"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

МАЪНАВИЯТЛИ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ АЁЛ – ЖАМИЯТ КЎPКИ

Оила – жамият таянчидир. Оилалар фаровон бўлсагина, жамият ривожи тараққиёт сари юз тутади. Ҳа, бу асрлар давомида синалган ҳақиқат. Аёл – оилага бахт-саодат келтирувчи фаришта. У аввало садоқатли ёр, сариштали бека, меҳрибон она, чидам ва бардош, сабр ва тоқат, заковат, маънавият ҳамда гўзаллик ва нафосат тимсолидир. Аёлнинг ўрни оилада ҳам, жамиятда ҳам беқиёс.

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев аёлга, онага шундай таъриф берадилар: “Ер юзида муқаддас деган сўзга энг муносиб зот бу – аввало, Онадир. Халқимиз она сиймосини доимо улуғлаб, ардоқлаб яшайди, аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади”.

Мамлакатимизда аёлга – онага юксак эҳтиром кўрсатиш, қадрлаш, оғирини енгил қилиш, муносиб турмуш шароитини яратиш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш энг устувор вазифа сифатида  қараб келинади.  Чунки, аёл биринчи навбатда  у – она, буюк мураббий, миллат тарбиячиси. Юртимизда аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва имтиёзлари қонунлар билан мустаҳкамланган.

Асосий Қонунимиз бўлган Конституциямизда миллий хусусиятларимиз эътибори ва рамзи сифатида XIV-бобнинг “Оила” деб номланиши бежиз эмас. 63-моддадан 66-моддагача қамраб олинган ушбу бобда оила, оналик ва болалик ҳуқуқлари кафолатланган. Жумладан, 63-моддада “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган.

Жамиятни аёл бунёд этади. Шунинг учун, ҳатто, ислом  таълимоти ҳам аёлни жамиятнинг етук аъзоси ҳисоблаб, унинг ҳуқуқларини қарор топтирди. Муқаддас динимиз таълимоти аёлни ҳаётнинг барча жабҳаларида: илм олишда, меҳнат қилишда, мерос олишда, жамият тараққиётида фаол қатнашишда эркак билан тенг ҳуқуқли қилди. Муслима аёл жамият, сиёсат соҳаларида ҳам ўз фикрига эга бўлди. Бугунги кунда ўзбек аёли ҳар соҳада пешқадам. Ўзининг эзгу ишлари билан жасорат кўрсатаётган аёлларимиздан ҳар қанча ўрнак олса арзийди.

Аммо бугунги кунда айрим аёллар сабабли салбий ҳолатларнинг келиб  чиқаётгани жуда ачинарлидир. Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Ш.М. Мирзиёев иштирокида  2017 йил 15 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда жорий йилда рўй берган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик ҳолати таҳлил қилинганда, аёллар томонидан содир этилган жиноятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Туманимизда ҳам 2017 йилда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда оилаларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш, аёлларнинг, айниқса  ота-оналарнинг  ҳуқуқий билимини, оиладаги масъулият ҳиссини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.  Тиббий-психологик тарзидаги давра ва якка тартибдаги суҳбатлар ўтказишга, нотинч, фарзанд тарбиясидаги ноқобил оилаларни алоҳида назоратга олиб, индивидуал иш олиб боришга, энг муҳими, аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, вояга етмаган фарзандларининг таълим-тарбияси бўйича ота-она, маҳалла, таълим муассасаси масъулиятини янада ошириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Шу мақсадда  туман Хотин-қизлар қўмитаси қошида “Ишонч телефони” ташкил этилди.

Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятни шу куннинг ўзида, ёки эртасига воқеа содир бўлган маҳаллада кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда муҳокама этилаётганлиги, “Пайшанба – профилактика куни”да жойларда тарғибот тадбирлари  ўтказилаётганлиги ўз натижасини бермоқда. 2016 йилнинг 10 ойида туманда хотин-қизлар томонидан 34 та жиноят содир этилган бўлса, 2017 йилнинг 10 ойида 15 та жиноят бўлиб, 56 фоизга камайишга эришилди. Лекин бу  етарли самара эмас. Чунки жиноят содир этган аёлларнинг оилаларида ҳам фарзандлар вояга етаётир. Аслида биронта ҳам аёл жиноятга қўл урмаслиги лозим эмасми?!.

Хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бўлими, “Маҳалла” фонди, “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари, “Юсуф эшон бобо” жомъе масжиди имом-хатиблари билан биргаликда жиноятга мойиллиги бор бўлган оилаларда, қўни-қўшнилар ўртасида тезкорлик билан индивидуал тарзда  тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилиши натижасида ўнлаб жиноятларнинг, оилавий ажрашишларнинг олди олинди.

Оилаларда ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, турли хил салбий ҳолатларнинг олдини олиш, хусусан, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, ўз жонига қасд этиш, иш излаб чет давлатларга ноқонуний чиқиб кетиш  натижасида одам савдоси қурбонига айланиш, фарзандлар тарбиясига етарли эътибор қаратмаслик, оилавий ажрашишлар каби ҳолатларнинг олдини олиш биргина хотин-қизлар қўмитасининг ёки ички ишлар органларининг, ё бўлмаса маҳалланинггина иши эмас, балки барча тегишли ташкилотлар, идоралар, жамоат ташкилотларининг ўртасида ўзаро тезкор ахборот алмашиш,  тизимли ҳамкорлик бўлишини талаб этадиган жараёндир.

Меҳнатга лаёқатли аҳоли, айниқса аёллар ва ёшлар ўзларига муносиб иш топа олмаслиги, оиласига етарли даромад келтира олмаслиги ҳам  оилавий низоларга, турли ҳуқуқбузарликларга олиб келувчи сабаблардан бири ҳисобланади.

Бу борада аҳоли ўртасида олиб борилаётган турли хил тушунтириш, тарғибот тадбирларининг савияси, сифати, мазмуни ҳам жуда катта ўрин тутади.

Қаерда эътиборсизлик, бефарқлик, лоқайдлик, муаммо ёки масаланинг чуқур ичига кирмасдан юзаки ёндашиш каби ҳолатлар бўлса, ўша ерда хатолар кўпаяди. Олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга камчиликлар ҳам борлиги ишимизни сифат ва мазмун, самара ва натижа юзасидан қайта кўриб чиқишимизни, масъулият, жавобгарликни  янада оширишимизни, энг муҳими, фидойиликни талаб этади.

 Оилалар фаровон бўлсагина, жамият ривожи тараққиёт сари юз тутиши асрлар давомида синалган ҳақиқат. Оилада эса аёлнинг ўрни беқиёс. Ҳа, аёл ўз масъулиятини унутмасагина ҳаёт фаровон, турмуш баракали ва зийнатли бўлади.

Марям АҲМЕДОВА, туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Янгиликни бўлишинг: