-шуҳрати, шаъни ҳам оиламиз бағридаги тўкис, обод турмуш тарзимиздан, фаровонлиги-ю осойишталигидан бошланади. Ўз уйи, ўз ерида етиштирган неъматлари билан фахрланган инсоннинг дилида наинки ўз мулкига эгалик туйғуси, балки шу қутлуғ заминга – ўз юртига эгалик, беклик туйғуси шаклланади, илдиз отади. Беихтиёр хаёлимда Ўзбекистон буғдой мустақиллигига эришган қутлуғ дамлар шукуҳи жонланади:

Хирмонларга тўкилган қирмизи доним,

Дастурхонни тўлдирган ўзимнинг ноним...

Бугун ҳар бир ўзбекистонликнинг оиласида ўз мулки-бўстонидан унган неъматлар сероб. Ўзимнинг ерим, ўзимнинг ноним, ўзимнинг мулким деган тиллари бурро. Шаҳарларни ортда қолдириш даражасидаги намунали уй-жойлар жуда қисқа – 5 йил ичида бутун мамлакатимиз қишлоқлари қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Совет даврида хом ғиштлардан қурилиб, 20-30 йилга етмай чўкиб қолган уйларни бузиб ташлаб, замонага мос, кўркам иморатлар қуриб, ҳашамдор ҳовлиларда яшамоқда бугун элим! Намунали уй-жойларнинг-ку довруғи жаҳонга достон, ҳавасларга муносиб, Қишлоқ инфратузилмаси тубдан ўзгариб, тараққиёт босқичига кирди. Намунали уй-жой эгаси бўлмоққа орзумандлар сони беҳисоб. Ўз оиласи бағрида тадбиркорликни йўлга қўйиб, бешикдаги боласигача ўз мулкига содиқлик туйғусини сингдираётган мулкдорлар бугун Ватаннинг таянчлари, тараққиётга, келажакка дахлдор мустақилликнинг энг қудратли қанотлари яна бир теран томири.

Ана шундай қудратли қанотлари билан келажак уфқлари томон парвоз қилаётган Ватан – Ўзбекистон барчамизники! Қалб ардоғимиз, кўз қароғимиз, борлиғимиз – энг буюк мулкимиз шу Ватан! Ана шу туйғу дилларимиз аро мангу ҳоким бўлсин!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: