"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

Оила – энг фаровон манзил

Фаровонлик манзили. Инсонни бу манзилга элтувчи омиллар кўп: иштиёқ, орзу, ишонч, меҳнатсеварлик... Аввал дилда иштиёқ уйғонади, сўнг орзу, инсоннинг ўзи қилаётган ишига нисбатан ишончи ортади. Ана шу ишонч унинг истеъдодини тарбиялайди. Истеъдод эса ҳеч ким кўра олмаган гўзалликларни кўра олади. Истеъдод йўлининг сон-саноқсиз сўқмоқларида тобланган инсон ўз турмуш тарзини ўзгартиришга, янгилашга қодир.

Менинг бугунги қаҳрамоним, олий тоифали шифокор, тадбиркор, фаровон ва обод, бахтиёр оила соҳиби “IFTIXOR DENT” хусусий стоматология клиникаси бошлиғи Адилбой Юсупов нафақат ўзининг тенгқурлари ва касбдошлари, балки туманимиз аҳли орасида фидойилиги, меҳнатсеварлиги, алоҳида истеъдоди билан обрў-эътибор қозонган, ўз ҳаётининг фаровонлик манзилини ҳалол меҳнати эвазига обод этган инсонлардан.

“Тўлқин” овулида, хизматчи оиласида дунёга келган Адилбой овулдаги 33-сонли умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатди.

Икки йиллик Армия хизматидан сўнг, отаси орзу қилганидай шифокор бўлиш мақсадида 1984 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтининг стоматология факультетига ўқишга кирди. Кейинчалик Pоссиянинг Бологое шаҳридаги тиббиёт клиникаларида интернатура босқичини ўтади.

Нукус шаҳар стоматология поликлиникасида терапевт-стоматолог сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлаган Адилбой Юсупов 1992 йилда ўзи туғилиб ўсган Амударёга қайтди. 6 йил давомида туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги стоматология поликлиникасида ишлади. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, тобора ривожланиб бораётган жаҳон стоматологияси Адилбойни замон билан ҳамнафас яшашга ундади. У туманда биринчи бўлиб 2009 йилда ўз хусусий стоматология клиникасига асос солди. Манғит шаҳрининг Бердақ номидаги кўчаси бўйида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида, биринчи қаватда, торгина хоналарда ўз фаолиятини бошлаган бу хусусий клиника жуда қисқа фурсатда минглаб инсонларнинг севимли шифо масканига айланди.

Маҳоратли тадбиркор мижозлар учун яна қулай шароитлар яратиш мақсадида 2011 йилда стоматология клиникасининг замонавий талабларга мос 3 қаватли янги биносини қурдирди ва “IFTIXOR DENT” хусусий стоматология клиникаси тамоман янги шароитда ўз фаолиятини давом эттирди. Клиника ўша йили 8 та замонавий стоматология анжомлари билан жиҳозланди.

Лизинг эвазига 136 млн. сўмлик УЗИ-4D замонавий диагностика жиҳозини олиб, Нукус шаҳрида “IFTIXOR DENT” хусусий клиникасининг филиалини очди ва 7 нафар олий тоифали шифокор ва 13 нафар ўрта тиббиёт ходимлари иш билан таъминланди.

А.Юсупов 2012 йилда Финландия компаниясининг таклифига биноан Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтган “Цифровое Совершенства” форумида иштирок этиб, дунё стоматологиясининг энг сўнгги янгиликлари билан танишди. Шунингдек, Германия, Франция давлатларида, Швециянинг Стокгольм шаҳарларидаги нуфузли стоматология клиникалари шифокорларидан иш ўрганди.

Меҳнатларининг меваси сифатида “IFTIXOR DENT” стоматология клиникаси раҳбари Адилбой Юсупов 2015 йилда Нодавлат тиббиёт муассасалари ўртасида бўлиб ўтган танловда “Энг яхши нодавлат клиника раҳбари” номинацияси ғолиби деб топилди ва Ўзбекистон Pеспубликасида фахрли 2-ўрин соҳиби бўлди.

Эришилган бу ютуқ Адилбой Юсуповнинг тадбиркорлик соҳасида яна бир йўналиш очиши учун туртки бўлди. 2016 йилда у янги УЗИ-4D ташҳис аппаратини лизингга олди ва клиниканинг яна битта филиалини очди. Умр йўлдоши Замирахон Усмонова раҳбарлигидаги мазкур филиалда замонавий ташҳис қўйиш, гинекология ва терапия хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Адилбой Юсупов жамоат ишларида ҳам фаол. У халқ депутатлари туман Кенгаши депутати сифатида тез-тез сайловчилари билан учрашиб, улар ҳаётига оид муаммолар ечими билан шуғулланади. Халқ депутатлари туман Кенгаши маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича доимий комиссия раиси ўринбосари, ЎзМТДП туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзоси ҳамдир.

Оилада эса меҳрибон ва фидойи оила бошлиғи. Умр йўлдоши Замирахон Усмонова билан 5 нафар ўғил-қизни ақлли, билимдон қилиб тарбияламоқда. Қизлари Дилнозахон билан Умидахон ота касбини танлаган. Улар айни пайтда тиббиёт институтининг стоматология факультетида таҳсил олишмоқда. Гулнозахон эса Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти талабаси. Яна бир қизи ва ўғли 55-сонли мактабнинг аълочи ўқувчилари.

Ҳаётининг асосий қисмини азиз элдошларига хизмат қилишга бахш этиб яшаётган Адилбой Юсупов ана шу элнинг, халқнинг бир бўлаги, ўз меҳнати, фидойилиги билан эл-юрт эътиборини қозонган, ана шу ҳурмат ва эътибор оғушида ўзининг фаровонлик манзилини яратган Аму элининг бир фидойи ўғлони.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: