"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир тантанавор руҳда ўтди

Гўзал ва бепоён Она диёримиз юртнинг жасур, мард ўғлонлари ҳимоясида. Улар бор экан, элимиз тинч, куну-тунимиз осуда. Бутун халқимиз Ватаннинг муносиб ҳимоячилари ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаётган қудратли армиямиз билан фахрланади. Шу боис, мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни байрами кенг нишонланади.
Туманда ҳам 14 январь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига  бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди. Туман Маданият ва  аҳоли дам олиш Марказида “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ўтказилган тадбирда армиямиз, ҳарбийларимизни шарафлаш ҳамда ёшларда, ватанпарварлик, Ватанга садоқат, ифтихор туйғуларини мустаҳкамлаш кабилар бош мақсад бўлди.
Бино олдида байрамга ташриф буюрган меҳмонлар оркестр жамоаси томонидан ижро этилган ҳарбийча марш садолари остида кутиб олинганлиги, Марказ фойесидаги Давлат байроқлари, туман ҳарбий қисмларининг ҳарбий қурол-аслаҳалардан иборат кўргазмаси ҳамда туман Ахборот ресурс марказининг китоб кўргазмалари тадбирга тантанавор руҳ ва файз бағишлади.
Байрам тадбирининг тантанали қисмини туман ҳокими ўринбосари М.Аҳмедова табрик сўзлари билан очиб берди. Туман ҳокими С.Йўлдашев ҳам сўзга чиқиб, Ватанимиз ҳудудини ҳушёрлик билан ҳимоя қилаётган, тинчлик-хотиржамликни ишончли таъминлаётган ҳарбийларни, бўлғуси юрт ҳимоячиларини ҳамда барча юртдошларимизни шарафли байрам билан қутлуғлади. Байрам муносабати билан тумандаги “Манғит” чегара пости ҳамда “Аёқчи” чегара пости  офицер ва аскарларга “Фахрий ёрлиқ”лар, совғалар топширди..
Шундан сўнг, туманда байрам арафасида ўтказилган спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаган ғолибларга ҳам “Фахрий ёрлиқ” ва совғалар берилди.
Байрамга ташриф буюрган аскар онаси, О.Адилбоева, тумандаги ҳарбий қисм аскари А.Абдураимов ва бошқалар сўзга чиқиб, барчани байрам билан муборакбод этди.
Ўзбекистон Pеспубликаси Қуролли Кучларининг 26 йиллигига ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган “Ватан ҳимояси – муқаддас” номли театрларштирилган мусиқий дастур билан давом эттирилди. Намойиш этилган “Армияга кузатиш маросими”, “Қасамёд қабул қилиш”, “Терористларга қарши кураш” каби композицион кўринишлар, Ватанни мадҳ этувчи ашулалар, дилрабо куй ва жозибали рақслар томошабинларни ниҳоятда завқлантирди.
О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: