"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

2018 йилда якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкасини пасайтириш таклиф қилинмоқда

Шу йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Ўзбекистон Pеспубликасининг 2018 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар. Мажлисда Ўзбекистон Pеспубликаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Депутатлар таъкидладиларки, мазкур ҳужжатда кўзда тутилган чора-тадбирлар Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилаётган мақсадлар ва устувор йўналишларни, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган. Жорий йилда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштиришни таъминлашга қаратилган куч-ғайратни сафарбар этиш юзасидан талай тизимли ишлар амалга оширилди. Бунда маҳаллий бюджетлар мустақиллигини ошириш, даромадлар тушумларининг қўшимча манбаларини аниқлаш, шунингдек, уларни жалб этиш ҳисобига бюджетнинг даромад қисмини шакллантириш борасида сифат жиҳатидан янгича ёндашувлардан фойдаланилди. Буларнинг барчаси пировард натижада белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш имконини берди. Жорий йил бюджети барча назарда тутилган харажатлар бажарилган ва тасдиқланган дастурлар молиялаштирилган ҳолда ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз профицит билан ижро этилиши кутилмоқда.

Депутатлар ўз эътиборини Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жорий йилда бошланган кенг миқёсли ислоҳотлар қўшимча молиявий ресурсларни талаб қилишига, шу муносабат билан бюджетнинг даромад қисмини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича доимий равишда иш олиб борилаётганлигига қаратдилар.

Давлатимиз иқтисодиётнинг таянч тармоқларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, шунингдек, ижтимоий инфратузилма объектлари, уй-жой-коммунал хўжалиги объектлари, шу жумладан, йўллар қурилиши, сув таъминоти бўйича тасдиқланган дастурларни молиялаштириш ҳамда ўз ечимини талаб қилаётган бошқа муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ ҳажмда бажармоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, мажлис давомида депутатлар бюджетни келгуси йил учун режалаштириш жараёнига жорий этилаётган инновация усулларини юқори баҳоладилар.

Давлат бюджети биринчи марта жаҳон молия институтлари томонидан эътироф этилган макроиқтисодий кўрсаткичлар, баҳолаш индекслари асосида тузилганлиги кўрсатиб ўтилди. 2018 йилда ЯИМ 290,6 триллион сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда, дефлятор 14,1 фоизни, истеъмол нархлари индекси 12-13 фоизни ташкил этади. Давлат бюджетини ЯИМга нисбатан 0,02 фоиз профицит билан тасдиқлаш таклиф этилди.

Шу билан бирга, 2018 йилги солиқ сиёсатининг хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли даромадларига солиқ юкини янада камайтиришни, маҳаллий бюджетлар даромадини оширишни назарда тутувчи асосий йўналишлари белгиланганлиги алоҳида эътироф этилди. Жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтириш, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкасини пасайтириш таклиф этилди. Шунингдек, бир хилдаги солиқ солинадиган базага эга бўлган солиқлар ва тўловларни бирлаштириш йўли билан солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар сонини қисқартириш таклиф этилмоқда.

Таъкидландики, ҳудудлар хусусиятлари ва фаолият кўрсатиш жойи ҳисобга олинган ҳолда, маҳаллий ҳокимият органларига жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва қатъий белгиланган солиқлар бўйича белгиланган базавий ставкаларга нисбатан камайтирувчи ва кўпайтирувчи коэффициентларни қўллаш ҳуқуқининг берилиши уларнинг мустақиллиги ва масъулиятини оширади.

Прогноз кўрсаткичлар 2018 йилда ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар давом эттирилишидан далолат бермоқда. Хусусан, ижтимоий соҳа харажатлари 34,7 триллион сўмни ташкил этади.

Шу жиҳатдан олганда, таъкидлаб ўтилдики, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишда бевосита иштирок этади, шу жумладан, қонунчилик базасини такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу соҳага ажратилаётган давлат бюджети маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши жараёнлари устидан қуйи палата томонидан доимий мониторинг олиб борилмоқда. 2018 йилда мазкур соҳага 9,6 триллион сўм ажратилади, бу жорий йил кўрсаткичларига нисбатан 30,9 фоиз кўпдир. Бу, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурлар доирасидаги барча тадбирлар молиялаштирилишини таъминлаш имконини беради. Депутатларнинг фикрига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаларини, аввало оилавий поликлиникалар, шошилинч ва тез тиббий ёрдам муассасаларини дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш харажатлари кўпайтирилиши кутилаётгани ҳам муҳимдир. Ушбу мақсадлар учун бюджет харажатлари 2018 йилда 2,5 баравар кўпайтирилади. Бундан ташқари, Давлат дастурига ва мамлакатимиз раҳбарининг минтақаларга ташрифи чоғида берган топшириқларига мувофиқ тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш учун 753,6 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар тиббий хизматнинг автомобиль паркини янгилаш, республика ва ҳудудий мувофиқлаштириш-диспетчерлик хизматларининг маълумотларини ягона узатиш тармоғига бирлаштириш бўйича ишларни давом эттиришга тааллуқли таклифларни қўллаб-қувватладилар. Ана шу мақсадлар учун 141 миллиард сўм ажратиш режалаштирилмоқда.

Шу жиҳатдан олганда, соғлиқни сақлаш соҳаси бюджет харажатлар қисмининг устувор моддаларидан бири ҳисобланади ва бу тўла мантиқийдир. Зеро, депутатлар таъкидлаганларидек, аҳоли соғлиғи ҳамма нарсадан муҳимдир.

Шу билан бирга, молиявий қоида бузилишларига йўл қўйилмаслигига, ижро интизомини ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун жавобгарликни оширишга биринчи даражали эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шу сабабли бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда таъсирчан жамоатчилик ва парламент назоратини амалга ошириш долзарб аҳамият касб этади. Маҳаллий бюджетларнинг даромад манбаи мустаҳкамланиши ва уларнинг мустақиллиги изчил ошириб борилишини ҳисобга олган ҳолда маҳаллий вакиллик органлари ваколат ва имкониятларидан оқилона фойдаланилиши ва бюджетга тушумлар тўлиқ бўлишини таъминлаш ишига фаол қўшилишлари керак. Бу борада мамлакат парламенти халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлар корпусига ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Муҳокамалар якунлари бўйича депутатларни қизиқтирувчи барча саволларга батафсил жавоблар берилди.

Мажлисда Ўзбекистон Pеспубликаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракат депутатлар гуруҳининг сўзга чиққан вакиллари Ҳукумат томонидан тақдим этилган 2018 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳасини, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қўллаб-қувватлашни таклиф этдилар. Лойиҳа Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланди.

Янгиликни бўлишинг: