"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ТЎЙЛАPНИ ТАPТИБГА КЕЛТИPИШ ЎЗИМИЗНИНГ ҚЎЛИМИЗДА

Тўй – ўзбек халқининг азалий муроди, олий мақсади. Шу сабабдан ҳам кексаларимиз дуога қўл очганларида “тўйга етказсин!”, “топган-тутганимиз тўйларга буюрсин!” дея тилак билдиришади.

Шу биргина “тўй” сўзи вужудингизга илиқлик олиб киради, тасаввурингизда ўйин-кулгу, шодонлик акс этади. Аммо шу “тўй” дея аталмиш мурод-мақсадлар мажмуини барпо этиш, бу маросимга қариндош-уруғ, қўни-қўшни, дўст-ёрларни таклиф этиб, уларнинг кўнглини топиш, ушбу тўйни кўнгилдагидек ўтказиш осон иш эмас. Биз одатда тўй маросимини ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрамиз. Бунга эса жуда кўп маблағ керак бўлади.

Юртдошларимиз орасида иқтисодий жиҳатдан ҳаддан ташқари бақувват ёки ночор аҳволдаги кишиларнинг борлиги рост гап. Бу икки тоифа кишиларнинг аҳволи улар томонидан ўтказилаётган тўй-маъракаларда яққол кўриниб туради.

Айтайлик, фалончи бой ўғлининг никоҳ тўйи “гулянка”сида турли русумдаги 30 та енгил машина иштирок қилди, тўйга энг таниқли хонандалар ташриф буюришди, меҳмонларга турли таомлар тортилди, “сен ич, мен ич” авжига чиқиб, тўймисан-тўй бўлди. Орадан озгина вақт ўтиб, шу бойнинг ён қўшниси бўлган бир ногирон инсон ҳам тўй қилиб, ўғлини уйлантирадиган бўлди. Яширадиган жойи йўқ, ўтган тўйдаги дабдабабозлик, мақтанчоқлик, харажатларнинг керагидан ортиқча сарфланиши бу тўй эгасига азоб берарди. Чунки бу икки тўй ўртасидаги фарқ жуда катта эди-да!

Орамиздаги айрим юртдошларимизнинг даромадлари кўпайгач, босар-тусарини билмай қолишаётганлари бизни ҳайратга солади. Булар кўпинча юқорида келтирилганидек, шу кундаги тўй-маъракаларимизда яққол намоён бўлаётир.

Тўй-маъракаларни ўтказишни тартибга келтириш масаласи давлатимиз раҳбарларининг доимо диққат марказида бўлиб келган. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1998 йилнинг 28 октябрида шу масала бўйича махсус Фармон қабул қилган эдилар.

Ушбу Фармонда кейинги вақтларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда мамлакатимизнинг кўп жойларида шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик кабиларга йўл қўйилаётгани кўрсатилиб, бундай ҳолатларни тугатиш юзасидан қатор топшириқлар берилган эди.

Шундан кейин, 2010 йилнинг 6 январида туманимиз ҳокимининг “Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй, маърака, оилавий тадбирлар ва бошқа маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Ўтган давр мобайнида Президент Фармони ва туман ҳокими фармойиши ижросини таъминлаш юзасидан туманимизда бир қанча ишлар амалга оширилди. Бу ишларга бутун жамоатчилик аралашди. Тўй-маъракаларимизни тартибга келтиришда маҳалла, шаҳарча ва овул фуқаролар йиғинларининг ҳам роли катта бўлди.

Тўйларни ўтказиш анча вақтгача туман ҳокимининг фармойишида белгиланган “йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига риоя этиш мақсадида никоҳ тўйларида куёв ва келин тарафидан иккитадан (жами 4 та) енгил автомашинадан ортиқ бошқа автотранспорт воситаларини жалб қилмаслик ва тўйларда овоз кучайтиргич воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш, хонанда ва раққосаларга пул қистиришга ва ичкиликбозликка барҳам бериш каби талабларга қаттиқ риоя этилди. Аммо минг афсуски, бугунги кунда ўтказилаётган тўйларимизда дабдабабозлик, исрофгарчилик ва шу каби салбий ҳолатлар яна авжга чиқаяпти.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 3 август куни зиёлилар билан ўтказган учрашувида тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирди. Ҳақиқатан ҳам бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам кўпчилик ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Биз олдинлари “гулянка”лардаги машиналарнинг кўплиги, маст-аласт машина бошқаришлар, ёшларнинг қий-чув кўтариб юришларидан шикоят қилардик. Эндиликда бундай ҳолатларга қўшимча равишда янги одатлар ҳам пайдо бўлаяпти.

Бугунги кунда ёшларимиз томонидан ўтказилаётган “гулянка”ларда ҳали вояга етмаган қизларимиз ҳам иштирок этишаяпти. Уларнинг “гулянка”ларга чиқиши олдидан салонларда фалон минг сўм эвазига пардоз-андоз қилиб соатлаб ўтиришлари кишини ҳайратга солади. Шу ўринда мен бир нарсага ҳайрон қоламан. Уларнинг бундай ҳаракатларига ота-оналари нега жим қараб туришибди? Ёки улар бундай ҳолатлардан “қизим бўй етди” деб фахрланишармикан?

Тўйхоналарда овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш ҳалигача тартибга келтирилгани йўқ. Никоҳ тўйларимизнинг янгича урф-одатлар билан “бойиб” бораётгани кишини ҳайратга солади. Жумладан келин-куёвнинг вальсга тушиши, юрак шаклида шам ёқиш ва шуларга ўхшаш одатлар қаердан келаяпти?

Ижарага олиб кийиладиган европача фасондаги келин кўйлакларнинг зарари ҳақида туман газетасида бир қанча мақолалар ёритилган. Аммо нима учундир кўпчилик ёшларимиз бизнинг миллатимизга ёт бўлган зарарли одатларга ёки фасонларга ўч бўлишади?

Келин бўлмиш фалон сўмга бировлар кийиб ташлаган кўйлакни ижарага олиш ўрнига салгина пулга адрас олиб, ўзибоп келин кўйлак тиктириб кийса, қандай яхши бўларди. Яна бир муҳим томони ўша кўйлак унга тўй кунидан эсдалик бўлиб қоларди.

Биз – Ўзбекистон фуқаролари бугунги кунда фаровон ҳаёт эгаларимиз. Айни кунда биз учун барча имкониятлар эшиклари очиқ. Шундай экан, ўзимизнинг ҳалол меҳнатимиз, пешона теримиз билан топган даромадларимизни зарарли одатлар учун эмас, балки эртанги яхши кунимиз учун фойдалансак, ёшларни дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, ичкиликбозликка ва четдан кириб келаётган бачкана одатларга берилмаслик руҳида тарбиялаб борсак, албатта, бизнинг эртанги кунимиз янада яхши бўлади.

Биз ҳар доим тўйларимиз ҳақида гап кетганида “ёшларимиз ундоқ қилаяпти, ёшларимиз бундоқ қилаяпти”, деб улардан нолишни бошлаймиз. Тўғри, тўйларни ўтказиш пайтида ёшларимиз томонидан турли номаъқул ишлар қилинаяпти. Энг ачинарлиси, улар четдан кириб келаётган турли одат ва расм-русумларга берилиб кетишаяпти. Аммо шу ёшларнинг ота-оналари қаерга қарашаяпти? Нега улар ёшларнинг беўхшов ҳаракатларига жим қараб туришади?

Тўй бошида турган ота-она фарзандининг ҳар хил талаб ёки илтимосларига “хўп бўлади, болажоним!” дейиши нималарга олиб келиши ҳақида бир ўйлаб кўрсак яхши бўларди.

Сиз бунга нима дейсиз?

Фотима ДЎСИМБЕТОВА, “Бой овул” МФЙ диний маърифат ва

маънавий- ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Янгиликни бўлишинг: