"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг бўшаб қолган ўринларга 2017 йил 17 декабрда бўлиб ўтган сайлов натижалари тўғрисида АХБОPОТ

Халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов бўйича туман сайлов комиссияси томонидан 2017 йил 16 ноябрь куни “Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашида бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайловини ўтказиш кунини белгилаш тўғрисида” қарор қабул қилиниб, қарорга мувофиқ 2017 йил  17 декабрь куни 1-Навоий, 10-Тошёп сайлов округларида депутатлар сайлови бўлиб ўтди.

Туман сайлов комиссиясининг қарорига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашига сайлов ўтказувчи 2 та  округ сайлов комиссияси ва 2 та участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди.

Участка сайлов комиссиялари жойлашган хоналар “Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари ишини ташкил қилишга оид Ўзбекистон Pеспубликаси Марказий сайлов комиссиясининг эслатмаси”га асосан тўлиқ жиҳозланди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилди. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сиёсий партиялар томонидан жами 4 нафар, жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан 1 нафар, “Адолат” социал демократик партиясидан 1 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 1 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 1 нафар номзод кўрсатилди. Кўрсатилган номзодларнинг барчаси туман сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди.

Сайловга доир барча материаллар “Тараққиёт кўзгуси” газетасида эълон қилинди. Сайловга тайёргарлик жараёни Амударё телевидениеси, “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари ҳамда amunews.uz веб-сайтида, шунингдек, туман ҳокимлиги ва халқ депутатлари туман Кенгашининг расмий сайтларида ёритиб борилди.

Ўрни бўшаб қолган сайлов округлари бўйича 4554 нафар фуқаро сайловчилар рўйхатига киритилиб,  2017 йил 17 декабрь кунги сайловда уларнинг 3870 нафари, яъни 84,9 фоизи иштирок этдилар.

Округ сайлов комиссияларининг халқ депутатлари туман Кенгашига сайловлар бўйича сайлов натижалари ҳақида тақдим қилган йиғилиш баёнларини текшириб чиқиб, туман сайлов комиссияси барча сайлов округларида сайловлар Ўзбекистон Pеспубликасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ равишда ўтказилганлигини қайд қилади.

Сайлов натижаларига кўра, халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган қуйидаги депутатлар туман сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди:

1. Кушаев Аширбай Балтабаевич, 1961 йилда туғилган, партиясиз, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Амударё туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг туман бўлинмаси раиси. Амударё тумани Навбаҳор кўчаси, 12 уйда яшайди, 1-Навоий сайлов округи;

2. Бекназарова Муқаддас Норим қизи, 1978 йилда туғилган, ЎзЛиДеП аъзоси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Амударё туман Кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари. Амударё тумани Кимёгарлар кўчаси, 26-уйда яшайди, 10-Тошёп сайлов округи.

Юқоридагиларга асосан, туман сайлов комиссияси 2017 йил 17 декабрда сайланган икки нафар депутатнинг ваколатларини қонуний деб эътироф қилади.

Ўзбекистон Pеспубликасининг “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 2017 йил 29 декабрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгашининг 40-сессияси қарори билан янги сайланган депутатларнинг депутатлик ваколатлари эътироф этилди.

Анвар КАМОЛОВ, халқ депутатлари Амударё туман Кенгашига сайлов бўйича туман сайлов комиссияси раиси.

Янгиликни бўлишинг: