"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

Хонадон файзи

Умрнинг ойдин манзили

Тонг. Ҳаётнинг энг сокин лаҳзалари. Зулмат бағрини ёритиб, она Заминга мармар тусини бериб, аста-секин ёришаётган тонгнинг кумушранг нурлари зич ёпилган хонадон деразаларидан оқиб киради. Бу манзарадан кўнгли тоғдек юксалган хонадон соҳиби Яратганнинг  бу олий мукофотига пешвоз дарвозани ланг очиб юборди. Ҳовлига она тупроқ ва шу заминда унган турли гиёҳлар, боғлар ифори оқиб кирди. Унда ажиб тароват бор, қудратли синоат ҳоким. Бу – ҳаёт нафаси, умрнинг ойдин манзили.

Тонг нафасидан кўкси тоғдай юксалган хонадон соҳиби яқин ўртадаги масжид муаззинининг киши руҳиятига ором берувчи ибодатга, ҳидоятга чорловчи овозига монанд саждага бош қўйди. Яратганга ҳамдлар билан дуога қўл очди.

- Илоҳо омин, юртимиз тинч, хонадонларимиз обод, оиламиз мустаҳкам, наслимиз бардавом бўлсин. Кўнгилларни хотиржамлик, руҳи-танимизни соғлик тарк этмасин. Давлатимизни Аллоҳнинг ўзи зиёда қилсин!

Тонгги намоз ибодатини адо этган хонадон соҳиби – кекса отахон кўнгли хотиржам, ҳовлига, атрофга кўрк бағишлаб турган дов-дарахтларга, тобора ёрқин манзара касб этаётган умрининг ойдин манзили – янги кунига шукроналар айтди:

- Ўзингга шукур, барча эзгу неъматларингга шукур!

 

Хонадон таровати

Деразадан оқиб кирган тонгнинг кумуш нурлари ҳарир дарпардаларнинг нафис гулларини оҳиста силагач, бешикка бағрини бериб, бир муддат кўзи илинган келинчак оғушидаги гўдакни уйғотди, гўё. Чақалоқ ингасидан олам янада ёришгандай, тонг нурлари уйни тўлдириб юборди. Келинчак алла айтди:

Болам ўсиб полвон бўлар-а,

Сўзи элга алвон бўлар-а.

Элим, деган арслоним, алла,

Ухла қўзим, дармоним, алла.

Алланинг сеҳрими, онанинг ниҳоятда ёқимли овозими гуллар, гиёҳлар, боғлар, пишиқчилик фаслига кирган ҳув полиз, момо Ер ифорими – уй ва ҳовлини ажиб тароват қучди. Боласини аллалаб ухлатган келинчак чор-атрофни супириб-сидирди, сув сепди. Ушбу дам хонадон ҳовлиси янада хуш манзара касб этди: тонг ифорини симириб, латиф бир гўзалликка чулғанган ҳовли ўғил-қизлар, невараларнинг бахтиёр овозларига беланди.

Ўз зиммаларидаги тонгги юмушларини адо этган фарзандлар бирин-кетин баланд ишкомлар остидаги супага, нонуштага жам бўлишди. Дастурхон тўрида, фарзандларининг одоб-икромидан кўнгли тоғдай ўсиб ўтирган хонадон соҳиблари – кекса ота-она дуога қўл очиб, дастурхондаги неъматлардан тотингач, фарзандлар, невара ва чеваралар ҳозиргина хонадон бекалари ёпган иссиқ патирни қаймоққа ботириб-ботириб тановул қилдилар. Бунда жамул жам бўлган бутун оила – кекса ота-она, ўғил-қизлар, неваралар, невараларнинг бешикдаги болалари – бири-биридан унган тўрт авлод ҳоким хонадонда мен ажиб бир файзиёб онни кашф этдим: бу – фақат ва фақат ўзбек оилаларига хос бўлган гўзал қадрият – аҳиллик, ўзаро туғишганлик меҳри!

Шу боис, бу хонадоннинг ҳавоси, тонги, кундузлари ўзгача – тароватли! Бу хонадонда Оила деган буюк салтанатнинг умри боқий қонун-қоидалари ўзгача – улар одамийлик, меҳр, инсоф, иймон ва диёнат нурлари ила чулғанган!

Ана қаранг, оилада энг аввало ҳурмат ва эътибор – хонадон фаришталари – кекса ота-оналарга, кексалардан кейин оиланинг катта ёшдаги фарзандларига муносиб. Фарзандлар неварали, неваралар фарзандли бўлиб, бир дарахтдай илдиз отишган. Оилада қайноталар аҳил, қайноналар оқибатли, келинлар, невара-чеваралар меҳрибон, иноқ! Бундай тароват, бундай фароғат фақат ва фақат ўзбек оиласи ичра мужассам!

 

Кўнгиллар тўқ, турмуш фаровон

Кексалар дуосини олиб, даласига отланган фермер ўғилнинг, маҳалланинг қўли гул аёлларини атрофига жамлаб, тикувчилик, қандолатчилик, нонвойлик йўналишларида фирма очган тадбиркор келин, бири қурувчи-муҳандис, бири шифокор, ўқитувчи ва уста-ҳунарманд невара-чевараларнинг иш кунлари ҳамиша баракали, файзли: Ана шу файз-барака катта хонадоннинг аҳил ҳаётига, турмуш тарзига кўчган. Фарзандлар, невара-чеваралар учун қурилган қўша-қўша иморатлар, ҳавасларга муносиб ободон турмуш, бири-биридан ҳузурбахш умрнинг ойдин манзилларида ҳоким бу файзиёб лаҳзалар. Ана шудир кўнгилнинг тўқлиги, турмушнинг ободлиги! Ахир фермер ўғилнинг ғалласидан ҳам давлатнинг, ҳам хонадоннинг омбори тўлди: дастурхондаги нон-у ноз-неъматлар, қурган иморатлари хонадоннинг ўз мулки! Давлатмандлик бундан зиёда бўларми!

Тонгини, меҳнатга ёр ўтган умрнинг бир кунини хотиржам, осойишта ўтказган бу катта хонадоннинг ҳар бир аъзоси она заминга оқшом чўкаётган лаҳзаларда яна жам бўлишади. Тонгда хонадоннинг пир-у бадавлат кексалари дуосини олиб далага, фирмага, мактаб ва шифохонага ўз хизмат вазифасини адо этиш учун отланган фарзандлар чеҳраси гулгун. Улар яна катта Оиланинг улуғ соҳиблари олдидаги фарзандлик бурчини адо этиш учун, ўзлари экиб, ўстирган буғдой унидан ёпилган бўрсилдоқ нонлар таъмидан, келинлар пиширган ширин таомлар тотидан, энг муҳими, бир-бирларининг меҳридан, дийдоридан баҳраманд бўлмоқ учун ишкомлар остидаги сўлим супада жам бўладилар. Бу – катта оиладаги азалий қадрият, бобомерос одат, ҳеч бир миллатда йўқ удум! Pўзғорлари аллақачон алоҳида бўган фарзандлар тонгда ва шомда катта оиланинг кекса соҳиблари – ота-она пойида тиз чўкадилар. Бундай ҳурмат ва эҳтиром фақат ва фақат бизнинг Ўзбек оилаларига хос, ўзбек миллатига муносиб!

Оқшомги дастурхонга фотиҳа ўқилиб, хонадон соҳиби дуога қўл очади:

- Юртимиз тинч, турмушимиз обод, элимиз фаровон, тунларингиз осойишта, тонгларингиз хайрли бўлсин. Аллоҳ ризқ-у насибангизни зиёда қилиб, дастурхонингизда ўз нонингиз, ўз ноз-неъматларингиз сероб, эл ичра ўз номингиз ҳамиша улуғ бўлсин, болаларим!

Фарзандлар хотиржам, невара-чеваралар оромда, келинлар  бешикларини шод қучиб, алла куйлашади:

Улкан уйнинг илдизи, болам,

Элнинг эрта, кундузи, болам.

Сўзи улуғ карвон бўл, алла,

Ўз элингга посбон бўл, алла...

Кексаларнинг дуолари ижобат, дейдилар. Ана шу дуолар ила Оила обод, турмуш фаровон, кўнгиллар тўқ. Ана шу дуолар қанотида тонг ила Оила остонасидан ҳатлаб, қадам қўйганимиз – она Ватан тупроғи азиз, муқаддас. Ҳаёт ташвишларидан, иш ва меҳнатдан толиқиб, оқшом пайти "бисмиллоҳ” каломи ила Оила остонасидан ҳатлаб, ота-онамиз бағрига ошиқиб туришларимизда гўзал бир ҳикмат мужассам. Бу – она Ватан - бизга ҳар лаҳзада ором, бахт, кўнгилларимизга хотиржамлик ато этгувчи Оила – Оила саодати! Ушбу саодатли Ватан бор бўлсин! Унинг остонасидан бошлангувчи кўзларга тутиё тупроқ – она Ватаннинг, Истиқлолнинг умри боқий бўлсин!

Мен тўртта авлоднинг аҳиллигидан ҳаёти фаровон, турмуши обод, умр манзиллари ойдин Ўзбек Оиласининг бир кунига дилдаги чексиз ҳавасларимни Сизлар ила баҳам кўрдим. Илоҳим, атрофимизда ана шундай файзга тўла Оилалар кўп бўлсин! Ана шудир Ватаннинг буюк келажаги, Истиқлолнинг уфқи ёрқин ойдин йўллари!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: