"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

ОИЛАНИНГ УСТУНИ

"Тўлқин" овули марказидаги файзли бир хонадонга кириб борар эканмиз, "меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик”, деган мақол бежиз эмаслигига амин бўлдим.

Хонадон соҳибаси - юзларидан нур ёғилиб турган Карима ҳожи она бизни очиқ чеҳра билан қарши олди. Фарзандлар камолини кўриб, пир-у бадавлат кексалик гаштини сураётган онахон 1947 йил "Тўлқин” овулида туғилди. Суяги меҳнатда қотган Карима она эсини таниганидан буён деҳқончилик унинг ҳаёти мазмунига айланган.

1966 йилда ўзи каби меҳнаткаш овул йигити Аҳмад ака билан турмуш қурди. Аҳмад ака бир умр овулда механик бўлиб хизмат қилди. Бу даврда туғилган фарзандлар ҳам ота-онаси каби меҳнатсевар бўлиб вояга етишди. Улар 8 нафар фарзандларининг барчаси ўқимишли бўлишини орзу қилди ва бунга эришдилар.

Катта фарзанди Кўклан Куденов Одесса Фармацевтика Институтининг фармацевтика факультетини битирди ва малакали доришунос бўлиб етишди. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтишни истар эдимки, "Кўклан аптекачи” деган номни бугунги кунда туманда билмайдиган одам бўлмаса керак. Дардига дармон изловчи хаста кишилар учун унинг дорихонаси нажот эшиги бўлиб кўринади. Хушмуомала, билимдон бу доришунос-шифокор қанчадан-қанча хаста кўнгилларга малҳам бўлмаган дейсиз.

Ўғли Pустам "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлимида ҳисобчи бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳурлиқо ва Гулнора ҳам унинг изидан бориб, ҳисобчи бўлиб етишдилар. Pашид Самарқанд давлат Университетининг кимё-биология факультетини битириб, ҳозирги кунда доришунос бўлиб ишлаяпти.

Оиланинг кейинги фарзандлари Хуршид, Жамшид, Баҳодир ҳам туманимизда фармацевтика соҳасида фаолият юритишмоқда. Улар ҳам Кўклан акасининг касбига меҳр қўйишган.

Оиладаги 6 ўғил, 2 қизнинг барчаси ўқимишли, эл корига яраган, ўзларига етарли обрўга эга бўлиб етишдилар. Бундай баркамолликнинг орқасида Аҳмад ота ва Карима ҳожи оналарнинг фидойиликлари мужассам.

Карима она пахта даласида меҳнат қилиш билан бирга хонадон томорқасида деҳқончилик қилар, Аҳмад ота эртадан кечгача эл хизматида, қишлоқда механик бўлиб ишлар эди. Бу орада бўй кўрсатган фарзандлар ҳам ота-онага энг яқин кўмакдош бўла бошладилар. Фарзанд тарбиясини муҳим деб билган ота-она уларни одамийликка ошно, меҳнатсевар қилиб ўстирди, ҳар бир ишни пишиқ-пухта бажаришга ўргатди.

Йиллар шу тарзда ўтаверди, фарзандлар бирин-кетин олий ўқув юртини тамомлаб, мустақил фаолият юрита бошлади, ота-она уларни оилали, уйли-жойли қилишди. Энди бу хонадон фақат меҳнатсевар, очиқ кўнгиллиги билан эмас қўни-қўшни, овул ўртасида ўқимишли фарзандлари билан ҳам обрў-эътиборга эга бўла бошлади.

Тўсатдан оила бошлиғининг вафоти она ва фарзандларини эсанкиратиб қўйди, она ўзини қўлга олди, фарзандларига ибрат бўлиб, оилани бошқара бошлади, энди у ҳам ота, ҳам она, катта оиланинг устуни эди.

- Тақдир экан, энди пайғамбар ёшига етган эди, - дея хўрсинади онахон.

Аёл хонадон файзи, ободонлиги рамзи. Карима она кўп йиллар пахта даласида, кейинчалик 10 йил давомида болалар боғчасида ишлади. Оила сармояси  бирмунча тўпланганидан кейин фарзандлари билан бамаслаҳат Манғит шаҳрида гўзаллик салонини ишга тушириб, тўрт нафар қизни иш билан таъминлади.

Овул марказида ҳашаматли тўйхона қурдириб, унга "Аҳмедова Диана” деб ном берди, энди овулдаги тўй ва қувончли маросимлар шу тўйхонада ўтказила бошлади.

Тўйхонада 8 нафар овул ёшлари иш билан таъминланди.

Маккаи Мукаррама, Мадинаи Мунавварани зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси, бу орзуга эришиш ҳам бахт. Карима онага ҳам шундай бахт насиб етди. 2011 йилда Муборак Ҳаж зиёратига бориб, ҳожи она бўлди.

Тиниб-тинчимаган онахон ўғилларига бош бўлиб тўйхона ёнида тикувчилик цехини ишга туширди, 7 нафар қишлоқ қизларини иш билан таъминлашди. Ҳозирги кунда катта фарзанди Кўклан ака Манғит шаҳрида ҳашаматли 2 қаватли дорихона биноси қурдириб, ишга тушириш арафасида, дорихонанинг шундоққина ёнбошида гўзаллик салони фаолият юритмоқда.

8 нафар фарзанд, 6 та келин, 2 нафар куёв, 23 нафар невара ардоғида, тўкин-сочинликда, бахтиёр яшаётган бу онахонга узоқ умр, яхши ниятлар билдириб хайрлашар эканмиз, Муборак Pамазон ойида бўлган бу зиёратдан менинг ҳам кўнглим кўтарилди: бу ойда қилинган барча яхши ишлар савобга айланишидан, қилинган барча эзгу тилаклар ижобат бўлишидан, камтарин, ширин сўзлиги, обрўси билан эл ҳурматини қозониб яшаётган, қалби эзгуликка ошно Карима ҳожи она ва унинг фарзандлари каби ҳамюртларим борлигидан суюндим.

Феруза PАЗЗОҚОВА.

Янгиликни бўлишинг: