"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

Энг улуғ байрамга улуғвор режалар билан

Кун сайин энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ўзбекистон Pеспубликаси Мустақиллигининг 22 йиллиги тобора яқинлашмоқда. Халқимиз бу йил ҳам мамлакатимиз давлат мустақиллигини қўлга киритган кунни катта тантана, шоду хуррамлик билан кенг нишонлайди. Умуммиллий байрамимиз бўлган бу қутлуғ сана олдидан шу давр мобайнида босиб ўтган йўлимизни, юртимизда амалга оширилган катта бунёдкорлик ишларини сарҳисоб қилиб, олдимизда турган янги-янги марраларни яна бир марта ўзимизча тасаввур қилиб олишга одатланганмиз.

Мустақилликнинг илк йиллари билан бугунги кунларимизни солиштирар эканмиз, юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганига, барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши, ишга, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгариб, ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганига гувоҳ бўламиз.

Муҳтарам Президентимиз томонидан узоқни кўзлаб ҳаётга татбиқ этилаётган тараққиётнинг "ўзбек модели” ижтимоий-иқтисодий ўсиш суръатларини барқарор таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини изчил юксалтириш имконини бермоқда. Саноат салоҳиятини оширишга қаратилаётган эътибор, яратилган қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит, тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва преференциялар, қулай инвестициявий муҳит мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим омил бўлмоқда.

Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Амударё тумани иқтисодиётида ҳам барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, улкан ютуқ ва муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Бунинг тасдиғини туманимиз меҳнаткашлари эришаётган салмоқли натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Саноат салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 2013-2015 йилларда туманни комплекс ривожлантириш Дастури ишлаб чиқилиб, изчиллик билан амалга оширилмоқда. Ушбу Дастур доирасида саноат салоҳиятини 2013-2015 йилларда ривожлантириш инвестиция лойиҳалари дастури, мавжуд саноат корхоналарини тўлиқ қувватда ишлатиш, бўш турган бино ва иншоотларда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда тижорат банклари балансидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш асосида кам қувватли, иқтисодий ночор корхоналарни молиявий қўллаб қувватлаш Дастури, 2012-2016 йилларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш Дастури ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни, яъни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни ривожлантириш Дастурлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, фаолият юритаётган фермер хўжаликларини кўп тормоқли хўжаликларга айлантириш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.

Шу каби кенг кўламли ишлар натижасида «Asia silk» Вьетнам шўъба корхонаси, йилига 9600 жуфт пойабзал ва ойига 200 дона костюм-шим, йилига 335 тонна колбаса маҳсулотлари, мебель ва хўжалик қоғози ишлаб чиқарувчи корхоналар, лойиҳа қиймати 158,0 млн сўмлик сутни қайта ишлаш комплекси, Хитой технологияси асосида йилига 25 млн дона ғишт ишлаб чиқаришга мўлжалланган, лойиҳа қиймати 1 млрд 200 млн сўмга тенг бўлган «Қорақалпоққишлоққурилишсервис» корхонаси, замонавий совутгичли «сендвич» панелли мева-сабзавот сақлайдиган омборхоналар ишлаб турибди.

Шунингдек, Англиянинг «Welroy Technology LLP» компанияси билан биргаликда қиймати 29 млн АҚШ долларига тенг бўлган «Аmudaryotex» хорижий корхонаси, Ўзбекистон-Хитой-Pоссия ҳамкорлигидаги «Zhas metall production» хорижий қўшма корхонасининг металлни эритиш ва қайта ишлаш цехи қурилиши ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Умуман, 2013-2015 йилларда туманнинг саноат салоҳиятини ривожлантириш Дастурига асосан жами қиймати 32 млн 672,8 минг АҚШ доллари эквивалентидаги 20 та лойиҳалар амалга оширилиши ва 478 та янги иш ўринлари ташкил қилиниши белгилаб олинган ва бу лойиҳалар ишлаб чиқаришга жорий қилинмоқда.

Фахр билан айтиш мумкинки, туманимизда 2000 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Бугунги кунда туманда фаолият юритаётган корхоналарнинг 99,8 фоизи хусусий ва масъулияти чекланган жамият шаклига ўтган бўлиб, уларда жами иш билан банд аҳолининг 89,1 фоизи меҳнат қилмоқда.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича биргина 2013 йилда 380 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда ва бу бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда тадбиркорликка нафақат иқтисодиётни ривожлантириш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳам ҳал қилувчи куч сифатида эътибор қаратилмоқда. Pежалаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида аҳолининг бандлик даражаси тобора ошиб бормоқда. Жумладан, туманимизда жорий 2013 йилда 5231 та янги иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, 6 ой давомида режадаги 2616 та ўрнига 2651 та янги иш ўринлари яратилди ва ярим йиллик режа 101,3 фоизга бажарилди.

Тадбиркорлик хусусида гапирганда, истиқлол сабабли юртимизда янгидан йўлга қўйилган фермерлик ҳаракати албатта тилга олинади. Муҳтарам Юртбошимиз Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ташрифи чоғида шундай деган эди: «Ҳаммамизга маълумки, совет тузуми даврида хусусий мулк бўлмаган. Биз собиқ совет тузумининг асоратларидан фермерларга ер ажратиб, уларда мулкдорлик ҳиссини шакллантириш орқали халос бўла бошладик. Бугун фермерлар - мамлакатимизнинг устунига айланди. Устун эса таянч демакдир. Лекин фақат деҳқончилик ва чорвачилик билан фаровонликка эришиб бўлмайди. Фермерларнинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш лозим».

Бу борада қилинган амалий ишлар натижасида туманимизда фаолият юритаётган 278 та фермер хўжаликларидан 197 тасида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис, қайта ишлаш йўналишидаги қўшимча тармоқлар йўлга қўйилиб, фермер хўжаликларининг даромади ва уларда иш билан банд аҳоли сони ортиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта.

Фермерларимизнинг фидойиликлари туфайли туманимизда иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлмиш қишлоқ хўжалиги соҳасида катта натижаларга эришилмоқда. Бу йил ҳам туманимиз пиллакорлари 243,5 тонна пилла етиштириб, йилнинг дастлабки шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. Ғаллакорларимиз эса 2800 гектар майдонга экилган ғалланинг ҳар бир гектаридан ўртача 37-38 центнердан ҳосил олиб, 10 минг тоннадан ортиқ буғдой етиштирди, шундан 4605 тоннасини шартнома асосида қабул масканларига топширди.

Бу йил баҳор об-ҳавосининг ноқулай келганига қарамасдан, пахтакорларимиз кўп йиллик тажрибалари, билими, мутахассислар маслаҳати ва фидойилиги билан далалардан текис ниҳол олишга эришдилар. Бу йили фермерларимиз 16050 гектар пахта майдонларидан баракали ҳосил олиб, давлатга 33050 тонна пахта сотиш бўйича контрактация шартномаларини тузган бўлиб, айни кунларда йиғим-терим мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб, бу ютуқларни дунё жамоатчилиги эътироф этаётган бир пайтда, муҳтарам Президентимиз томонидан истиқлолнинг илк кунларидаёқ илгари сурилган «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун, унинг фаровон ҳаёти учун» деган олий тамойилнинг халқимиз ҳаётида бўй кўрсатаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ҳақиқатан ҳам, юртимизда қайси соҳа ислоҳ қилиниб, қандай янгиликка қўл урилмасин, унинг асосида инсон манфаати деган олий қадрият туради. Инсон омилига берилаётган бундай катта эътибор натижасида халқимизнинг турмуш даражаси кун сайин юксалиб, фаровонлиги ортиб бормоқда.

Президентимизнинг қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қарори асосида ҳар йили минглаб оилалар намунавий жойларда янгича ҳаёт бошламоқда. Бу йил туманимизда ҳам 70 та ана шундай уй-жойлар қурилмоқда.

Ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш мақсадида «Урганч шаҳри - Манғит шаҳри - Туркманистон Pеспубликаси чегараси» давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлининг 75,5 - 79,0 километроралиғида смета баҳоси 4,27 млрд сўм бўлган 3,5 километр йўлни реконструкция қилиш, жами 4,5 млрд сўмга яқин маблағ эвазига Манғит шаҳри ва қишлоқларда сув тармоқларини қуриш ишлари давом этмоқда.

Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёш авлод тарбияси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири қилиб белгиланди. 2012-2013 ўқув йилида туманимиздаги мавжуд 75 та умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган 3203 нафар йигит-қизлар таълимнинг кейинги босқичига - академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига йўл олдилар. Туманимиздаги 1 та академик лицей ва 7 та касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эса иш билан таъминлашнинг барча чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, 2013 йилда туманимизнинг Хитой овулида лойиҳа қиймати 2,9 миллиард сўм бўлган, 360 ўқувчи ўринга мўлжалланган Амударё транспорт касб-ҳунар коллежи, Қипчоқ овулида 150 ўқувчи ўринга мўлжалланган мусиқа мактаби, Манғит шаҳрида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қурилмоқда. «Баркамол авлод» болалар маркази, шунингдек бир қатор умумтаълим мактабларида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида фаровон келажакни таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. Ўтган 2012 йилда биргина туман марказий кўптармоқли поликлиникаси ва марказий шифохона бўлимлари биноларини капитал таъмирлаш учун давлат бюджетидан жами 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани, жорий йилда «Куюк кўпир» ва З.М.Бобур номли овулларда ҳар бири 50 қатновга мўлжалланган қишлоқ врачлик пунктлари қурилаётгани аҳоли саломатлигини янада яхшилаш борасидаги хайрли ишларнинг давоми бўлди.

Мамлакатимизда жорий 2013 йилга «Обод турмуш йили» деб ном берилди. Бунинг негизида, авваламбор, ҳар бир одам, ҳар бир оила, қолаверса, бутун халқимиз ҳаётига дахлдор вазифаларни амалга ошириш, тараққиётимизни жадаллаштириш, ҳаётимизни янада фаровон қилиш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган. Бизнинг юртимизда инсон азиз, инсон мўътабар. Шунинг учун инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдек энг устувор вазифа «Обод турмуш йили» Давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топган. Шу Дастур асосида қабул қилинган туман Дастурида жами 50 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ эвазига кенг кўламли ишларни амалга ошириш режалаштирилган ва бугунги кунда бу бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, ободлик - кўнгилдан бошланади. Шу маънода, бугун юртни обод этиш иштиёқи кўнгиллар, хонадонлар, қишлоқ ва овуллар, шаҳардан бошланиб, бутун мамлакатимиз миқёсида кенг қулоч ёзмоқда. Бугун қайси хонадонга кирманг, қайси овул ёки шаҳарда бўлманг, ҳар бир фуқаронинг аввало ўзи яшаётган, меҳнат қилаётган ҳудудни, қолаверса ўз маҳалласини, шаҳар ва қишлоғини обод масканга айлантиришга ҳисса қўшаётганига гувоҳ бўласиз. Муҳтарам Президентимизнинг шу йил 12 июндаги «Ўзбекистон Pеспубликаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилингач, бу ишлар янада қизғин тус олди.

Шу кунларда ҳар бир юртдошимиз сингари амударёликлар ҳам «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этган ҳолда ўтказиладиган мустақиллигимизнинг 22 йиллик байрамини муносиб кутиб олиш, қадр-қимматимиз, таянчимиз ва ифтихоримиз бўлган мустақил Ватанимизнинг ривожига ҳисса қўшишдек улкан мақсадларни кўзлаб, фидойилик билан меҳнат қилмоқдалар.

Бутун мамлакатимиз бўйлаб истиқлол шукуҳи кезиб юрган шундай файзли кунларда юртдошларимизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ватанимиз Мустақиллигининг 22 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, бунёдкор халқимиз омон, турмушимиз бундан ҳам обод бўлсин!

Pажаббой Йўлдошев,

туман ҳокими, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Янгиликни бўлишинг: