"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ФУҚАPОЛИК ЖАМИЯТИ ВА ЭКОЛОГИК НАЗОPАТ

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ атроф-муҳитни, она табиатимизни кўз қорачиғидек асраш, уни бус-бутун ҳолича келажак авлодга бекаму кўст етказиш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги ишлар мустаҳкам ҳуқуқий асосларга эга. Хусусан, Конституциямизда ҳам ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойлик, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳам мазкур йўналишга алоҳида тўхталиб, "Экологик назорат тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш лозимлигини кўрсатиб ўтган эди.

Маълумки, жорий йилнинг 4 июль куни Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан киритилган "Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳаси жорий йилнинг 13 июль куни  матбуотда эълон қилинди ва айни кунларда унинг кенг муҳокамаси ўтказилмоқда.

Қонун лойиҳасида "экологик назорат” тушунчасига "табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга ва экологик назорат субъектларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларида, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва такрор кўпайтириш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда  иштирок этишларига қаратилган чоралар тизими” дея таъриф берилган.

Экологик назоратнинг турлари эса давлат экологик назорати, идоравий экологик назорат, ишлаб чиқариш экологик назорати, жамоатчилик экологик назоратидан иборат.

Қонун лойиҳасида экологик назоратга олиниши лозим бўлган объектлар, экологик назоратни амалга оширувчи субъектлар кўрсатиб ўтилган.  Шунингдек, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамаси, махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқаролар йиғинларининг ваколатлари аниқ белгиланган ҳолда, экологик назоратни тартибга солиш ва бошқариш механизми батафсил ёритилган. Қолаверса, экологик назоратнинг барча турларини амалга оширувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилган.

Жамоатчилик экологик назорати — фуқаролик жамияти институтлари ва фуқаролар томонидан амалга ошириладиган экологик назорат туридир. Шуниси эътиборлики, жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш ҳуқуқи Ўзбекистон экологик ҳаракатининг услубий кўмаги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилмоқда.

Қонун лойиҳасининг 13-моддаси "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг жамоатчилик экологик назорати соҳасидаги ваколатлари” дея номланган. Мазкур моддада таъкидланганиек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (фуқаролар йиғини) ўз ваколати доирасида:

- тегишли ҳудудда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан жамоатчилик экологик назоратини ҳамда ушбу масалалар бўйича ўз қарорлари ижроси назоратини амалга оширадилар;

- нодавлат нотижорат ташкилотларига атроф муҳит ифлосланиши ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланишга олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф солувчи фавқулодда вазиятларни кузатиб бориш ва эрта олдини олиш, аниқлашнинг самарали тизими яратилишида, шунингдек жамоатчилик экологик назоратини ташкил этиш ва амалга оширишда, жамоатчи инспекторлар институтини шакллантириш ва уларнинг ўқувини ташкил этишда кўмаклашадилар;

- экологик назоратнинг бошқа турларини амалга оширилишида иштирок этадилар;

- экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органига табиатни муҳофаза қилиш қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни киритиш ҳамда уларни ишлаб чиқишда иштирок этадилар;

- атроф муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш масалаларига оид қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишда, атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишида иштирок этадилар;

- Қорақалпоғистон Pеспубликиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ижроия ҳокимияти органлари, тегишли ҳудудда жойлашган муассаса ва ташкилот раҳбарларининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитади ва уларнинг натижалари бўйича қарорлар қабул қиладилар;

- экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, жамоатчилик экологик экспертизасининг хулосалари бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қабул қилган қарорларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлик учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга таклифлар киритадилар.

Қонун лойиҳасида жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш масалалари бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ва унинг мансабдор шахсининг мурожаати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни  яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш соҳасида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳам-жиҳатликда ҳаракат қилишининг ҳуқуқий механизмларини таъминлайди. Ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилиши табиатни муҳофаза қилиш соҳасида аҳолининг фуқаролик экологик, ҳуқуқий онги ҳамда фаоллиги, фуқаролик жамиятининг илмий доиралар ва давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг ошишига хизмат қилади.       

Пўлат Қурбониёзов,

"Қипчоқ” ОФЙ раиси.

Янгиликни бўлишинг: