"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7909.37 -35.07
  • 1 EUR = 9306.16 +43.21
  • 1 RUB = 126.72 -1.73

УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАPИ ЎҚИТУВЧИЛАPИНИНГ ПЕДАГОГИК МАҲОPАТИ ВА КАСБИЙ МАДАНИЯТИНИ ЮҚОPИ СИФАТ ДАPАЖАСИГА КЎТАPИШ - ДАВP ТАЛАБИ

Бугунги кун таълим-тарбия тизимининг асосий вазифаси ўсиб келаётган ёшларни ватанпарвар, ҳар томонламаетук, билимдон, жисмоний баққуват, маънавий жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш ҳамда кун сайин ошиб бораётган ахборот - таълим муҳити шароитида мустақил равишда фаолият кўрсата олишга, ахборот оқимидан оқилона фойдаланишга ўргатишдан иборатдир.

Бунинг учун таълимнинг самарадорлигини ошириш ва билимларни тўла эгаллашларига эришиш, таълим шахснинг диққат марказида бўлишини ва ёшларнинг мустақил билим олишларини таъминлаш, иқтидорли, истеъдодли ва ўзлаштириши қийин бўлган ўқувчиларга индивидуал ёндошиш, ҳар бир ўқувчининг энг яхши сифатларини аниқлаш, уни ривожлантириш ва уларнинг қизиқиши, эҳтиёжи, қобилияти ва шахсий сифатлари, интеллектуал хусусиятларини аниқлаган ҳолда ҳар бир дарсни ташкил этишга эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.

Айтиш жоизки, маълум бир таълим-тарбия масканида меҳнат қилаётган жамоанинг ишига баҳо беришда бир қатор омилларга эътибор қаратилади. Бир-неча йилдан буён ўтказилиб келинаётган мактаб ўқувчиларининг "Билимлар беллашуви” ҳамда унинг узвий давоми бўлган 9-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган фанлар олимпиадаси ана шундай меъзонлардан бири саналади.

Бу йилги билимлар беллашувида 1723 нафар (шундан 24 нафари 8-сонли Давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабидан, 1699 нафари эса умумий ўрта таълим мактабларидан) ўқувчи 16 та фан йўналиши бўйича ўз билимларини синовдан ўтказишди. "Билимлар беллашуви”нинг туман босқичи натижаларига кўра тадбирнинг III босқичида иштирок қилиш ҳуқуқини қўлга киритган 40 нафар ғолиб ўқувчилар рўйхати шакллантирилди. Тумандаги 3-, 4-, 6-, 8-, 9-, 11-, 15-, 16-, 18-, 22-, 26-, 27-, 30-, 35-, 36-, 39-, 40-, 41-, 45-, 51-, 64-, 69-сонли мактаблар ва 8-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиларидан иборат туман жамоаси шакллантирилди.

Нукус шаҳрида бўлиб ўтган "Билимлар беллашуви” нинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичи натижаларига кўра туманимиз ўқувчилари 3 та биринчи, 5 та иккинчи ва 2 та учинчи – жами 10 та ўринни қўлга киритишди ва қўлга киритилган совринли ўринлар бўйича Қорақалпоғистон Pеспубликасида 3-ўринни эгаллади. Тўпланган балларнинг иштирок қилган ўқувчилар сонига нисбатан самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ҳам рейтинги аниқланган. Унинг натижаларига кўра туманимиз 69,5 балл тўплаган Нукус шаҳри, 64,9 балл тўплаган Қўнғирот тумани ва 61,2 балл тўплаган Нукус туманларидан кейин 60,5 балл билан 4-ўринни қўлга киритди.

Бутун ўқув йили давомида қилган меҳнатларимиз тарозиси бўлган иккинчи кўрсаткич - фанлар олимпиадасидир. 194 нафар ўқувчи иштирок қилган бу йилги олимпиада натижаларига кўра 21 та фандан ғолиблар аниқланди. Натижалар таҳлилига кўра фанлар олимпиадасининг III босқичига 18 та фандан 24 нафар ўқувчи (шундан 1 нафари 8-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабидан) иштирок қилиши аниқланди ва бу бўйича тегишли буюртмалар шакллантирилиб, ҚP ХТВ га тақдим қилинди. 2013 йилнинг 26-27 март кунлари Нукус шаҳрида фанлар олимпиадасининг III босқичи бўлиб ўтди. Унда туманимиздан иштирок қилган 23 нафар ўқувчилардан 3 нафари совринли ўринларни эгаллашди. Қўлга киритилган совринли ўринлар бўйича туманимиз Қорақалпоғистон Pеспубликасидаги 16 та шаҳар ва туманлари орасида 4-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

"Билимлар беллашуви” нинг туман босқичида 6-, 8-, 11-, 15-, 16-, 18-, 26-, 27-, 29-, 31-, 35-, 36-, 39-, 40-, 50-, 55-, 57-, 64-, ва 69-сонли мактаблар ҳамда 8-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчилари 85 ва ундан юқори балл тўплашган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, 40-, 55-, 26-, 22-, 6-, 36-, 9-, 18-, 16- ва 64-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртача 58,9 баллдан 70,5 баллгача тўплашга эришишди. Шу билан бир қаторда бир хил имкониятга ва бир хил шароитга эга бўла туриб, 65-, 51-, 53-, 66-, 68-, 23-, 81-, 24-, 54- ва 25-сонли мактаблар ўқувчилари эса 30,1 баллдан 42,1 баллгача тўплашга эришган холос.

Энг ачинарлиси шуки, ушбу мактаблар кейинги бир неча йилдан буён қолоқлик ботқоғидан чиқа олмасдан, охирги ўринларни эгаллаб келишмоқда. Ушбу мактаб жамоаларига, уларга раҳбарлик қилиб келаётган мактаб раҳбарларига қандай баҳо бериш кераклигини изоҳлаб ўтиришга ҳам ҳожат бўлмаса керак.

Туманимиз халқ таълими ходимларининг, ўқув-тарбия муассасаларининг яна бошқа бир қатор тадбирларда, мусобақа ва кўрик-танловларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳам талайгина.

Бутун ўқув йили давомида сидқидилдан меҳнат қилиб, фарзандларимизга билим сирларини эгаллаш борасида самарали натижаларни қўлга киритаётган мактабларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Ўқув-тарбия самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи "Устоз-шогирд”, "Ўрган-ўргат” тадбирлари, синфдан ва мактабдан ташқари тарбиявий ишлар, спорт мусобақалари, турли хил кўрик-танловлар, мактабда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, таълим муассасаларини янги ўқув йилига ҳамда куз-қиш мавсумига тайёрлаш, 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичи билан тўлиқ қамраб олиш каби тадбирларда сезиларли ютуқларни қўлга киритаётган 11-, 15-, 16-, 18-, 22-, 26-, 28-, 31-, 33-, 40-, 50-, 55-, 64- ва 69-сонли мактаблар қаторига 5-, 9-, 12-, 13-, 32-, 36-, 42-, 44-, 52- ва 85-сонли умумтаълим мактабларининг қўшилиб келаётганлиги бизни қувонтиради.

"Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг педагогик маҳорати ва касбий маданиятини юқори сифат даражасига кўтариш” шиори янги ўқув йили давомида асосий диққат-эътиборимизда турмоғи лозим. Ҳаммамизга маълумки, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан, ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш давлатимизнинг асосий диққат марказида турган масаладир.

Ушбу талаб ва истакларга эришиш мақсадида Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2012 йил 10 декабрь кунги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштиришчора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-1875-сонли Қарори эълон қилинди. Мазкур Қарор билан янги 2013-2014 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 1-синфларидан чет тилларини босқичма-босқич ўқитиш жорий қилиниши белгилаб қўйилди. Шу тариқа жорий ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларининг 1-синфларида, келгуси ўқув йилидан бошлаб ўз навбатида 1- ва 2-синфлари ва ҳоказо тартибда чет тиллари, хусусан, инглиз тили фани бошланғич синфлардан бошлаб ўқитила бошлайди. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида туманимиз умумтаълим мактабларида тегишли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган 174 нафар чет тили фани ўқитувчиларидан 149 нафари К.Убайдуллаев номидаги Pеспублика педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ташкил қилинган мақсадли курсларда таълим олишди. Таълим муассасаларидаги 148 та 1-синфда таълим оладиган 3408 нафар ўқувчиларимизга зарур шарт-шароитлар яратиш ишлари охирига етказилмоқда.

Бутун ўқув йили давомида диққат марказимизда турадиган масалалардан бири бу – Давлат таълим стандартларининг янги таҳрирдаги лойиҳасини тажриба-синовдан ўтказиш ишларидир. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Халқ таълими вазирлигининг режасига киритилган тумандаги 31-сонли умумтаълим мактаби жисмоний тарбия фани бўйича ҳамда 40-сонли умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани бўйича тажриба-синов майдончаси қилиб белгиланган. Шу тариқа бутун Pеспублика бўйлаб ташкил қилинган тажриба-синов мактабларидан олинган умумлашмалар асосида Давлат таълим стандартлари янги таҳрирда нашр қилинади ва амалиётга жорий қилинади. Бундан кўзланган мақсад амалдаги таълим стандартларини жаҳон стандартлари даражасига кўтаришдир.

Эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим бўлган йўналишлардан яна бири - ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари давоматини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, маҳалла, ота-оналар, жамоат ташкилотлари иштирокида "Мактаб-маҳалла-коллеж” ҳамкорлик тизимини амалиётга жорий этиш саналади. Ушбу мақсадда туман ҳокимлиги, туман ХТМФМТТЭБ ҳузурида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари давоматини таъминлаш ва назорат қилишни мувофиқлаштирувчи кенгашлар ва ҳар бир маҳалла, овул фуқаролар йиғинлари ҳузурида жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилмоқда, 9-синф битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичи билан тўлиқ қамраб олиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқувчилар давоматини таъминлаш ва назорат қилишнинг "Мактаб битирувчиси – коллеж ўқувчиси” ягона электрон дастури яратилмоқда ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бундан асосий мақсад - эндигина коллеж остонасига қадам қўяётган мактаб битирувчисининг янги таълим даргоҳидаги муҳитга мослашиши учун мактаб ва коллеж педагогларининг ҳамкорлиги, маҳаллаларда истиқомат қилаётганоилалардаги турли хил сабаблар билан дарсга қатнамаётган ўқувчиларни таълим муассасасида узлуксиз ўқишини таъминлашда коллеж ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг биргаликда фаолият юритиши асослари тўлиқ ёритиб берилган.

Бугунги куннинг долзарб вазифаларидан яна бири – таълим муассасаларида соғлом муҳит яратишдир. Бугунги кунда халқ таълими тизимида ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини ошириш, уларнинг иқтидори ва қобилиятларини қуйи синфлардан бошлаб аниқлаш, уларни ривожлантириш ҳамда касб-ҳунарга йўналтириш учун шарт-шароитлар яратиш, умумтаълим мактабларида ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этишга қаратилган "Устоз-шогирд”, "Дарс муқаддас”, "Ўрган - ўргат” каби тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Таълим муассасаларида соғлом муҳитни шакллантириш бевосита ўқитувчиларнинг вазифаларини сифатли бажаришларига боғлиқ. Шундан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларнинг эришган натижалари ва ютуқларнинг асоси – мактабларда дарс жараёнининг сифатли ташкил этилиши ҳисобланади.

Юқорида тилга олинган асосий вазифалар қаторида ўқитувчи имижини яратиш ҳам бугунги куннинг долзарб вазифаси сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Имиж ўзи нима? Имиж сўзининг инглиз тилидан ўзбек тилига таржимаси "кўриниш”, "қиёфа”, "сиймо”, "тимсол” маъноларини англатади. Имиж бу нафақат кўриниш, балки нутқ, муомала орқали намоён бўладиган тарбиявий жиҳатларни ҳам ўз ичига қамраб олади.Ташқи қиёфа орқали инсонларнинг қизиқишларини орттирган ҳолда, ўзини намоён қила олиш, ўзига оғдира олиш ва эътиборни қарата олиш педагог фаолиятида муҳим саналади. Бу жараёнда фақатгина истеъдоднинг, билимнинг ўзи етарли эмас, балки ўқувчилар кўнглига ёқа олишни ҳам билиш карак. Аксарият ўқувчилардан нима учун айнан шу фанга қизиқасиз, деб сўралганда, "Устозимни яхши кўрардим” ёки "Дарс жуда қизиқарли ўтарди” деган жавобларни оламиз. Демак ўқитувчи ўзини, фанини тақдимот қила олган, яъни у ўзини намоён қила олган саналади.

Ушбу йўналишнинг узвий давоми сифатида жорий ўқув йилида эътиборимизни қаратишимиз лозим бўлган жиҳат бу – педагогларда муомала одоби, хулқи ва нотиқлик санъатидир. Бу ҳам ўқитувчи ва тарбиячиларимизда таълим-тарбия бериш босқичида муҳим роль ўйнайдиган сифатлардан биридир.

Кундалик назоратимизда туриши лозим бўлган йўналишларнинг энг муҳимларидан бири - фарзандларимизни турли хил ёт ғоялардан асраш масаласидир. Жаҳон бўйлаб мамалакатимиз ёшларининг эришаётган юксак марралари юксак маънавиятнинг енгилмас куч эканлигини тасдиқламоқда. Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг "Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай сатрлар бор: "... Баъзи бир сиёсатчи ва назариётчиларнинг, олдин моддий ҳаётни, кейин маънавий масалаларни ўйлаш керак, деган мазмундаги фикрлари мутлақо хато бўлиб, янги жамият, янги ҳаёт қуриш жараёнида фақат зарар етказиши мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи ҳар қадамда тасдиқлаб бермоқда, "олдин моддий ҳаёт, кейин маънавият” йўлини тутганларнинг бу хатоси туфайли дунёда "бой берилган авлод” – "Lost generation”ибораси пайдо бўлди. Моддий бойликни қувиб кетганлар, уйидаги фарзандлари тарбиясини бегоналарга бериб қўйдилар. Вақтларини тежадилар. Ортиқча 10 сўм топдилар ҳам. Бугун эса жонсарак бўлиб, болаларини қайта тарбиялашга 1000 сўм сарфлашмоқда. Лекин самара 10 сўмлик бўлаётир. Чунки вақт бой берилган. Мана сизга "олдин моддий ҳаёт, кейин маънавият”нинг аянчли моддий, маънавий оқибати.

Тарбияда бой берилган имкониятлар бегона сиёсий-молиявий гуруҳларнинг иштаҳасини очиб юборди. Улар ҳам ҳар куни, узлуксиз ишлаб, ёшлар қалбининг "параболик антенналари”ни ўзга юртларга қаратиб олишди. Уларга қўшилиб Интернетнинг "Одноклассники”, "Фейсбук”, "В контакте” ижтимоий тармоқлари ёшларга идеал "улашмоқда”. Энди улар ўз ватанига эмас, хориж ҳаётига кўпроқ дахлдор бўлиб қолишаётир. Бой берилган авлодни "ушлаб туриш”, ўз Ватанига, миллатига, ота онасига "қайтариш” энди жуда кўп маблағ, вақтни талаб қилмоқда. Чунки қайта тарбиялаш тарбиялашдан қиммат туради.

Айтиш жоизки, юқорида келтириб ўтилган вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича ҳар бир таълим муассасасида барча имкониятлар ва шарт-шароитлар мавжуд. Дастлаб "2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умумиллий дастури” доирасида 72 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган эди. Биргина жорий йилда 2 та мактабда капитал реконструкция ва 3 та мактабда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 1 миллиард 763 миллион сўм маблағ сарф қилинди. Бундан ташқари Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Қипчоқ овулидаги 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси қурилиши, Манғит шаҳридаги 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ва марказий ўйингоҳни капитал таъмирлаш ишлари ҳамда "Қорамон” овулидаги 23-сонли умумтаълим мактабининг спорт зали қурилишлари амалга оширилмоқда. Шу тариқа дастурга кирмай қолган мактаблар сони 2009 йилда16 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилга келиб дастурга кирмаган мактаблар сони бор-йўғи 4 тани ташкил қилмоқда.

Етарлича қўллаб-қувватлашлар бўлишига қарамасдан туманимизда мактабгача таълим тизимида ечимини кутиб турган муаммоларимиз эришган натижаларимизга қараганда анча кўпчиликни ташкил қилади. Хусусан, жорий йилда ҳам мактабгача ёшдаги фарзандларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи бор-йўғи 14 фоиздан ошмаяпти. Шунинг ўзиёқ бу борада ҳали анча меҳнат қилишимиз лозимлигини кўрсатади. Ота-оналар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган фарзандларимизнинг ақлий ва жисмоний ривожланишидаги, психологик ва физилогик хусусиятларидаги фарқланишларни кўрсата билиш, бир сўз билан айтганда, мактабгача таълим муассасасида тарбияланиш фарзандларимизнинг баркамол бўлиб етишишида асосий омил эканлигини исботлаш орқали ушбу кўрсаткичларимизни янада яхшилашимиз зарур.

Ўтаётган ҳар бир кун, ҳар бир соат бизни Мустақиллик байрамига яқинлаштирмоқда. Мустақиллик йилларида амалга оширган тарихий ишларимиз ҳозирги вақтда ўз ҳосилини бермоқда. Бу йўналишда бошлаган улкан ишларимизни давом эттириш, янги поғонага кўтариш, энг муҳими, бугунги кунда долзарб масала бўлмиш ҳаётга кириб келаётган ёшларимизнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллаши учун замоннинг ўзи олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Мана шу масъулиятли ва айни дамда шарафли бўлган вазифаларни адо қилишда туманимиз таълим соҳаси ходимларига ҳамда аҳолисига соғлик-омонлик, оилаларига тинчлик-тотувлик, эл-юртимиз дастурхонига қут-барака тилайман. Байрамларингиз қутлуғ бўлсин, азиз юртдошлар!

Озод Матмуратов,

туман ХТМФМТТЭБ мудири.

Янгиликни бўлишинг: