"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

БОЛАМ ҚАНДЛИ ДИАБЕТГА ЧАЛИНМАСИН, ДЕСАНГИЗ...

Қандли диабет кенг тарқалиб бораётган касаллик бўлиб, у бутун умр давом этиши ва оғир асоратларни юзага келтириши билан хавфлидир.

Касаллик икки хил ҳолатда кузатилади. Яъни, касалликнинг биринчи тури инсулинга боғлиқ бўлиб, болалар ва ўсмирларда тепки, қизамиқ, гепатит каби вирусли инфекцияларни бошдан ўтказгандан сўнг бошланади. Бунда ошқозон ости безининг инсулин ишлаб чиқариш механизми ишдан чиқади. Бу турдаги диабетга учраган беморлар қонида инсулин миқдори жуда кам бўлади ёки умуман бўлмайди. Шунинг учун улар инсулин инъекциясига муҳтож бўлади. Бу турдаги диабетнинг юзага келиши ва ривожланишида наслий омил етакчи роль ўйнайди. Ота-она, буви ва бувалардан болаларга мерос бўлиб ўтади.

Қандли диабетнинг инсулинга боғлиқ бўлмаган иккинчи тури келиб чиқишига носоғлом турмуш тарзи, жумладан, ёғли таом ва ширинликларни кўп истеъмол қилиш ва камҳаракатлилик, доимий асабийлашишлар сабаб бўлади. Кўз, мия, юрак, буйрак ва оёқдаги майда қон томирларнинг яллиғланиши, инсульт, инфаркт, кўриш қобилиятининг йўқолиши, буйрак етишмовчилиги, оёқда тузалмас яраларнинг пайдо бўлиши, гангрена каби оғир асоратлар юзага келиши мумкин.

Касалликнинг ҳар иккала турида ҳам беморнинг, айниқса, ширинликка ўч болаларнинг мунтазам равишда парҳез сақлашига, доимий ҳаракатда бўлишига аҳамият бериш керак. Тез-тез боланинг қонидаги қанд миқдорини текширтириб туриш, иложи бўлса, бирон бир спорт тури билан доимий шуғулланишига шароит яратиш керак.

Туман тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги эндокринология хонасида қандли диабетнинг иккинчи тури бўйича “Д” назоратида 22 нафар бола қандли диабет ташҳиси бўйича ҳисобда туради. Бемор болалар доимий эндокринолог-шифокор назоратида бўлиб, улар бепул дори-дармон ва муолажа анжомлари билан таъминланмоқда.

Боланинг соғлом вояга етиши, албатта, у яшаётган муҳитга, истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларига боғлиқ. Айниқса, қандли диабет касаллигига чалинган бемор болаларнинг асабийлашиши, бирон масалада қаттиқ сиқилиши асло мумкин эмас. Шу боис, биз катталар оиламизда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришимиз, фарзандимизнинг соғлиги учун масъул эканлигимизни унутмаслигимиз зарур.

Муборак НУPИМБЕТОВА, болалар эндокринолог шифокори.

Янгиликни бўлишинг: