"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

САНЪАТГА ОШУФТА БОЛАЛАP МАСКАНИ

Туманимиздаги Ҳамза номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабининг филиали сифатида 1973 йилда ўз фаолиятини бошлаган 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби 1998 йилда мустақил илм даргоҳи қилиб шакллантирилди. 2008 йилдан бошлаб эса 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳуқуқий мақомига эга бўлди.

Санъатга ошуфта, мусиқага ихлоси баланд болаларни нафосат оламига олиб кириш, уларга ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича ҳам назарий, ҳам амалий таълим ва таҳсил бериш мактабимиз педагогик жамоаси учун бир томондан завқли машғулот бўлса, иккинчи томондан назарий машғулотларни ўқувчилар онгига сингдириш анча машаққатли жараёндир. Лекин Комилжон Муродов, Арзимбат Pажабов, Тўлибой Ҳайитбоев, Pустам Ўрозбоев, Алишер Ешимбетов сингари фидойи мураббийлар қўлида таҳсил олган ўқувчиларимиз турли беллашувлар, кўрик-танловларда муваффақиятли иштирок этиб келишмоқда. Хусусан, Комилжон Муродовнинг шогирдлари ҳар уч йилда бир марта ўтказиладиган М.Қори Ёқубов номидаги Pеспублика кўрик-танловида кетма-кет уч марта Ўзбекистонда 1-ўринни эгаллагани бутун туманимиз санъат ихлосмандлари қалбига қувонч бағишлади. Арзимбат Pажабовнинг чанг синфи ўқувчиси Жаҳонгир Еримбетов эса М.Қори Ёқубов номидаги кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичи ғолиби бўлди. Оллаёр Қодиров, Тўлибой Ҳайитбоевлар раҳбарлигидаги ғижжак ва сурнай синфи ўқувчилари эса ушбу танловнинг вилоят босқичи ғолиблари сифатида Тошкент шаҳрида ўтказилган якуний босқичда иштирок этиб, кўрик-танловнинг 2-даражали Дипломлари билан тақдирландилар.

Мактабимиз мослаштирилган бинода жойлашганлиги, замонавий услубда дарс ўтиш имконияти йўқлиги болаларга мусиқий таълим бериш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказишда анча қийинчилик туғдирарди. Шуни мамнуният билан айтаманки, 2013-2014 ўқув йилини янги, замонавий бинода бошлаш тараддудидамиз. Туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига киритилган бизнинг 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабимизнинг Қипчоқ қишлоғида қад ростлаган янги биноси нафақат мактаб педагогика жамоаси, балки бутун туманимиз аҳли учун, уларнинг санъатсевар фарзандлари учун Мустақиллигимизнинг 22 йиллигига муносиб туҳфадир. Синф хоналари кенг ва ёруғ, мусиқа ва санъат инвентарлари билан махсус жиҳозланган янги мактаб биносида таҳсил олган ўқувчиларимиз келажакда янада катта ва нуфузли кўрик-танловлар ғолиби бўлиб, туманимиз донғини оламга ёйишига ишонаман.                                 

Н.ЁҚУБОВ,

21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби директори.

Янгиликни бўлишинг: