"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАPИГА (Қасида)

Ишонч, меҳр туйғусидан бағри бутун,

“Темурбеклар мактаби”да ёвқур, дуркун,

Мустақиллик тенгдошлари зобит бу кун,

Ҳур Ватаннинг хизматида собит бугун –

Тинчлик, тенглик, Истиқлолнинг ўғлонлари,

Омон бўлинг, ҳур Ватаннинг посбонлари!

 

Меҳнат сайқал берган юртда қиш-у ёзга,

Илм-у ижод лойиқ бугун қадр, эъзозга.

Ярашмасми, бўлса ошно қўшиқ, созга,

Интиқ бўлиб Сиз айтажак севги розга,

Тиниқиб, шод яшасин-да, жононлари,

Омон бўлинг, Ватанимиз посбонлари!

 

Ўзимизга азиз туз, чанг, куяси ҳам,

Тулпор туғар байир, саман, бияси ҳам,

Жавшан, шувоқ эмган сури, туяси ҳам,

Бузилмасин учун қушнинг уяси ҳам,

Сергак туринг сарҳадларнинг дидбонлари,

Омон бўлинг, Ватанимиз посбонлари!

 

Ўзимизга тан яхшиси, ёмони ҳам,

Кўл, саҳроси, қум, гиёҳи, жайрони ҳам,

Тоғ, дарёлар, булоқ, чашма, ўрмони ҳам,

Деҳқон манглай тери, ҳосил хирмони ҳам,

Чойи – кавсар, ҳулувводир туз-нонлари,

Азиз билинг, Ватанимиз посбонлари!

 

Соҳиблари касб-ҳунарнинг алвон-алвон,

Алп йигитлар етишмоқда чечан, полвон,

Ҳасад қилмай, ҳавас айлар жумла жаҳон,

Куч синашса, ана спорт, мана – майдон!

Мадҳиямиз янграб кетган замонлари

Фахрланинг, Ватанимиз посбонлари!

 

Аскар бўлмоқ учун шердай юрак керак,

Ёв билагин қайирмоққа билак керак.

Мурод, мақсад, ғурур, нурдек тилак керак,

Темур Малик, Жалолиддин керак! Керак –

Алпомишлар, Гўрўғлилар, Арслонлари,

Омон бўлинг, Ватанимиз посбонлари!

 

Халқим соҳиб сабр, бардош, матонатга,

Азон айтиб ном қўйган чоқ ҳар зурёдга.

Дуо айлар: “Тинч-омонлик, саодатга,

Содиқ бўлиб тантанали қасамёдга

Йилдан-йилга бахтли замон, давронлари,

Омон бўлсин, Ватанимиз посбонлари!”

 

Улги олиб, Султон Темур тузугидан,

Мозийдаги саркардалар буюгидан,

Фахр этайлик, Ўзбегимнинг ўзлигидан,

Тинчлик байрам – ҳарбийларнинг кўригида,

Сардор бўлсин юртнинг олий Қўмондони!

Омон бўлинг, Ватанимиз посбонлари!

 

Юртнинг ботин-зоҳир – ичу ташида мен,

Сизлар ўпиб тутган Байроқ қошида мен,

Ота-онангиз-ла, тўйнинг бошида мен,

Салом айтай Гўрўғлининг ёшида мен –

Таъзим қилсин Сизга замин, осмонлари,

Доим омон бўлинг, Ватан посбонлари!

Турсунбой Абдуллаев.

Янгиликни бўлишинг: