"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

Оила қадриятларига амал қилиш – жамиятни юксалтиради

Оила – ниҳоятда кўнглимизга яқин, ҳар биримиз учун муқаддас қадриятлар, анъаналар маскани. Биз қаерда бўлмайлик, ҳар доим ана шу қутлуғ макон бағрига ошиқиб турамиз. Биламиз, ана шу макон бизнинг ҳовуримизни олади, шу макон бағридагина ўзимизни эркин ҳис этамиз, кўнглимиз таскин топади. Шунинг учун ҳам оиламиз шаъни, обрўси, сирлари биз учун азиз. Бу муқаддас қўрғоннинг мустаҳкамлигини сақлаш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бобомерос қадрият. Бу таомилни авлоддан-авлодга олиб ўтиб, изчил тарғиб қилиш мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Туман ФҲДЁ бўлими мудираси Санобар Холбоеванинг мухбиримизнинг оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасидаги саволларига берган жавобларида ҳам оила қадрияти, асрий анъаналарга муносабат масалаларига алоҳида урғу берилган.

– Санобархон, оилани мустаҳкамлаш, ёшларни турмушга тайёрлаш бўйича жойларда қилинаётган ишларнинг кўпчилиги расмиятчиликдай бўлиб туюлади, сиз қандай фикрдасиз?

– Яширишнинг ҳожати йўқ, кўпчилик ҳолларда шундай. Бу масъул ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари, тўғриси, мустаҳкам эмаслигидан. Уларнинг фаолиятлари ўзаро мувофиқлаштирилмаган. Маҳаллаларда, ўқув муассасаларида оила мустаҳкамлиги мавзусига бағишланган тадбирларда иштирок этганимда бунга кўп марта гувоҳ бўламан. Ёшлар онгида оила қадриятлари, муқаддас анъаналаримиз, оилавий муносабатлар, айниқса, ёш эр-хотиннинг одоб-ахлоқ масалалари, ўзбек оиласи тутумлари каби мезонларни шакллантиришдаги лоқайдлигимиз оқибатида кўпчилик оилаларда арзигулик сабабларсиз ажралиш ҳолатлари келиб чиқаётир.

– Жамиятимизда оила мустаҳкамлиги билан шуғулланадиган асосий институт – маҳалла ҳисобланади. Лекин кўпчилик маҳаллаларда бу борада сусткашликка йўл қўйилмаяптими?

– Тўғри айтасиз. Айнан юқоридаги саволингизнинг ҳам, бу саволингизнинг ҳам жавобини маҳалладан излаб кўрсак, тўғрироқ бўлади. Сабаби, ҳар бир оила маҳаллада истиқомат қилади. Бу оила ҳаёти қандай кечаётир, тинчми, нотинчми? Маҳалла масъуллари буни жуда яхши билишади. Лекин билиш билан иш битмайди, оила ҳаётига оид муаммолар ечими билан шуғулланиш, агар кўнгилсиз ҳолатлар бўлса, маҳаллада фаолият олиб борувчи “Қайноналар мактаби”, “Яраштириш комиссияси”, “Ота-оналар университети” каби жамоатчилик тузилмалари билан биргаликда уни бартараф этиш лозим бўлади. Лекин никоҳланувчи ёшлар орасида шундай ҳолатларга дуч келамизки, келин-куёв жуда яқин бир чизиқда туташган қариндошлар, ҳатто саломатлиги никоҳланиш учун тўғри келмайдиган, баъзан эса телефон ёки интернет тармоғи орқали танишган ёшлар бўлиб чиқади. Ахир турмуш қуриш оила борасидаги ҳуқуқларни қўлга киритишдангина иборат эмасда. Оила қуриш – жамият олдидаги бурч ва мажбуриятларни ҳам зиммага олиш дегани. Ҳуқуқ ва бурч масъулияти унутилган жойда ҳаёт издан чиқади. Бурч ва масъулият бўлмаган оилада умумий интизом йўқолади, ҳар киши ўзининг билганини қилиб юраверади. Мана, оила мустаҳкамлигига путур етказадиган унсур ҳам шу – масъулият ва бурчнинг йўқолиши.

Бир воқеани айтиб берай: туманнинг у четида яшовчи бир йигит бу чеккасидаги яшовчи қиз билан ўзаро танишиб, ўзлари етаклашиб ФҲДЁ бўлимига келишди. Иккала қуда тараф ҳам: “ёшлар ўзлари топишибди, рози бўлмай қаерга ҳам борамиз?” – қабилида тўй тараддудини бошлашди. Бу жараёнга на қўни-қўшнилар, на маҳалла-кўй аралашди. Қиз узатган оилани ҳам, ўғил уйлантираётганни ҳам ҳаммадан кўпроқ биладиган аввало, маҳалла раиси, маслаҳатчи, қўни-қўшни эмасмиди? Ҳеч ким йигитнинг ҳам, қизнинг ҳам камчилигини айтгиси келмади. “Эзгу ишнинг йўлини тўсмайин”, – дея биладиган ҳақиқатларини яширишди. Ваҳоланки, йигит гиёҳванд экан...

Тўйларидан икки ой ўтиб-ўтмай, эри хумори тутганида хотинини калтаклайвергач, келин чидай олмай, ота-онасиникига кетиб қолди. Ота-онасиникида фарзандли бўлди. Қизи мактабга чиққанида иккинчи турмуш қурди. Иккинчи турмушидан ҳам бир нафар фарзанди бор. Қиз иккинчи турмушидан рози, кўнгли тўқ, лекин барибир, у ҳаётда азоб тортди, эзилди, фамилиялари бошқа-бошқа фарзандларнинг онаси бўлди. “Болаларимнинг фамилиялари бошқалигидан ҳеч кўнглим тўлмайди”, - дейди у.

Энди қарангда, шу аёл биринчи турмуш қураётганида бу никоҳни тўхтатиб қолиш мумкин эмасмиди? Нега маҳалла масъуллари, ёшларни никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказувчи шифокорлар бу никоҳ мақбул эмаслигини айтишдан ўзларини тўхтатиб турдилар? Қани энди айтинг, бу никоҳга киришилаётган пайтда “эзгу ишни бузгим келмади”, қабилида иш тутганларнинг хатти-ҳаракатлари масъулиятсизликми, бурчни унутишми? Албатта, ҳар иккиси ҳам!

– Оила қуришга ошиқаётган ёшларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?

– Жалолиддин Pумийда шундай бир ҳикмат бор:

“Енглар, ичинглар”ни қулоққа илди.

“Исроф этмангиз”ни фаромуш қилди.

Назаримда ушбу мисраларда биз инсонларнинг тўлиқ қиёфамиз акс этиб турибди. Оила – фақатгина ҳузур-ҳаловат маскани эмас, балки инсон зиммасидаги жуда катта масъулият ва бурч ҳамдир. Оилада тинчлик, хотиржамлик, тартиб-интизом масъулиятини унутиш ҳам – исрофдир. Шунинг учун ҳам исрофки, бу қоидалар унутилган жойдан барака қочади, меҳр-оқибат юз ўгиради. Меҳр-оқибат сувидан ичмаган, қутбарака файзидан баҳраманд бўлмаган фарзанд жамиятнинг бир оғриқ томиридир. Бу – жамият учун исрофдир.

Демак, оилаларимиз бағри обод, баракали, файзли бўлмоғи учун ёшларимиз турмуш қуришларидан аввал бобомерос оила қадриятларини чуқур англасинлар, дейман. Оила анъаналари – муқаддас қадрият. Ҳатто унинг сирларини асраб, тутумларига амал қилиб яшаш – жамиятимизда оила қўрғонини нафақат мустаҳкамлайди, балки миллат ориятини, обрўси ва шаънини юксалтиради.

– Сермазмун суҳбатингиз учун катта раҳмат!

– Саломат бўлинг.

Суҳбатдош

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: