"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

Ичимлик сувимиз тозами?

Савол: -Биз водопровод сувидан истеъмол қиламиз. Истеъмол қилаётган ичимлик сувимиз тозами? Водопровод суви қандай зарарсизлантирилади?

Жавоб: - Сув-оби ҳаёт, усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Сув инсон ва ҳайвонлар, ўсимликлар дунёси, хуллас бутун борлиқ учун зарур бўлган табиатнинг инъоми. Сув –табиатдаги энг оддий қўшилма бўлиб, икки атом ҳидроген, бир атом оксигендан иборат.

Инсон сиҳат-саломатлигини сақлашда сувнинг аҳамияти жуда катта. Организмдаги физиологик ва моддалар алмашиш жараёнларида актив қатнашади. Маълумки одам танасининг 65 фоизини сув ташкил қилади. Организмда 6-8 фоиз сув йўқотилса ҳарорат кўтарилади, тери қизариб юрак уриши , нафас олиш тезлашади, мускуллар чарчайди, бош айланади. 10 фоиз миқдорда сув йўқотиш организмни оғир ҳолатга тушириб қўяди, 15-20 фоиз сув йўқотиш ўлимга олиб бориши мумкин. Сув катта иссиқлик ҳажмига эга, организмдаги биокимёвий жараёнларнинг ҳаммаси, модда алмашиниш жараёнлари сувнинг иштирокида ўтади. Сувнинг яна бир хусусиятларидан бири, ҳужайраларнинг цитоплазмасини ва тўқималараро суюқликларини паст ҳароратда, уларни музлаб қолишдан асраб қолиш эҳтимоли бор. Ичимлик суви ҳеч қандай тўйимли хусусиятга эга бўлмасада у организмдаги ҳамма ҳаётий жараёнларни таъминлайди, овқат ҳазм қилишда, моддалар алмашинишида, тўқима синтезида қатнашади.

Ичимлик сувининг кўп қиррали хоссалари ва таркибий қисми аҳолининг соғлигига, гигиеник мақсадлар учун, озиқ-овқатлар тайёрлаш учун фойдаланганда хавфсиз, зарарсиз бўлмоғи шарт. Аҳолининг коммунал хизмати учун анчагина чучук сув сарфланади. Масалан, кундалик организмнинг физиологик талаби 2,5-3 литрга, ҳаво ҳарорати кўтарилганда 3-4 литрга, жисмоний меҳнат ҳаво ҳарорати кўтарилганда бажарилса, сув истеъмоли 6-8, гоҳо 10 литрга етиши мумкин. Тананинг тозалигини сақлаш учун кунда жон бошига 30-40 литр, уй хоналарининг тозалигини сақлаш учун 10-15 литр, ҳожатхона учун (канализацияли уйларда) 18-25 литр, дарахтларни суғоришга 32-35 литр сув сарфланади. Жами сув сарфи 1 киши учун 130-140 литр, катта шаҳарларда эса 350-600 литр сув сарфи кузатилади. Ҳар бир инсон 70 ёшга кирганига қадар 64-77 м3 сувни истеъмол қилар экан.

Бу – сув ва сувдан фойдаланиш ҳақидаги тушунчалар эди. Энди мен юқоридаги саволга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Марказлашган водопровод суви билан таъминлаш мақсадида кўпинча очиқ юза сув ҳавзаларидан фойдаланилади. Бизнинг туманимизда ҳам водопровод суви манбаи Манғит арна канали ҳисобланади. Очиқ сув ҳавзаларидан олинадиган сув аҳолига тоза ҳолатда етиб бориши учун уларнинг сифати турли усуллар билан яхшиланади. Улар тиндирилади, кўзга кўринмас осилмалардан тозаланади. Манғит арна каналидан сув насос ёрдамида туман сув тармоқлари филиали ҳудудидаги махсус тиндиргичларга ҳайдаб берилади. Тиндиргичлар 3та бўлиб, сув таркибидан осиғлиқ моддалар йўқотилиб тиндирилади. Тиндиргичларда тиндирилган сув махсус берк ҳовуз-резервуарларга тушади. Pезервуарлардаги сувни юқумли касалликлар чақирувчи микроб ва вируслардан тозалаш учун сувга махсус дезинфекция моддалари қўшилади. Дезинфекция моддалари сифатида суюқ хлордан фойдаланилади. Сувни тўла-тўкис зарарсиз ҳолатга келтириш учун сувдаги хлор миқдори етарли бўлиши зарур. Хлор сувга тушгач, фақат микроблар билан реакцияга киришмай, балки органик моддалар билан ҳам реакцияга киришади. Сувдаги бактерияларни ўлдиради ҳамда сувдаги моддаларнинг хлор билан тўйинишини таъминлайди. Зарарсизлантирилган сув таркибидаги хлор миқдори ҳар соатда текшириб турилади ва махсус журналга қайд қилиниб борилади. Сув синамалари туман сув тармоқлари филиалидаги кимёвий ва бактериологик лабораторияларга олиб бориб текширилади ва меъёрда ушлаб турилади, зарарсизлантирилган сув тармоққа узатилади. ДСЭНМ ходимлари томонидан график асосида водопровод тармоқларидан сув намуналари олиниб борилади. Олинган сув намуналари ДСЭНМ нинг санитария-гигиена ва бактериологик лабораторияларида текширилиб, натижалари мутахассислар томонидан тахлил қилиб борилади.

Саволга Амударё туман ДСЭНМнинг коммунал гигиена бўлими мудири Илҳом Юсупов жавоб берди.

Мақола “Жайхун садоси” интернет-радиоси таҳририятининг Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Саломатлик – туман бойлик” номли лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Янгиликни бўлишинг: