"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

НИЗОЛАPНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ МУҚОБИЛ УСУЛИ. МЕДИАЦИЯ: ҲАЛҚАPО ТАЖPИБА ВА АМАЛИЁТ

Ҳар қандай мамлакатнинг демократик ривожланганлиги даражаси албатта ушбу мамлакатта инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлик даражаси билан чамбарчас боғлиқдир.

Мамлакатта инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланишини эса муккамал ишлаб чиқилган норматив ҳуқуқий база ва суд-ҳуқуқ тизимисиз тассавур қилиш қийин.

Мамлакатимизда истиқлол йилларида бу борада жуда салмоқли ислоҳатлар амалга оширилди ва давом эттирилмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ислоҳатларнинг энг муҳим йўналишларидан бири, бу – қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборат бўлди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ушбу ислоҳатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу Фармонга илова билан «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар» Дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор алоҳида қонунлар, шу жумладан «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Медиация тўғрисида»ги, «Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида»ги қонунлар лойҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаларидан «Медиация тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи низоларини суддан ташқари тартибга солишнинг асосий тушунчалари, мақсадлари, вазифалари, механизмларини белгилаб беришга қаратилгандир.

Медиация институти тарихига назар соладиган булсак мутахассислар фикрича ушбу тушунча инсон жамиятида низо қачон пайдо бўлган бўлса медиация ҳам бўлган. Тарихдан маълум фуқаролар низолашаётган тарафлар ўртасида сўзлашувлар олиб боришга, бетараф (нейтрал) шахс иштирокида низони ҳал қилишга кўпинча мурожаат қилишган. Инсоният жамияти ривожланишининг ҳар қандай босқичларида медиация усуллари ҳар хил шаклларда номоён бўлган бўлсада, унинг асосий мақсади – тарафларни мустақил тараф иштирокида яраштириш ўзгармаган.

Тарихдан маълум бўлишича, низоларни ҳал қилишнинг яраштирув усуллари ибтидоий жамоа давридан бери қўлланиб келинган. Олимлар фикрига кўра низоли вазиятларни ҳал қилиш учун учунчи мустақил (нейтрал) томонни жалб қилиш зарурлиги энг аввало бу тирик қолиш нияти билан боғлиқ (айрим шахс ёки бутун уруғ-қабила) бўлган.

Ушбу усулни қўллаш Финикия ва Вавилон савдогарлари ўртасида ривожланган бўлган. Қадимий Грецияда воситачиларни қўллаш амалиёти мавжуд бўлган (proxenetas). Pим ҳуқуқи ҳам Юстиниан кодексидан бошлаб (530—533 н. э.), воситачиликни тан олган. Pимликлар «воситачи» тушунчасини белгилаш учун ҳар хил терминлардан фойдаланган — «internuncius», «medium», «intercessor», «philantropus», «interpolator», «conciliator», «interlocutor», «interpres», ва ниҳоят «mediator».

Медиация ўзининг замонавий тушунчасида ХХ асрнинг иккинчи яримидан, дастлаб англо-саксон ҳуқуқи давлатларида - АҚШ, Австралия, Буюкбританияда ривожлана бошлаган ва кейинчалик Европага тарқала бошлаган. Медиацияни қўллаш бўйича дастлабки ўринишлар одатта, оилавий низоларни ҳал қилишга тегишли. Кейинчалик, медиация маҳаллий жамоалар ўртасидаги низолардан тортиб, тижорат ва оммавий соҳалардаги кўпқиррали бўлган низоларни ҳал қилишда ҳам ўз ўрнини топди.

Медиация институти бугунги кунга келиб дунёнинг АҚШ, Германия, Буюкбритания, Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Индия ва бошқалар каби кўпгина мамлакатларида ташкил этилган ва муваффақиятли амал қилмоқда. Шу билан бирга бир қатор давлатларда медиациянинг зарурлиги шу даражага бориб етдики, уни қонунчилик даражасида тартибга солиш мақсадга мувофиқ, айрим ҳоларда эса зарур деб топилди.

Шундан келиб чиқиб ва ушбу институтнинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда  2002 йил 24 июнда БМТнинг Халқаро савдо ҳу­қу­қи бўйича комиссия­си (ЮНСИТPАЛ) томонидан «Халқаро ти­жорат келиштирув процедура­си ҳақида»ги (айрим манбаларда унинг номи «Халқаро савдо арбитражи ҳақида» деб берилган) намунавий қонун қабул қилинган.

Бундан ташқари, ҳозирги кунда 2008 йил 21 майда Европа парламенти ва Европа Иттифоқи Кенгаши томонидан қабул қилинган «Фуқаролик ва тижорат ишларидаги медиациянинг айрим жиҳатлари ҳақида»ги директива,­ 2004 йил 2 июнда қабул қилинган медиаторлар ахлоқи ва муомалаларини ўзида акс эттирган Европа ­кодекси мавжуд.

Ушбу кодекс нормалари асосан фу­қаролик ва тижорат ишлари­га оид медиацияга мўлжалланган. Кодексда медиаторни ­тайинлаш тартиби, унга қўйиладиган талаблар, ушбу фао­лиятда қўлланадиган тамо­йиллар ўз ифодасини топган.

АҚШда бугунги кунда медиация тўғрисида яхлит қонун мавжуд бўлиб, у бунгача АҚШнинг ҳар хил штатларида воситачилик фаолиятини тартибга солиб келган илгаридан мавжуд бўлган 2500 дан зиёд қонун-ҳужжатларини жамлаган. ­

АҚШ амалиёти шуниси билан қизиқарлики, ушбу давлатнинг ҳуқуқ тизими аксарият низолар тарафлар томонидан судгача ихтиёрий ҳал қилинишига қаратилган. Шу билан бирга агар, суд жараёни бошланган бўлса ҳам судья процессни тўхтатиши ва тарафларга низони медиатор ёрдамида ҳал қилишни таклиф қилиши мумкин. Медиаторсиз ушбу давлатда иқтисодиёт, сиёсат, бизнес соҳасидаги биронтаям жиддий сўзлашувлар ўтмайди. АҚШда медиациянинг янги усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Диспутларни ҳал қилиш миллий институти ташкил қилинган, хусусий ва давлат медиация хизматлари ҳаракат қилади, медиация муаммоларини ёритувчи журналлар чоп этилади («Ежеквартальный журнал по медиации»).

Европанинг аксарият давлатларида ҳам иқтисодиётнинг ҳар хил соҳаларида медиаторларнинг воситачилик хизматларидан фойдаланган ҳолда низоларни ҳал қилишда келишувга эришишнинг аҳамиятли муқобил усули саналади; медиация процедурасини тартибга солувчи қонунчилик база, ушбу соҳада малакали мутахассислар таёрлаш нормативлари яратилган.

Беғараз медиаторлар иштирокида ярашув процедураси Буюкбританияда жудаям машҳур. Ушбу давлатда ҳаттоки махсус телефон хизмати бор бўлиб, унга мамлакатнинг ҳоҳлаган чеккасидан қўнғироқ қилиб ва низонинг ҳолатларини, шунингдек медиаторнинг номзоди юзасидан ўзингизнинг дастлабки ҳоҳишларингизни тушунтириб, талаб қилинаётган талабларингизга тўғри келадиган мутахассислар рўйхати бўйича таклифлар олишингиз мумкин.

Шу билан бирга суд ҳимоясига мурожаат қилинганида, агар тараф суд низоси рамкасида суднинг медиация процедурасидан фойдаланиш таклифидан бош тортса, унга низони кўриб чиқиш натижаларидан қаътий назар, барча суд ҳаражатлари юклатилади.

Германияда медиация институти одил судлов тизимига муккаммал тадбиқ этилган. Яъни, медиатор-воситачилар бевосита судлар ёнида иш олиб боради, ҳамда шу билан потенциал суд тортишувлари сонини анча камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга медиация немец судларига нафақат оилавий ишлар бўйича балки, умумюрисдикция, маъмурий судлар в.б. ҳам интеграцияланган. Аксарият немец ҳуқуқ мактабларида доимий медиация курслари киритилган: ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган ҳар бир битирувчи медиация курсларидан ўтади.

Австрия медиатор мутахассислиги профессиялар номенклатурасига киритилган ва медиаторларни таёрлашни ва таёрлашнинг аниқ нормативларини белгиловчи медиация тўғрисидаги федерал қонун ҳаракат қилувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга Австрия қонунчилигида суд иш юритуви жараёнида тузилган медиатив келишув суд томонидан тан олиниши, бир вақтнинг ўзида судгача медиация натижалари суд ҳимоясини олалмаслиги назарда тутилган.

Президентимиз томонидан қабул қилинган юқорида атаб ўтилган қарордан келиб чиққан ҳолда (шу билан унгача ҳам) Ўзбекистонда ҳам олимлар
ва мутахассислар томонидан медиация институтини миллий ҳуқуқ тизимимизга интеграциялаш масалалари муҳокама қилинмоқда. 

Ҳақиқатанда жамиятимизда ижтимоий иқтисодий муносабатлар борган сари тараққий этиб, муносабатларнинг янги-янги турлари юзага келаяпти. Шунга яраша судларда кўрилаётган ишларнинг сони геометрик прогрессия қонунияти асосида ошмоқда.

Иқтисодиёт соҳасидаги хусусан тадбиркорлик муносабатлари соҳасида ушбу медиация усулларини қўллашнинг халқаро амалиёти шуни кўрсатадики, у манфаатли шартлар асосида тараф­ларни муросага келтириш ор­қали улар ўртасидаги ишонч­ни тиклаш, келгусида ҳамкорликни давом эттириш имконини яратади.

Pоссиялик бир қатор олимлар томонидан медиацияни меҳнат низоларини ҳал қилишга кенгроқ қўллаш таклиф қилиниб, унинг суд тортишувларига қараганда қўйидаги афзалликлари айтиб ўтилади.

Медиация процедураси тарафларнинг келишилган ҳоҳиш-иродасига мувофиқ ихтиёрийлик, маҳфийлик, тарафларнинг холислиги ва ҳамкорлиги, медиаторнинг холислиги ва беғаразлиги принциплари асосида ўтказилади.

Бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун судга тарафлардан бирининг (ходим ёки иш берувчи) ҳоҳиш-иродаси асосида мурожаат қилиш мумкин, медиация низолашаётган тарафларнинг ўз-аро ҳоҳиш-иродаси асосида амалга оширилади.

Судда ходим давлат божи тўлашдан озод қилинади, иш берувчи эса уни Солиқ кодекси нормалари асосида тўлашга мажбур, медиация эса ҳам пуллик асосда, ҳам бепул асосда амалга оширилиши мумкин; қойдага кўра тўлов тарафлар томонидан тенг улушларда амалга оширилади.

Медиатор низолашаётган субъектлар хоҳиши билан танланади, судни танлаш эса фуқаролик процессуал қонунчиликда кўрсатилган судловга тааллуқлилик қоидасига кўра амалга оширилади.

Суддан фарқли равишда медиатор ўз ваколатларини профессионал асосда ҳам, нопрофессионал асосда ҳам амалга оширади.

Суд процессига тарафларнинг тортишуви принципи хос ҳисобланса, низони медиация йўли билан ҳал этишда эса айнан ҳамкорлик принципи, ўз-аро мақбул қарорга келишга интилиш муҳим ҳисобланади.

Низони судда кўриш процедураси қонун чиқарувчи томонидан аниқ белгиланган, низони медиатор томонидан ҳал этишда эса, қонунчилик йўли билан ҳал этишдан ташқари, локал ҳал этиш ва низолашаётган тарафлар ўртасида ўзаро мақбул келишув имзолаш мумкин.

Ҳозирги кунда медиациянинг мамлакатимиз ҳуқуқ тизимига жорий этилиши судларининг иш юкламасини анча камайтириши аниқ. Лекин, давлатимиз аҳолисига низоларни ҳал этишда анъанавий суд иш юритуви мехнизмидан фойдаланиш бугунги кунда кўпроқ таниш ва тушунарлироқ, медиация эса ҳуқуқ тизимида янгилик, аҳолининг медиация афзалликларидан хабардорлиги кам. Шу билан бирга  воситачи (медиатор) мутахассислар етарли эмас, уларни таёрлаш механизми йўқ. Бизнингча медиацияни фуқаролар ва бошқа субъектлар муносабатларидаги низоларни ҳал қилишнинг муқобил (суддан ташқари) усули сифатида жорий этишда юқоридаги масалаларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Акс ҳолда ушбу институтни жорий этишдан кутилаётган натижага эриша олмаслигимиз ва энг ёмони фуқароларимизда унинг самарадорлигига ишончсизлик тўйғусининг шаклланишига олиб келиши мумкин.

Е.Утениязов, Фуқоролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси

Янгиликни бўлишинг: