"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ЎЗБЕК ХАЛҚИГА ТИНЧЛИК ВА ОМОНЛИК КЕPАК!

Бола эдим. Онам ўғил фарзандлари ҳаётдан бевақт кўз юмганидан сўнг қизлар - уч опаларим ва мен туғилганимга ўғил болаларга ҳавас қилибми, акаларимнинг кийимлари увол бўлмасин, дебми кўпинча ўғил болача кийинтирарди. Бундан руҳланиб кўпроқ ўғил болалар билан ўйнардим.

Бир куни уруш-уруш ўйнаётиб, қўлимда ёғоч пистолетим билан қочишга жой тополмай қолиб, ҳовлида ўтирган энамнинг орқасига яширинганман. Икки "немис” мени тополмай қайтиб кетди. Шунда мен "пистолет”имни баланд кўтариб, "Ура! Ғалаба” деб қичқирдим. Болаларча бу ўйинимизда деярли мантиқ бўлмаса-да энам раҳматлик "Бу нимаси, ҳаҳ ўйинларинг қуриб кетсин, бўлди энди, бошқа бундай ўйин ўйнаманглар”, деди зорланиб.

Йиллар ўтиб, улғайганимда энамнинг уч болани эри вафотидан сўнг ёлғиз ўзи вояга етказиб, айни 22 ёшида ўртанчаси, яъни отамни иккинчи жаҳон урушига юбориб, беш йилни ёлғиз ўғли қайғусида жон ҳовучлаб ўтказганини билдим. Бизнинг ҳатто уруш-уруш ўйинимиздан ҳам энам нега бунчалар даҳшатга тушганини кейин англадим.

Мен урушни кўрмаган бўлсам-да, отамдан, уруш фахрийларидан бу ҳақда кўп эшитганман.

Кейинчалик мен тенги авлод энди вояга етганида Афғон уруши бошланди. Кўп дўстларим, қариндошларим мазкур урушга жалб этилди. Касбим тақозосига кўра туманимизнинг Афғон урушида қатнашган йигитлари билан кўп ҳамсуҳбат бўлдим. Афғон тупроғида бевақт ҳалок бўлган туманимизнинг 13 нафар ўғлони ҳақида кўрсатувлар тайёрладим. Ва англаганим шу бўлдики, орадан 65 йилдан зиёд вақт ўтса-да иккинчи жаҳон уруши, 30 йилча ўтиб афғон уруши ҳамюртларимиз қалбига солган жароҳатлар, жабр-ситамлар ҳали унутилгани йўқ. Боламлаб йиғлаган оналарни кўрганимда илоё урушнинг номи ўчгай, дея тилаганман, юракларим эзилган.

Ҳа, уруш айрилиқ, вайроналик, жабру ситам, азоб-уқубат, дегани.

Истиқлол туфайли барча жабҳаларда шиддат билан ривожланишга эришаётган мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси бугунги тинч-фаровон, дориломон кунларга шукрона айтиб яшамоқда. Эртанги кунимиз бугунги кунимиздан-да нурли, сурурли бўлишига интилмоқда.

Афсуски, халқаро вазиятнинг тезкорлик билан ўзгариши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши нафақат биз, балки бутунжаҳон жамоатчилигида катта ташвиш туғдирмоқда.

Айниқса орадан 30 йилдан зиёд вақт ўтиб ҳам Афғонистонда қалтис ва таҳликали вазиятнинг сақланиб қолаётгани яқин қўшни бўлган мамлакатимиз тинчлик-осойишталигига хавф бўлиб қолаяпти. Шу боисдан ҳам Юртбошимиз афғон заминида тинчлик ўрнатиш долзарб вазифа эканлигини нуфузли минбарларда қайта-қайта таъкидламоқда.

Юртбошимиз И.Каримов Афғонистон можаросини жаҳон ҳамжамияти ёрдами билан, мамлакат ички ишларига ташқи кучларнинг аралашувисиз, тинч музокаралар йўли билан ҳал қилиш таклифини илгари сурганини кўпгина давлатлар қўллаб-қувватламоқда.

Жорий йил 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Юртбошимиз оммавий ахборот воситалари ходимларига берган интервьюсини ўз ичига олган, ўзбек ва инглиз тилларида нашр этилган "Ўзбек халқига тинчлик ва омонлик керак" рисоласида ҳам шу хусусда тўхталиб, Афғонистондаги мавжуд аҳвол нақадар жиддийлиги, унинг ечими бўйича тезкор ҳаракат ва чора-тадбирлар зарурлиги ҳақида гапирди.

Президентимизнинг бу ташаббусини, хулоса ва таклифларини кўпгина давлатлар намояндалари ва халқаро экспертлар қўллаб-қувватлашмоқда.

Юртбошимизнинг Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари бутун халқимизнинг хоҳиш-иродасига ҳамоҳангдир. Ҳа, бизга, ўзбек халқига, ҳар бир куни мамлакатимизни янада равнақ топтириш йўлида муҳим қадам бўлиб қолаётган юртдошларимизга тинчлик керак, ўз ўчоқ-бошидаги омонлиги керак!

Ойгул PАЖАБОВА.

(Фото - http://xs.uz)

Янгиликни бўлишинг: