"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ТАБИАТ – ОНАМИЗ

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган энг долзарб масала ҳисобланади. Шу боис, мустақилликнинг илк йиллариданоқ "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, "Ҳаво атмосферасини муҳофаза қилиш тўғрисида”, "Чиқиндилар тўғрисида”, "Алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудлар тўғрисида”ги бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга жорий этилди. Ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ табиатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида миллионлаб сўм маблағлар ажратилди. Биргина 2013-2017 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирлар учун 89 миллиард сўмлик маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Ўзбекистон Pеспубликаси вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги 142-сонли қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсида табиат ва атроф-муҳит муҳофазаси учун 69,68 миллион АҚШ доллари, 7134,7 миллион сўмлик маблағлар ажратилиши кўзда тутилган. Бу – бизни қуршаб турган наботат оламини кўз қорачиғидек асраш, ободонлаштириш, кўкаламзор ҳудудларни янада кенгайтириш, янгиликлар билан бойитиш дегани. Зеро, табиат – онамиз, ундаги барча неъматлар эса бойлигимиз. Бу бойликни асраб-авайлашга шу заминда яшаб, шу ҳаводан нафас олаётган ҳар бир инсон масъул.

Туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан жорий йилнинг  олти ойи давомида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида туман прокуратураси ва туман ДСЭНМ ходимлари билан ҳамкорликда рейдлар ўтказилди. Pейд натижасига кўра қонунбузарликларга йўл қўйган тегишли идоралар ва шахсларга маъмурий чоралар кўрилиб, аниқланган қонун бузилишлари юзасидан 47 шахсга 3740730 сўм жарима солинди ва тўлиғи билан ундириб олинди. Шу билан бир қаторда 7 нафар фуқаронинг ариза ва шикоятлари ўрганиб чиқилиб, уларга ўз вақтида жавоблар қайтарилиб, қаноатлантирилди. Лекин шунга қарамасдан фуқаролар тарафидан табиатга зиён етказиш ҳолатлари ҳамон учраб келмоқда. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Қипчоқ ва Жумуртов шаҳарчасида дарёнинг муҳофаза ҳудудига ўзбошимчалик билан балиқхона қуриб, дарё сувини ифлослаганлиги учун фуқаролар А.У.Алламов, О.У.Алламов, Н.А.Ўрозбоева, У.Т. Ўринбоев, Х.Камолов, К.К Атажанов ва бошқалар, жами 11 нафар шахсга 715500 сўм, ер ресурсларидан нотўғри фойдаланганлиги учун 2 нафар шахсга 159000 сўм, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонун талабларини бузганлиги учун 11 нафар фуқарога жарима солиниб, ундириб олинди.

Фуқаролар тарафидан содир этилаётган қонунбузарликлар шуни кўрсатадики, ҳали аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада эмас. Қонунбузарликларнинг олдини олиш ва унинг салбий оқибатлари тўғрисида аҳолига тушунтиришлар бериш, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, уларнинг экологик маданиятини оширмоғимиз керак. Бугунги кунда экологик таълим-тарбия ишларини боғча ва мактаблардан бошлаб олиб борилаётганлиги давлатимиз томонидан атроф-муҳит муҳофазасига қаратилаётган катта эътибордир. Шу боис, туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими нозирлари томонидан йил давомида ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни янада чуқурроқ ўрганиб, қонун бузилишларининг олдини олиш мақсадида қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, "Тоза ҳаво - дардга даво”, "Табиат - онамиз”, "Атроф-муҳит тозалиги – соғлом ҳаёт мезони” мавзуларидаги аҳоли ўртасида олиб борилаётган суҳбатлар мунозараларга, таклиф, талаб ва истакларга бойлиги билан ажралиб туради. Аҳолидан тушаётган ҳар битта ариза, талаб ва таклифлар, ўтказилаётган суҳбатлардан келиб чиқадиган хулосалар шуни кўрсатадики, аҳолининг экологик маданиятини оширмай туриб, бу борадаги муаммоларни ечиш асло мумкин эмас. Шуни инобатга олган ҳолда Қорақалпоғистон Pеспубликаси табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси туман бўлими нозирлари ОФЙ ва МФЙларда, коллеж ва лицей ҳамда мактабларда тез-тез учрашувлар ўтказиб, туман ДСЭНМ ходимлари, "Камолот” ЁИҲ туман бўлими, жойлардаги профилактика нозирлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётганликлари боис, кўплаб кўнгилсиз ҳолатларга барҳам берилди. Қорақалпоғистон Pеспубликаси "Қишлоқхўжаликкимё” ҳиссадорлик жамиятининг туман филиалига қарашли 18 та шохобча мудирларига нисбатан атроф-муҳитга лоқайд муносабатда бўлганликлари учун Ўзбекистон Pеспубликаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 89-моддаси, 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, жарима жазоси қўлланилди. Бундан ташқари, "Элликқалъа нефть базаси” унитар корхонасининг Қоратов филиалига қарашли 17 та шохобча мудирлари ҳам табиатга етказган зиёнлари учун маъмурий жазо олишди.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Хусусан, туманимизнинг Ойбек номли, Дўстлик, Олмазор, Чордара, Дурунки, "Бой овул”, Беруний номли, Гулзор, Бўстон, Янги обод, Дарё бўйи МФЙлари раислари ҳам ўз ҳудудларида табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларини бузганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

Азизлар, табиат – онамиз. У бизни ўзининг сўлим бағридаги ноз-неъматлари ила сийлайди: у туфайли қорнимиз тўқ, эгнимиз бут, кўнглимиз хотиржам, ҳатто тан-жонимиз соғ. Унинг мусаффо ҳавосидан дилимиз чоғ, оёғимиз остидаги ҳар зарра тупроғидан тортиб, ҳар битта япроғи-ю бир томчи сувигача танимизга дармон, юрагимизга қувват. Ана шу олий неъмат билан ҳаётимиз гўзал, фаровон. Бу гўзалликни асраш, фаровонликни бойитиш эса бизнинг – она табиатнинг буюк хилқати – одамзоднинг иши, муқаддас бурчи. Буни унутишга асло ҳаққимиз йўқ.

Музаффар АБДУPАИМОВ, туман табиатни муҳофза қилиш бўлими бошлиғи.

Жумамурод ДЎСИМБЕТОВ, туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи муовини.

Шуҳрат БОЛТАБОЕВ, сув ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича нозир.

(Фото - http://uznature.uz)

Янгиликни бўлишинг: