"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

БИPИНЧИ ПPЕЗИДЕНТИМИЗ И.А.КАPИМОВ ҒОЯЛАPИГА САДОҚАТ ТУЙҒУЛАPИ УФУPГАН ИНШОЛАP

Амударё академик лицейида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримов таваллуди кунига бағишланган “Менинг биринчи Президентим” деб номланган иншолар танлови ўтказилди. Аввал гуруҳларда, сўнгра гуруҳлараро бўлиб ўтган мазкур танловда 30 нафар ўқувчи академик лицей ғолиблиги учун ўз билимларини синовдан ўтказишди.

Фикрлар, дунёқарашлар, адабий-бадиий етуклик синовида уч нафар ўқувчи – 308-гуруҳ ўқувчиси Шоҳиста Шомуродова, 206-гуруҳ ўқувчиси Севара Исмоилова, 102-гуруҳ ўқувчиси Севара Халиевалар ғолибликни қўлга киритишди.

Танлов ғолиблари ёзган иншолар билан танишарканмиз, уларнинг Ислом Каримов шахси билан нафақат қизиқишлари, балки Ўзбекистон халқининг азиз фарзанди, буюк давлат барпо этган донишманд инсон, илм ва заковатда тенгсиз давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов билан фахрланиш туйғуси бугунги ёшларга куч-қудрат бахш этишини, келажакка ишонч уйғотишини ҳис этдик.

“ – Ўзбекистоннинг барча ёшлари менинг фарзандларимдир, – дер эдилар доим Ислом Каримов, – деб ёзади Шоҳиста Шомуродова ўз иншоси хулосасида. – Ислом Кармиов то сўнгги нафасигача ёшларни қўллаб-қувватлашдан, уларнинг ўқиш, иш, яшаш шароитларини яхшилашдан асло чарчамадилар. Ҳатто 2008 йилни “Ёшлар йили” деб эълон қилдилар. “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт”, – деб ҳар куни такрорладилар. Биз ёшлар Биринчи Президентимизнинг ишончини албатта оқлаймиз!”

***

Севара Исмоилованинг фикрлари янада теран, ўзига хослиги билан ажралиб туради. Буни Севара ёзган иншонинг муқаддимасиданоқ сезиш мумкин.

“Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.А.Каримов шу миллат, шу азиз Ватан учун ўз жонини тикди, ўзбек халқининг келажагини ўйлаб қилган эзгу ишларининг саноғи беҳисобдир”.

Бу борадаги фикрларини Севара аниқ мисоллар орқали далиллайди. Билими саёз ички душманлар қаршисида кўксини қалқон қилган Ислом Каримовнинг жасоратини “мислсиз, метин ирода кучининг маҳсули”, деб таърифлайди. Бу жасоратли инсонга нисбатан юрагида чуқур ҳурмат ва эҳтиром сақлаган Севара Исмоилова ўз фикрларини “Ислом Каримовнинг барча эзгу ишлари авлодлар хотирасидан ҳеч қачон ўчмайди, балки бу азиз ном миллат, она Ватан номи билан мангу яшайверади” – дея якунлайди.

***

Севара Халиева иншоси билан танишиб, бу қизимизнинг Ислом Каримов асарларининг яхшигина билимдони эканлигидан қувондик. Севарахон Ислом Каримовнинг ҳар бир асарининг Ўзбекистон халқи ҳаётида, айниқса, дунё сиёсатдонлари орасида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида мантиқий фикрлар билдира олган ва тенгдошларидан фарқли ўлароқ таҳлилий хулосаларга бой иншо ижод этган. Назаримизда, бу масалада иншолар муаллифларининг нечанчи ўринга лойиқ кўрилиши эмас, балки мазмун ва моҳиятан фикр илғорлиги муҳим. Биринчи Президент асарлари мазмуни билан бу инсоннинг давлат раҳбари сифатидаги фаолияти омухталигини Севара узвийлик асосида очиб берган. Айниқса, Биринчи Президентимиз илгари сурган ғоялар ва бу ғояларнинг ўзбек халқи ҳаётидаги инъикоси жуда чиройли ёритилган Севара Халиеванинг хулосаси ҳам содда, чиройли:

“Мустақил давлат бўлишимиз, тараққий этишимиз, жаҳонга юз тутишимиз учун бор куч-ғайратини аямаган Биринчи Президентимизга муносиб издош бўламиз!”

 

Таҳририят.

Янгиликни бўлишинг: