"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

ЕP – ОЛТИН ХАЗИНА

Бизнинг ота-боболаримиз ҳам деҳқон бўлишган, умр бўйи ер билан тиллашган, ерни ишлаб зироатчилик қилган, барча емиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ердан ундирилган, бутун ҳаётлари ер билан боғланиб кетган. Омборлари дон-дунга, қовун-тарвузга, кади-қовоққа, қўралари молга тўлган. Шу боис, улар уч ой қовуним, уч ой соғиним, уч ой қовоғим, уч ой чавоғим, дея ўз турмуш тарзларини ифодалашган.

Отага қараб ўғил ўсар, онага қараб қиз ўсар, деганларидек мен ҳам ер ишлаш ва экин экишни раҳматлик отам Гулмон уйчидан ўргандим. У уқтириб айтардики, "Ерни хор тутма, хор бўласан”, "Ерни тўйдирсанг, у сени тўйдиради”, "Бутун элни ер боқади”, "Еринг текис бўлса, ҳосили тўкис бўлади”, "Эрта эксанг, эрта ўрасан”. Албатта бу нақл ва иборалар бобо деҳқонларимизнинг бир неча минг йиллик ҳаётий тажрибаларидан келиб чиққан бўлиб, барча деҳқонларимиз бунга амал қилишади.

Гарчанд, асосий касбим юк машинаси ҳайдовчиси бўлса-да деҳқончиликдан ҳеч қачон қўл узмадим. Отам васиятларига амал қилиб, томорқа еримиздан унумли фойдаланиб келмоқдамиз. Мустақилликка эришиш арафасида муҳтарам Президентимиз И.А.Каримов томонидан чиқарилган қарор бўйича қишлоқ аҳолисига қўшимча экин майдонлари ажратилди. Кейин бу ерлар халқ орасида "Президент ери” деб аталиб кетди. Қишлоқ аҳолиси учун қўшимча экин майдонларининг берилиши натижасида биринчи навбатда аҳоли турмушининг, бутун қишлоқ ҳаётининг яхшиланишига мислсиз катта ёрдам бўлди. Кузги буғдой экишни ўрганиб, хирмонлари ғаллага тўлди. Деҳқонлар ер билан янада мустаҳкам боғланиб, томорқа ерларига сабзавот ва полиз экинлари экиб, озиқ-овқат масалаларини ўзлари ҳал қилиб, талаб-эҳтиёжларидан ортиб қоладиганларини бозорга чиқариб, шаҳар аҳолисининг озиқ-овқат таъминотини яхшилашга хизмат қилмоқдалар.

Мустақиллик йилларида ғалла мустақиллигига эришилганлиги мамлакат ҳаётидаги туб бурилиш бўлди. Мана, ўтган 2012 йилда Ўзбекистон ғалла хирмони 7 млн. 170 минг тонна бўлган бўлса, жорий 2013 йилда 7 млн. 610 минг тонналик "қирмизи дон” хирмонлари уюлди. Бу албатта, ризқ-у рўзимиз мўллигидан дарак бериб, тўкин-сочинлик тимсолига айланмоқда.

Кейинги йилларда янги боғ-роғлар барпо қилишга эътибор кучайди. Қишлоқларимиздаги ҳар бир хонадон ҳовлисида ўзига хос кичик оилавий мевали боғни кўриб, кўзингиз қувонади. Бизнинг ҳовлимизда ҳам мевали дарахтлар ўстирилиб, дастурхонимиз турли мева-чевалар билан тўлиб турибди.

Ҳа, ҳамқишлоқларимиз томорқа ерлардан унумли фойдаланишга эришмоқда. Тадбиркор деҳқонларимиз кичик иссиқхоналарда эрта сабзавот экинлари кўчатлари етиштиришмоқда.

Мустабид тузум даврида фақат пахта деб яшаган қишлоқ аҳолиси истиқлол йилларида ўз ерига бек бўлди, томорқасини улкан даромад манбаига айлантирди ва роҳатини ҳам кўраяпти.


Бекчон ГУЛМОНОВ,

меҳнат фахрийси, "Тўлқин” овулидаги тадбиркор деҳқон.

(Фото - http://uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: