"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9395.63 +10.43
  • 1 EUR = 10360.6 +63.20
  • 1 RUB = 142.96 +1.39

Ислом Каримов – том маънода Ўзбекистон халқининг отаси эди (+видео)

 

Буюк инсонларнинг хотираси ҳам буюкдир. Асрлар давомида халқимиз қалбида хотираси ўчмас бўлиб муҳрланиб қолган улуғ аждодларимиз номларини тилга олганимизда бутун вужудимиз фахр-у ифтихор туйғусидан яшнаб кетади. Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур... Бу рўйхат жуда узун. Бу рўйхатни тўлалигича бутун жаҳон билади, ҳавас қилади. Кимга? Ўзбек халқига, Ўзбекистонга!

1938 йилнинг 30 январь санасида ўзбекнинг яна бир бўлғуси буюк фарзанди дунёга келди: Ислом Каримов!

Кўҳна ва навқирон Самарқанднинг бой тарихий обидалари ичида болалик туйғулари билан ўзи туғилиб ўсган азиз тупроққа меҳри чандон ошган, ақл-идроки туйғун Ислом Каримов умумтаълим мактабидаги таҳсил давридаёқ ўткир зеҳни, ўзига хос қобилияти, фидойилиги билан устоз ва синфдошларининг ҳурмат-эътиборини қозонди. “У бирор ишни бугун қилиши керак бўлса, зинҳор эртага қолдирмас эди, – дея хотирлайди И.Каримовнинг синфдош дўсти, тарих фанлари доктори Шамсиддин Шаропов. – Ислом жуда меҳнаткаш ва катта қобилият эгаси эди”.

Бўлғуси Ўзбекистон раҳбарининг ана шу фазилатлари уни билимдон мутхассис, кучли ва жасоратли шахс сифатида шакллантирди. Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент халқ хўжалиги институтларини муваффақиятли тугатиб муҳандис-техник ва иқтисодчи мутахассисликларини эгаллади. Ўз фаолияти давомида бутун умрини халқ хизматига бағишлади. Қаерда вазият оғир бўлса, ўша ерда ҳозир-у нозир бўлди. 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтган биринчи умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти этиб сайланди. То сайловгача....

Эҳ-ҳе, умумхалқ сайловигача Ислом Каримов неча-неча сиёсий бўҳронларга кўксини қалқон қилди. Собиқ иттифоқ ҳудудидаги ўн бешта республика раҳбарлари ичида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилди.

Ўшанда, 1991 йилнинг 1 сентябрида биз Ўзбекистоннинг навқирон ёшлари эдик. Дунё цивилизациясига жуда катта ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз номларини тилга олишдан мосуво, қолиплаштирилган, тўғрироғи, Москва томонидан тузилиб, тасдиқланган ўқув дастурлари таҳсилини олган, ўзбек деган буюк миллатнинг ҳақиқий тарихи ҳақида жуда кам тасаввурга эга авлод эдик. Шу кундан бошлаб нафақат тасаввурлар, балки ҳаёт ўзгарди. Одамлар эркини бўғиб, уларда ижодкорлик, бунёдкорлик, интилувчанлик фазилатлари ривожланишига метин тўсиқ қўйиб келаётган мустабидлик, маъмурий-буйруқбозлик занжирлари узилди. Тилимиз, динимиз, муқаддас қадриятларимиз қайта тикланди. Ислом Каримов бошчилигида улуғ аждодларимиз руҳи макон топган жойлар обод қилинди. “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун!” тамойилига асосланган тараққиётнинг ўзига хос “Ўзбек модели” мамлакатни жаҳон иқтисодий инқирозидан муваффақиятли олиб чиқди.

Бутун дунёда, айниқса, собиқ СССP ҳудудида иқтисодий инқирозлар тобора чуқурлашиб, бозор иқтисодига ўтиш даври қийинчиликларидан оддий халқ жабр чеккан йилларни жуда яхши эслайман. Айниқса, оғир дамларда Ўзбекистонда 2,5 миллион оилага 700 минг гектар суғориладиган ҳосилдор ер томорқа сифатида берилди. Ўзбекистон пахтачилиги соҳасида биринчи марта пахта етиштириш режаси 700 минг тоннага камайтирилди. Бу – ўзбек деҳқони ҳаётидаги оламшумул ўзгариш бўлди ва пахта яккаҳокимлигига кескин чек қўйилди. Аҳоли томорқасини, фермерлик ҳаракатини, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган ҳукумат қарорлари халқ ҳаётини яшнатиб юборди, турмуш тарзини янги поғонага кўтарди.

Халқимиз ана шундай рўшноликка етгунча элим, юртим, деб ёниб яшади.

– Ўзимнинг болаларим! – деб қучоқ очиб, сўнмас меҳр берди у Ўзбекистон болаларига!

– Оналар, энг аввало аёл-қизларимиз соғлом, ўқимишли, фарзандларимиз баркамол бўлсинлар! – дея Ўзбекистон оналари ва болалари учун жаҳон андозаларига мос шарт-шароит яратишга хизмат қилувчи Қонунлар, қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқди, имзолади, ҳаётга татбиқ этди.

– Ўзбекистон ёшлари, халқи ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмайди! – Дунё минбарларидан дадил айтди Ислом Каримов. Ва бу жуда қисқа вақт ичида амалий исботини топди. Мустақиллик фарзандлари ўзбек халқини дунёга танитди. Спортда, санъатда, ижодда, бунёдкорлик, илм-фанда юксак натижаларга эришилди.

– Тинчлик учун курашмоқ керак, бизга тинчлик ва омонлик керак! – Энг нуфузли халқаро анжуманларда янгради Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти И.Каримовнинг бу сўзлари! У бутун онгли ҳаётини миллатлараро тотувлик, дўстлик ва тинчлик ришталарини мустаҳкамлашга бағишлади. Пировардида, бунга эришди! Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги тинч ва фаровон, барча соҳалари тараққиётга юз тутган, И.Каримов таъбири билан айтганда “келажаги буюк” давлатга айланди.

Бундай тўкислик, тинчлик ва осойишталик ўз-ўзидан бўлгани йўқ. То бу дориломон кунларга етгунча Ислом Каримов кўплаб хунрезликлар, хоинликларга, ёвузликларга кўксини қалқон қилиб чиқди. Гоҳ Тошкентда, гоҳ Фарғонада, Андижонда... Наманганда ва Сурхондарёда бош кўтариб чиққан мустақиллик душманлари олдига шахсан ўзи, ҳеч қандай қуролсиз, қўриқчисиз, жасорат билан кириб борди. Неча марталаб биродаркушликнинг, ички низоларнинг олдини олди. Бутун вужуди билан Ўзбекистонда яшайдиган 130 дан ортиқ миллат вакилларини “Халқим!” деб севди. То сўнгги нафасигача Ўзбекистон халқига муносиб фарзанд, адолатли ва фидойи раҳбар бўлиб яшади. У ўзининг барча эзгу ишлари, пухта ўйланган, келажакни кўзлаб олиб борган ички ва ташқи сиёсати билан ўз халқининг қалбига абадий муҳрланди. Зотан, И.Каримов ўз авлодларига озод ва обод Ватан қолдирди!

Мамлакатимизнинг ҳозирги раҳбари, И.А.Каримовнинг садоқатли шогирди, Биринчи Президентимиз бошлаб кетган барча эзгу ишларнинг изчил давомчиси Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ҳар йили 30 январь куни халқимиз томонидан Биринчи Президент хотираси куни сифатида кенг нишонланади.

Ўқув муассасаларида, идора ва ташкилотларда, маҳаллаларда аллақачон бошланиб кетган Ислом Каримовни хотирлаш кечаларида халқимиз Ўзбекистонни келажаги буюк йўлга олиб чиққан буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг ортида қолган озод ва обод Ватан – Ўзбекистон тараққиётидан, бетимсол имконларидан сўз очиб, ана шундай жаннатмакон юрт яратган инсонни миннатдорчилик билан ёдга олишаётир. Зеро, буюк инсонларнинг ўзи каби эзгу ишлари ҳам, хотираси ҳам буюкдир.

Pобия Йўлдошева.

 

Янгиликни бўлишинг: