"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

“БИЗНИНГ САВДО PАСТАЛАPИМИЗДА СИФАТСИЗ ГЎШТ СОТИЛМАЙДИ”

Ҳар қандай мамлакат ижтимоий ҳаётида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлан талабини қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш халқ фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили саналади.

Давлатмиз мустақилликка эришган илк кунлариданоқ ушбу соҳага қаратилган улкан эътибори, қишлоқ хўжалигида олиб борилган ислоҳотларнинг самараси бугун ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда. Яъни аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларимизда нарх-навонинг барқарорлигини сақлашдек муҳим ижтимоий масала ҳал этилмоқда.

Айни кунларда юртимизнинг, туманимизнинг бозорларига борган киши худди ёз пишиқлиги давридагидек хоҳлаган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини, сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини саралаб олиш имконига эга, тўкинлик, маъмурликка беихтиёр шукрона айтади, шу тотли неъматларни бунёдга келтираётган инсонларни дуо қилади.

Халқимизнинг ҳалол ризқи сотилаётган шундай пештахталардан баъзи нобакор инсонларнинг шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш ҳолатлари ҳам содир бўлаётганлигидан оммавий ахборот воситалари орқали хабардор бўлган туманимиз аҳолиси орасида ҳам турли фикр-мулоҳазалар уйғонаётганидан кўз юмолмаймиз. Бу ердан гап “Шаршара” колбаса цехида эшак гўштини мол гўштига аралаштириб, маҳсулот тайёрлаш ҳолати, Тошкент шаҳри бозорларига уюшган жиноий гуруҳнинг ҳар ойда 5 тоннадан 15 тоннагача ўлимтик ва касалланган моллар гўштига ишлов бериб савдога чиқариб келгани ҳақида бораяпти.

Шуларни эътиборга олиб, бу борадаги туманимиздаги аҳвол билан газетхонларни таништириш мақсадида туман Ветеринария бўлими бошлиғи Pустам Худоёровни суҳбатга чорладик:

- Туман Ветеринария бўлими томонидан аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида асосан туманимизда йирик шохли моллар гўшт учун сўйилмоқда. Сўйиладиган моллар одам ва ҳайвонлар учун хос бўлган касалликларга қарши сўйишдан олдин ветеринария кўригидан ўтказилади, яъни бунинг учун сўйиладиган қорамолларнинг қони олиниб, бруцеллёз касаллигига текширилади. Ундан кейин сўйиладиган қорамолларнинг ветеринария мутахассислари томонидан тана ҳарорати ўлчанади. Урғочи қорамолларнинг бўғоз-қисирлиги аниқланади ва ижобий натижа олингандан кейин махсус кушхона ёки сўйиш майдончасида сўйишга рухсат этилади. Махсус кушхона ёки сўйиш майдончасида сўйилгандан кейин ветеринария мутахассислари томонидан қорамолнинг ички органлари ветеринария кўригидан ўтказилади. Бунда талоқ, жигар, қорамол калласи ва мускулли гўштларда текширишлар ўтказилади. Бу вақтда органларда ўзгариш бўлмаса, гўшт тамғаланиб, сотиш учун ветеранария шифокори томонидан маълумотнома берилади. Агарда юқорида кўрсатилган органларда ўзгаришлар бўлса, гўшт қайта текширишдан ўтказилади ва яроқсиз деб топилган гўшт йўқ қилиб ташланади.

Гўшт сотиш дўконлари 2 та хонадан иборат, яъни сотиш ва нимталаш хоналари бор. Гўшт сотиш дўкони ветеринария-санитария талабларига жавоб бериши назорат қилиб борилади. Бунинг учун гўшт дўкони тоза бўлиши, қўл ювиш ускунаси бўлиши, сотувчи ва ходимлар тиббиёт кўригидан ўтган бўлиши ҳамда махсус кийимда бўлиши керак.

Туманимизда қишлоқ хўжалик ҳайвонларини одам ва ҳайвонлар учун хос бўлган касалликлардан ҳимоя қилиш учун Қорақалпоғистон Pеспубликаси Ветеринария Қўмитаси томонидан белгилаб берилган режа асосида ветеринария тадбирлари олиб борилмоқда. Асосан ўтган 2017-йил давомида 34640 бош қорамол ўта хавфли касалликлар ҳисобланган бруецллёз касаллигига серологик текширилди. 21400 бош қорамол туберкуллёз касаллигига аллергик текширилди, қутуриш касаллигига профилактик эмлаш 10620 бош қорамолда, оқсил касаллигига профилактик эмлаш 53206 бош қорамолда, куйдирги касаллигига профилактик эмлаш 125998 бош қорамолда, қорасон касаллигига профилактик эмлаш 14850 бош қорамолда ўтказилди ва бундан ташқари юқумли касалликларга қарши диагностик, капрологик текширишлар ўтказилди.

Туман ветеринария бўлими томонидан олиб борилаётган ветеринария тадбирларининг самарадорлиги сабабли ҳудудимизда қишлок хўжалиги ва уй ҳайвонлари орасида юқумли касалликлар қайд қилинмади. Бундан кейин ҳам ветеринария мутахасислари томонидан белгиланган режа асосида ишлар олиб борилади ва бозорларимиз расталарида сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотилишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

 

P.ХУДАЯPОВ, Ветеринария бўлими бошлиғи.

Ойгул Pажабова ёзиб олди.

Янгиликни бўлишинг: