"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

Солиқ қонунчилигига 2018 йилдан киритилаётган янгиликлар

Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан 29 декабрда “Ўзбекистон Pеспубликасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги 3454-сонли қарори ва “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғри-сида” 454-сонли Қонуни қабул қилинди.

Қонун билан 3 та қонунларга (“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун, Бюджет ва Солиқ кодекслари), шу жумладан Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар, 2 та бўлим ва 1 та бобнинг номига таҳририй ўзгартиришлар киритилди ҳамда 2 та бўлим ва 1 та боб чиқариб ташланди. Шунга асосан:

I. 2018 йил 1 январдан солиқ қонунчилигида қуйидаги янгиликлар жорий этилмоқда:

1) Фойда ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириб, солиқ ставкаси амалдаги 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди ҳамда чегириладиган харажатлар таркиби кенгайтирилди. Доимий муассаса орқали фаолият юритадиган норезидентлар учун соф фойдадан 10 фоиз миқдорида солиқ бекор қилинди.

(Амалда фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8,0 фоиз, жами 15,5 фоизга тўғри келади. Норезидентлар фойда солиғидан ташқари соф фойдадан солиқ ҳам тўлар эдилар. Шунингдек, Солиқ кодексининг 147-моддасидаги 28 турдаги солиқ солиш базасидан чегирилмайдиган харажатлардан 10 тасини чегириш имкони берилмоқда).

2) Товар айланмадан давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бирлаштирилди ва умумий ставка 3,2 фоиз қилиб белгиланди.

3) Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича учинчи ва тўртинчи шкаладаги ставкалари 0,5 фоизга пасайтирилиб, 16,5 ва 22,5 фоиз қилиб белгиланди ҳамда фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган мажбурий бадал (ИНПС) суммаси 1 фоиздан 2 фоизга оширилди.

4) Ягона солиқ тўлови бўйича 2017 йилдаги солиқ ставкалари сақланиб қолинди ҳамда тайёрлов ташкилотлари фаолияти улгуржи савдога тенглаштирилди ва солиқ ставкаси товар айланмадан 4 фоиз миқдорида белгиланди.

(Амалда тайёрлов ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солиш объекти – реализация қилинган товарларнинг харид қиймати билан сотиш қиймати ўртасидаги фарқ сифатида ҳисоблаб чиқарилган ялпи даромад эди).

5) Эгалигида бир гектардан ошадиган ери бор бўлган ягона солиқ тўловини тўловчилар учун барча ер майдонидан ер солиғини тўлаш жорий этилди ва улар учун ягона солиқ тўловини уч карра ер солиғидан кам бўлмаган миқдорда тўлаш тартиби бекор қилинди.

6) Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ўртача 30 фоизга пасайтирилди ва тадбиркорлик субъектларини фаолият кўрсатаётган жойига қараб табақалаштириш кенгайтирилди.

(Масалан, аввал амалда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун қатъий белгиланган солиқ миқдори Тошкент шаҳри учун энг кам иш ҳақининг 10 баробари ва вилоятлар марказларида 6,5 баробари миқдорида белгиланган бўлса, 2018 йилда тегишлича 7 баробари ва 5 баробари миқдорида ҳамда юк ташиш хизматлари учун автомобилларнинг юк кўтариш тоннасига қараб, энг кам иш ҳақининг 2-4 баробар миқдорида белгиланган бўлса тегишлича 1,5-3,5 баробар қилиб белгиланмоқда, яъни ўртача 30 фоизга камаймоқда).

7) Акциз солиғи ставкалари республикада ишлаб чиқариладиган этил спиртига – 25 фоизга, табиий винога (этил спирти қўшилмаган) – 10 фоизга, бошқа турдаги винолар – 20 фоизга, коньяк – 27 фоизга, ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотлари – 25 фоизга, пиво - 20 фоизга, тамаки маҳсулотлари - 50 фоизга индексация қилинди.

8) Сув ва ердан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 15 фоизга ва ер солиғи ставкаси 15 фоизга индексация қилинди.

9) Солиқ кодексининг 6 та моддасига ўзгартириш киритилиб, юридик шахслар учун мол-мулк солиғи объектидан кўчар мулклар чиқарилди.

Бунинг ҳисобига тадбиркорлик субъектларининг 236 млрд.сўм маблағи тежалиши кутилмоқда.

(Амалда мол-мулк солиғи объектига кўчмас мулкдан ташқари, машина ва ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа кўчар тусдан асосий воситалар киради).

10) Бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ставкалари:

бензин ёқилғиси – 1 литр учун 232,5 сўм / 1 тоннага 308850 сўм;

дизель ёқилғиси – 1 литр учун 232,5 сўм / 1 тоннага 282500 сўм;

суюлтирилган газга – 1 литр учун 230 сўм, 1 тоннага 436000 сўм

сиқилган газга – 1 куб метр учун 305 сўм миқдорида белгиланди.

Бензин ва дизель ёқилғиси учун солиқ ставкаси 50 фоизга пасайтирилган, суюлтирилган газ учун 2017 йил ставкаси сақланиб қолинди ва сиқилган газ учун солиқ ставкаси 10 фоизга индексация қилинди.

11) Юк ташиш корхоналарига ҳар бир автомашинаси учун якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқдан кам бўлмаган миқдорда солиқларни тўлаш белгиланди.

Бунда юк ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналар томонидан жами тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар суммасининг битта транспорт воситаси бирлигига тўғри келадиган миқдори ушбу фаолият билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан кам бўлмаслиги лозим.

12) Алкоголли маҳсулотлар ва қимматбаҳо металлар, қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкалари жорий этилди.

(Амалда ушбу йиғим миқдори барча ҳудудлар учун бир хил қилиб белгиланган).

13) Солиқ кодексининг 3 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр қийматидан ҳисобланиши ҳамда солиқнинг асосий ставкаси кадастр қийматига нисбатан 0,2 фоиз (2017 йилда 1,7 фоиз эди) миқдорида ва солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 млн. сўмдан (2017 йилда 3 млн. сўм) кам бўлмаслиги белгиланди.

Кадастр қиймати мавжуд бўлмаганда солиқ ҳисоблаш учун Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида 210,0 млн.сўм (2017 йилда 20,3 млн.сўм) ҳамда бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90,0 млн.сўм (2017 йилда 8,8 млн.сўм) мол-мулкнинг шартли қиймати ўрнатилди.

Шу билан бирга солиқ юки 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматга асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги суммага нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди.

Бунда, Вазирлар Маҳкамасига жисмоний шахслар мол-мулкининг кадастр қийматини аниқлаш тартибини бир ой муддатдан тасдиқлаш топширилди.

14) Нотижорат ташкилотларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганда ишчилар сонидан қатъий назар ягона солиқ тўловини тўлашга рухсат берилди.

15) Уяли алоқа компанияларидан абонентлик рақамларидан фойдаланганлик учун олинадиган тўлов миқдори ҳар ойда 4000 сўм қилиб белгиланди.

16) Ягона ижтимоий тўловнинг (микрофирма ва кичик корхоналар, фермер хўжаликлари учун 15 фоиз ва бошқалар учун 25 фоиз) ҳамда фуқароларнинг суғурта бадаллари (8 фоиз) амалдаги ставкалари сақланиб қолинди.

17) Юридик шахслар учун ер солиғи бўйича ҳисоб-китобларини тақдим этиш муддати 10 январь қилиб ва тўлаш муддати ҳар ойнинг 10-кунига қадар йиллик сумманинг ўн иккидан бир қисми миқдорида амалга оширилиши белгиланди.

(Амалда ҳисоб-китоб 15 февралгача топширилар эди ва тўлаш ҳар чоракда амалга оширилар эди).

18) Юридик шахслар қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда кейинги ойнинг 10-кунидан (амалда 25-сана эди) ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ҳар ойнинг 10-кунидан (амалда 25-кунидан эди) кечиктирмай тўлаши белгиланди.

II. 2018 йил 1 апрелдан:

19) Маҳаллийлаштириш дастури бўйича солиқ имтиёзлари бекор қилинади.

20) Экспорт ҳажмининг улушига қараб фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича пасайтирилган ставкаларни қўллаш тартиби бекор қилинади.

21) Устав жамғармасига йўналтирилган дивиденд суммасига нисбатан солиқ имтиёзи бекор қилинади.

22) Якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун берилган ер участкалари бўйича – ер участкаси берилган ойдан кейинги ойдан эътиборан икки йил муддатга ер солиғидан озод этиш тарзидаги имтиёз бекор қилинади.

Юқоридагилардан ташқари, Ўзбекистон Pеспубликасининг 2017 йил 30 декабрда “Солиқ маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Pеспубликасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 455-сонли Қонуни қабул қилинди.

Қонун билан 5 та Қонунларга (Давлат солиқ хизмати тўғрисида, Банкротлик тўғрисида, Электрон тижорат тўғрисидаги қонунлар ҳамда Фуқаролик ва Солиқ кодекслари), шу жумладан Солиқ кодексининг 15 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда 7 та янги модда киритилди.

Хусусан, Кодекс ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ солишга доир жорий масалаларни ҳал қилишда ҳар томонлама кўмак бериш орқали улар ва солиқ органлари ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутадиган солиқ мониторинги жорий этилишини белгилаб берувчи янги Солиқ мониторинги боби билан тўлдирилди.

Солиқ кодексининг 70-моддасига киритилаётган ўзгартириш билан солиқ тўловчи тафовут бўйича сабабларни кўрсата олмаганда камерал назорат натижалари бўйича аниқланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорини ундириш тартиби белгилаб берилмоқда.

Солиқ кодексининг 54, 55 ва 354-моддаларига вақтинчалик молиявий қийинчиликларга учраган ҳалол солиқ тўловчиларга – хўжалик юритувчи субъектларга солиқ таътилларини бериш тартибини белгиловчи ўзгартишлар киритилди.

Қонун билан Фуқаролик кодексининг 26-моддасига, Солиқ кодексининг 62-моддасига ҳамда “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 27 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган ва муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши натижасида юзага келган солиқ қарздорлигига эга бўлган фуқароларга – жисмоний шахсларга банкротликнинг қўлланишини назарда тутади.

Хўжалик юритувчи субъектларни “йирик солиқ тўловчилар” тоифасига киритиш бўйича аниқ мезонларни белгилаб берувчи нормаларнинг ҳуқуқий асосини белгилаш учун Солиқ кодекси янги 222-модда билан тўлдирилди ҳамда 45-моддасига қўшимча киритилди.

Қонун билан Ўзбекистон Pеспубликаси “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига ва Солиқ кодексининг 56-, 57-, 58-, 155-моддаларига солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат қилган санадан бошлаб 15 иш куни давомида ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини қайтариш тартибини белгилаб берадиган ўзгартишлар киритиди.

Солиқ кодекси янги 71 прим 1-модда (Хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан мониторинг) билан тўлдирилди.

Бир сўз билан айтганда, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга ҳамда тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий томондан янада юксалишига хизмат қилади.

Икром ХЎЖАМУPАДОВ,

туман ДСИ шўъба бошлиғи.

 

Янгиликни бўлишинг: