"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ЭЛЁP МАШАPИПОВ: ЮPТБОШИМНИНГ ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙМАН

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Pеспубликасига ташрифларини қорақалпоқ халқи кўтаринки кайфият ва соҳалардаги улкан ўзгаришлар билан кутиб олдилар. Давлатимиз раҳбари ташриф давомида Қорақалпоғистондаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини кўриш билан бир қаторда Нукус шаҳридаги замонавий кўринишда янги қурилган олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорат мактабида бўлиб, спортчилар фаолиятлари билан яқиндан танишди ва ютуқларга эришган спортчиларга қимматбаҳо совғалар тақдим этди. Таниқли спорт усталари қаторида туманимиздан етишиб чиққан дзюдочи, Европа очиқ чемпионати ғолиби Элёр Машариповга ҳам эришган ютуқлари учун “Малибу” автомобилни совға қилди.

Юртдошимиз Элёр Машариповнинг қувончига шерик бўлиб, таассуротлари ҳақида суҳбатлашдик.
- Спортдаги ютуқларингиз учун Президентимиз томонидан берилган совғани қабул қилганингизда кўнглингиздан қандай туйғулар кечди?
- Мен спортчилар оиласида вояга етганим сабабли, болалигимдан спортга қизиқдим. Отам Шомурод Машарипов спорт мураббийси бўлгани учун, эътибор бериб шуғулланишимга шароит яратиб берди. Онам ҳам доим ғамхўрлик кўрсатади. Шуларнинг шарофати ва юртимиздаги спорт билан шуғулланишга яратилган кенг имкониятлар туфайли, кураш сирларини пухта эгалладим. Бунда менга устозим Чоршам Тажимуродов ҳам яқиндан  ёрдам берди. Чирчиқдаги Олимпиа заҳиралари коллежида таҳсил олдим. Ўзбекистон чемпиони бўлишга муваффақ бўлдим. Нуфузли мусобақаларда  совринли ўринларни қўлга киритдим. Бу ютуқларим эвазига давлатимиз менга Қорақалпоқ Давлат жисмоний тарбия факультетига имтиҳонсиз кириш имконини берди. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, янада кўпроқ ўрганишга интилдим. Натижада дзюдо кураши бўйича дунё миқёсида ўтказилган қатор спорт мусобақаларида нуфузли ўринларни енгиб олдим ва юртимизга ғалаба билан қайтдим. Президентимиз номидан берилган “Малибу” автомобили совғасини қабул қилиб олаётганимда эришган бу ютуқларим арзимасдек кўринди. Энди бундан кейин ўтказиладиган мусобақаларга қаттиқ тайёргарлик кўриб, юртимга бундан-да, кўпроқ ютуқлар олиб келишга ҳаракат қилишим кераклиги кўнглимдан кечди.   
- Мамлакатимизда спортни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларга, қўлга киритилган ютуқларнинг янада кўпайишига қандай ҳисса қўшмоқчисиз?
- Юртимизда яратилган имкониятлар туфайли мен спорт  устаси бўлиб етишдим. Айни пайтда  Нукус шаҳридаги спорт коллежида мураббийлик қилмоқдаман. Бу ерда 100 нафардан зиёд шогирдларим бор. Мен мана шу шогирдларимга ва яна кўплаб ёшларга кураш сирларини мукаммал ўргатиб, спорт усталари, полвонлар, чемпионлар етиштириб, спорт шарафини янада юқори кўтармоқчиман. Яна Ўзбекистон чемпионатида 3 нафар шогирдимнинг ютуққа эришганлигини фахр билан айта оламан. Бугунги кунда давлатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ёшларнинг соғлом бўлиб вояга етишида ва спорт бўйича халқаро майдонларда қўлга киритилаётган ютуқларнинг янада кўпайишида муҳим ўрин тутмоқда. Шундай экан, мен ҳам имконият борича мамлакатимиз спортини ривожлантиришга, муносиб шогирдлар тайёрлаб, Ўзбекистон номини дунёга танитишга ҳаракат қиламан. 
- Келгусидаги режаларингиз қандай?
- Мен доим юртимизда спортга берилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар, биз ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликларга муносиб бўлишга интиламан. Президентимизнинг менга учрашув чоғида “Бу ҳали совғанинг биринчиси, сендан келажакда бундан ҳам катта ютуқларни кутаман”, дедилар. Буни жуда катта масъулият сифатида қабул қилдим. Кейинги йилларда машқларда жароҳат олганлигим сабабли соғлигим пасайиб, мусобақаларда иштирок эта олмаётган эдим. Саломатлигимни тезроқ тиклаб, 2018 йилда ўтказиладиган Осиё Чемпионатида, 2020 йилда бўладиган Токио Олимпиадасида иштирок этиб, биринчиликни қўлга киритишга ҳаракат қилишим лозим. Худо хоҳласа, Ўзбекистон байроғини юқори кўтариб, Президентимнинг ишончини ва совғани, албатта, оқлайман.
- Эзгу ниятларингизга ва муваффақиятга эришингизни тилаймиз ва барчамиз ютуқларингизни кутиб қоламиз.

Журналист Озода Худойберганова суҳбатлашди. 

Янгиликни бўлишинг: