"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

ЁШЛАPИМИЗ ВАТАНПАPВАP БЎЛИБ УЛҒАЙИШМОҚДА

Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир. Уни асраб-авайлашга, мамлакатимиз чегаралари дахлсизлигини, хавфсизлигини таъминлашга ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман. 25 йилдирки, Бобур номли овул фуқаролар йиғинида ҳарбий ҳисоб бўлими ходими сифатида фаолият юритиб, овул ёшларини ватанпарвар, юртимиз осойишталиги йўлида хизмат қилишга қодир ўғлонлар қилиб вояга етказишга қўлдан келганча ҳисса қўшиб келмоқдаман.

Шу мақсадда ҳар йили ҳудудимиздаги мактабларда муддатли ҳарбий хизматдан бўшаган аскарлар билан, фарзандлари армия сафида хизмат қилаётган ота-оналар билан учрашувлар ўтказамиз. Ҳарбий хизмат ёшларда мустаҳкам ирода, инсоний фазилатларни шакллантирадиган, жисмоний чиниқтирадиган ўзига хос мактаб эканлигини тушунтирамиз. Натижада ёшларимизда ҳарбий хизматга қизиқиш тобора ортмоқда.

Айни кунда овулимизда армия сафига чақирилиш ёшидаги йигитлар 450 нафардан зиёд. 34 нафар йигитлар муқобил хизматни адо этиш учун шай туришибди. Икки нафар йигит – Дониёр Ортиқов, Хуршид Жалоловлар муддатли ҳарбий хизматларини ниҳоясига етказиш арафасида.

Овулимиз ёшларининг ҳарбий хизмат бурчини ўташ учун кўнгилли бўлиб, туман Мудофаа бўлимига келаётганлигининг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Йигитларнинг баркамолликка эришувида ҳарбий хизматнинг ижобий таъсирини улар ўз ҳаётларида кўриб, шундай хулосага келишаётир. Чунки ўтган йилларда ҳарбий бурчини намунали адо этиб, имтиёзга эга бўлиб қайтган собиқ аскар Сарвар Йўлдошев Қорақалпоқ Давлат Университетига, Pавшанбек Ўрозбоев Фармацевтика институтига, Азамат Ортиқов Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кириб, аъло баҳоларга ўқимоқдалар. Ўтган йилнинг ўзида ўн нафардан зиёд йигитлар муқобил ҳарбий хизматни адо этишиб, туман Мудофаа ишлари бўлими тавсияномаси билан турли корхона-ташкилотларга ишга жойлашишди. Муддатли ҳарбий хизматини адо этиб келган Баҳриддин Ўрозимбетов, Зокир Ортиқов, Ойбек Олломбергеновлар эса ўз келажакларини ҳарбий соҳа билан боғлаб, шартнома асосида ҳарбий хизматни давом эттирмоқдалар.

Тошкентдаги Олий ҳарбий қўмондонлик билим юртининг охирги босқичида таҳсил олаётган Оймурод Бозорбоевнинг ҳар таътилга келиши овулимиз ёшлари учун чинакам байрамга айланади. Ёшларимизда Ватан ҳимояси учун дахлдорлик ҳиссини тарбиялашда унинг таъсиридан фойдаланиш учун учрашувларини ўтказаяпмиз.

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч. Ёшларимиз бу бурчни ҳис қилиб улғайишларига эришиш эса бизнинг энг улуғ мақсадимиздир.

Илҳом Ўрозбоев,

Бобур номли ОФЙ ҳарбий ҳисоб бўлими ходими.

Янгиликни бўлишинг: