"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

ЭКСПОPТ МАСАЛАСИДА ЭНДИ ТЎСИҚ ВА ЧЕКЛОВ БЎЛМАЙДИ

2017 йил 6 ноябрда қабул қилинган “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори бутун мазмун-моҳияти билан мамлакатимизда ишбилармонлик ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Ушбу Қарорга кўра, экспорт қилувчи корхоналарнинг мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ўрнатилган амалдаги тартиб-қоидаларни янада соддалаштириш, жисмоний шахслар томонидан бундай маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини рағбатлантириш назарда тутилган. Хусусан, мамлакатимиздан экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий қисми, яъни 90 фоиздан ортиғи кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан ёрдамчи хўжаликларда, асосан, томорқа ерларида етиштирилмоқда. Бу ишлаб чиқарувчилар чет эл харидорлари билан шартномалар тузиш ва рухсат берувчи тартиб-қоидалардан ўтиши талаб этиларди. Шу сабабли, улар ўз маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга эмас эдилар.

Президентимизнинг юқоридаги Қарори эса бу каби тўсиқ ва чекловларга барҳам берди. Эндиликда тадбиркорлик субъектларига экспорт шартномаси тузмасдан, уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда, инвойс асосида мева ва сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативлари, шунингдек, уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартиби ҳам белгиланди.

Ўз томорқасида, деҳқон хўжалиги ёки иссиқхона хўжалигида маҳсулот етиштирган кишиларнинг барчаси ҳам ўзи етиштирган маҳсулотини четга экспорт қилишга вақт ажратмаслиги мумкин. Қарорда ана шундай вазиятларда экспорт қилиш учун фуқаролардан мева-сабзавот маҳсулотларини сотиб олиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг фаолиятини амалга ошириш борасида ҳам қулай шарт-шароит яратиш назарда тутилгани айни муддао бўлди.

Қарорда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича, шунингдек, томонлар ўртасидаги дебитор қарздорлик борасида ҳам ҳуқуқий шароитлар яратиб берилгани деҳқон ва соҳибкорлар, тадбиркорлар учун муҳим янгилик бўлди.

Эндиликда туманимизнинг тадбиркор деҳқонлари, томорқа ер эгалари ўзлари етиштирган мева-сабзавот маҳсулотларини чет эл харидорига ҳеч қандай чекловларсиз экспорт қилишлари, бу борадаги ўз бизнесини янада кенгайтиришлари учун барча имкониятлар яратилди.

Абдуқодир ТИЛОВМУPОТОВ, «Туркманистон» ММТП раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: