"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Маъно яширинган хатти-ҳаракатлар

Дарсда ўқувчилардан табассумингизни, очиқ чеҳрангизни қизғанманг, ахир улар сиздан фақат билим эмас, балки инсоний муносабатларни ҳам кутади.

Дунёда шундай бир касб эгаси борки, доим у кузатувда бўлади. Яна унинг фаолиятида учрайдиган айрим кўринишлар намуна бўлади ёки унга тақлид қилинади. Унинг юз қиёфаси, имо-ишоралари, хатти-ҳаракатлари, нутқи, нотиқлиги, кийиниши, умуман барчасини ҳар биримиз кузатамиз ва баҳолаймиз.

Демак, бу фаолият тури билан шуғулланадиган инсонлар ҳаммага ўрнак бўларкан, агарки улар маънавий-ахлоқий томондан шунга лойиқ бўлсалар.

Биз тилга олган инсонлар нима учун бунчалик эъзозланади, ҳурмат қилинади, қадрланади, сабаби тез ўзгарувчан ҳолатларда турли хил кўринишдаги хатти-ҳаракатлар ўсиб келаётган авлодга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Ҳа, тарбияланаётган ёш авлод бундай ҳолатларга учраганда кимга мурожаат қилади, кимдан тушунтиришни сўрайди, албатта, бу муаллим. Негаки, айнан Сиз, азиз муаллим, ибрат намунаси бўлиб, боланинг ҳам ички дунёсини, ҳам маданиятини, ҳам уларни намоён этиш усулларини тарбиялайсиз.

Бундай ибрат бўлиш ўқитувчи имижига боғлиқ. Имижни яратиш ҳар бир инсоннинг ўзига муносабатидан бошланади. Имижга бўлган муносабат қандайлигидан қатъий назар у ҳар бир педагогда мавжуд.

Ўз имижи устида ишлаш, аввало, ташқи кўринишда, ўзини тутишда, турли имо-ишораларни қўллашида, муомала маданиятида намоён бўлади.

Албатта, муаллим тақлид учун намуна. Психологларнинг фикрича, таассуротнинг шаклланиши учун бир неча сониялар кифоя қилар экан ва у ҳақида «Менга ёқади», «У жудаям ёқимтой» сингари номуқим тўхтамга келиши мумкин. Муқим фикр эса 30 сониядан 40 дақиқагача бўлган муддатда шаклланар экан. Бу вақт эса педагог ўз ролини қойилмақом ўйнаши ёки муваффақиятсизликка учраши учун етарлидир.

Муаллимга имижини яратишда арзимас нарсалар бўлмайди. Олимларнинг таъкидлашича, педагогнинг ижобий қиёфаси ва жозибаси ўқувчиларга психотерапевтик таъсир ўтказади ва таълим самарадорлигини оширади.

Муаллимнинг ижобий қиёфаси ва жозибасидан ташқари овоз – имижнинг товушли ифодаси ҳамда табассум ва самимий нигоҳи мулоқотга имкон яратишини билиши зарур.

Биз биламизки,қаттиққўл ва талабчанлик ёки мулойим ва меҳрибон бўлиш - ҳар бир ўқитувчининг хоҳиши, бунда асосан, хулқ-атвор ва ҳаракати билан бола руҳиятига зарар етказмаслиги, аксинча унга намуна бўлиши даркор. Агар дарсларингизда сизни қаноатлантирмайдиган ҳолатлар бўлса, бу шахсингизни такомиллаштиришга рағбатлантирадиган яна ва яхши жиҳатларни излаётганингизни ва энг асосийси, тўғри йўлда эканлигингизни англатади.

Хулоса шуки,ўқитувчилик дунёдаги энг шарафли касблардан бири бўлиб, уни танлашнинг ўзи жасоратдир.

Тамара КЕНЖАЕВА,

туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими методисти.

Янгиликни бўлишинг: