"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилмоқда

Инсон – ҳаёт гултожи. У ҳаёт бўстони аро қадам қўйган кунидан бошлаб, унинг бағрига интилади. Бу бўстон ичра ўзгартишлар, янгиликлар олиб киради. Қизиқишлари, касб-у кори билан ўзгалар эътиборини қозонади. Бундайларни биз яхши инсон, деймиз. Чунки атрофимиздаги ана шундай яхши инсонлар бизга яхши хаёллар суриш имконини беради. Яхши хаёллар эса одамни яшартиради, ҳаётни севишга, ҳаётга жўшқин назар билан қарашга ундайди.

... Жони қил устида турган бола ҳаёти учун уч-тўрт соатлаб зир югурган шифокорнинг хаёлидан бу дамларда ўзи учун азиз бўлган оила, бола-чақа – ҳамма-ҳаммаси кўтарилган. У жанг майдонидаги аскар каби ўзини унутган. Бутун фикр-у ёди жарроҳлик столида жон талашаётган мурғак вужудда. Бола яшаши керак!

Жарроҳлик хонаси эшиги олдида бемор боланинг ота-онаси, яқинлари ҳаёт билан мамот оралиғидаги олов ичра ўртанадилар гўё. "Болам омон қолсин-да...” деган қўрқув бутун хаёлини банд этган ота-она қаршисига ҳорғин жилмайиб чиқиб келган шифокорнинг бир оғиз ширин сўзи уларнинг қалбини, вужудини яшнатиб юборади. Нажоткор шифокор улар учун дунёдаги энг яхши Одам!

Туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг барча бўлимларида беморлар ҳаёти учун масъуллик туйғуси билан муҳнат қилаётган малакали шифокорлар кўп. Айниқса, шошилинч тиббий ёрдам бўлимида энг малакали мутахассислар жамланган. Асосий ставкада ишловчи 10 нафар мутахассис шифокорларнинг 6 нафари олий тоифали, 1 нафари биринчи, яна бир мутахассис иккинчи тоифалидир. Ўриндошлик асосида ишловчи 27 нафар шифокорнинг 16 нафари олий тоифали, уч киши биринчи, бир нафар мутахассис эса иккинчи тоифага эга. Ўрта тиббий ходимлар орасида ҳам олий тоифалилари анчагина. Бўлимда 24 соат давомида узлуксиз иш жорий этилганидан шифокорлар ҳар дақиқада масъулиятни чуқур ҳис қилиб ишлашади.

Шу сабабли Шошилинч тиббий ёрдам бўлимида муолажа олаётган беморлар эътирофи, миннатдорчилиги чексиз.

– Агар давлатимиз томонидан биз шифокорлар учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмаганида тез тиббий ёрдам кўрсатиш масаласида анча қийналиб қолардик, – дейди бўлим мудири Солий Йўлдошев, – Фақат 2010 йилнинг ўзида бўлимга 17 хилдаги тиббий жиҳозлар келтирилди. Бундан ташқари, замонавий талаблар даражасидаги УТТ, эндоскоп, мобиль рентген ва ЭКГ жиҳозларининг келтирилиши, беморларга ўз вақтида ва тўғри ташҳис қўйиш имконини яратди. Соғликни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар нафақат соҳа ходимлари, балки халқимиз ҳаётига ҳам катта ўзгаришлар олиб келди. Намунали тиббий хизматнинг йўлга қўйилиши халқимизнинг меҳнатга қобилиятлилик даражаси ошишини, ўртача умр кўриш давомийлигининг узайишини таъминламоқда. Биз шифокорлар эса муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев айтганларидай, халқимиз биздан рози бўлиши учун ҳар лаҳзада масъулликни ҳис этиб, эл-юрт саломатлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаверамиз.

Биз эса ана шундай эзгу ниятлар билан яшаб, халқимиз қалбида гўзал орзулар, яхши хаёллар уйғотиб ва яхшилик томон ҳар лаҳзада бир қадам қўйиб меҳнат қилаётган шифокорларга ҳамиша яхшилар қаторида бўлишдан асло чарчаманг, касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Суратда: Солий Йўлдошев (чапдан иккинчи) бўлим ходимлари билан

Янгиликни бўлишинг: