"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

МЕЪЁP УНУТИЛГАН ЖОЙДА ТАPТИБ БУЗИЛАДИ

Журналист муаммо кўтаради

Тўй. Бу сўзнинг замирида халқимизнинг энг ширин орзу-умидлари мужассам. Ҳар биримиз учун бу сўз азиз, шу сўз билан боғлиқ умидлар, ишонч ва қатъиятлар муқаддас. Шунинг учун ҳам муқаддаски, айнан шу куни ота-она ўз фарзандининг камолига, орзу-ҳавасига етишади. Бир-бирига талпинган икки кўнгил оила деб аталган муқаддас даргоҳга жуфтлашиб қадам қўядилар, қалбларидаги бир-бирига ишонч, қатъият қаршисида тиз чўкиб, ҳам шаръий ҳам расмий никоҳланадилар. Энг яхши неъматларни тўй дастурхонига қўямиз, энг чиройли либосларимизни шу куни – тўйда киямиз. Меҳмонлар қадамига жонлик сўйилиб, дошқозонларда ширин таомлар пиширилади, шу қутлуғ кунга атаб янги уй жиҳозлари сотиб олинади, уйларимизга янги гиламлар тўшалади. Хуллас, тўй куни жамики эзгу орзу-ҳавасларимиз тантана қилади.

Шунинг учун ҳам кексаларимиз ҳар доим дуога қўл очганларида: топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳар кимни тўйларга етказсин, - дея улуғ ният қиладилар.

Мамлакатимизда халқимизнинг маънавий қадриятлари, орзу-умидларига қиёсан ҳар йилга эзгу бир ном берилишида ҳам ҳикмат бор. 2012 йилнинг "Мустаҳкам оила йили” деб номланиши ёш оилаларнинг моддий фаровонлиги, маънавий камолотига ишора бўлса, 2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб аталиши миллатимизга хос гўзал анъаналар янада такомиллашган, қадриятлар қадр топган оилаларнинг ободон, тўкис ҳаётини таъминлашга қаратилган улуғвор режалар, йилимизга монанд Дастур ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётгани билан ҳар биримиз учун азиздир.

"Обод турмуш йили” Давлат Дастурига мувофиқ турмуш қураётган ёш оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Тўй эса ёшларимиз учун мустақил ҳаётнинг гўзал остонаси. Бу кун ҳар бир қалб учун азиз, муқаддас. Аммо ана шу тўйнинг ҳам асрлар давомида шаклланган ўз қонун-қоидалари бор. Миллатимизга хос бўлган тутумлар, удум ва урф-одатларни кўпни кўрган кексаларимиз жуда яхши биладилар. Чунки улар тўйга тадорик кўришда меъёрга риояэтганлар, исрофгарчиликдан тийилганлар. Айниқса, келин туширишда меъёр, тежамкорлик кекса авлод вакиллари учун энг мақбул таомил ҳисобланади. Ана шу таомил асосида файзли ўтган тўй ниҳоятда бадастир, гўзал удумларимиз, мумтоз маънавий қадриятларимизнинг намойишига айланади. Икки ёш кексаларнинг оқ фотиҳаси билан оила остонасига қадам қўядилар.

Яқин-яқинларгача туманимизда келин тўйлари бошқа вилоят ва туманлардагига нисбатан анча файзли, ибраттамойиллари асосидвва ўтказиларди. Ортиқча дабдабаларсиз, овоз кучайтиргичларсиз, қуда-қудағайларнинг келишувлари асосида ўтган тўйлардан олам-олам таассуротлар қоларди қалбимизда. Айниқса, икки томон келишуви асосида икки ёшга қилинадиган сарпо-суруқларнинг миллий менталитетимизга уйғунлиги кўнгилларга манзур эди. "Келин салом”, "келин кўрар”, "иш буюрар” каби тўй кунги ва тўйдан кейинги удумлар ниҳоятда чиройли, ихчам ўтказиларди. Тўйдан бир кун олдин ўтказиладиган қиз йиғинлари худди Абдулла Қодирий тасвирлаган Кумушбибининг қиз йиғинига монанд бўларди. Келин бўлмишнинг дугоналари йиғилиб, қошларига ўсма, қўлларига хина қўйишарди. Pақсга тушиб, қўшиқ ва лапарлар, айтишувлар айтиб, шеърхонликлар қилишарди. Ҳатто ўз орзуларини кичик-кичик саҳна кўриниши тарзида намойиш этиб, келин қизнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб, ўзлари ҳам тўй баҳона очилиб-сочилиб, яйрашарди. Бундай тўйларни катта ёшдаги онахонларимиз, акахонларимиз ҳамон соғинч билан эслайдилар. Боиси, чиройли ўтган бундай тўйлар улар учун ўз умрларининггўзал манзилига айланиб, хотира кўзгусида нурафшон кун сифатида муҳрланиб қолган. Бугунги тўйларимиз-чи? Бугунги тўйларимиз отчопарда от сураётган чавандозларнинг пойгасини эслатмайдими? Афсуски, кўпчиликнинг дилини хуфтон қилиб, асабини эговлайдиган ҳолатлар тўлиб-тошиб ётибди бугунги тўйларимизда. Асосан барчамиз учун оддий нарсадек туюладиган тўйга санъаткор чорлаш масаласи аслида бугунги тўйларимиздагиэнг долзарб масалалардан бири саналади. Нега десангиз, бир неча йиллаб тўйига тадорик кўрган одам ўз хонадонида ўтказиладиган тантанани ўзига маъқул ва мақбул кунга белгилаш имкониятидан маҳрум. Ҳа, худди шундай! Тўй кунини тўйга таклиф қилинадиган санъаткор "белгилайди”. Санъаткорнинг бўш вақтларидан келиб чиқиб тўй куни белгиланади. Таассуфлар бўлсинки, баъзан санъаткорнинг жавобини, тўғрироғи, "бўш куни”ни кутиб, режа қилинган тўй вақти бир-икки кунга, ҳатто бир ҳафтага чўзилиб кетади. Тўй эгаси: "бор-ей”, деб тўйига бошқа санъаткорни чорлай олмайди. Сабаби, бошқалари ҳам "банд бўлишади” ёки ёшлар элда "юриб тургани”дан бошқасини хоҳлашмайди. Тўй эса истанг-истаманг санъаткор белгилаган кунгача сурилаверади, тўй эгаси санъаткорнинг жавобини кутаверади. Санъаткор эса озгина нафсини тийиб, тўйчини хурсанд қилишни хаёлига ҳам келтирмайди.

Бу ҳам майли, фалон минг сўм пул эвазига, ўз "қадрини ошириб” тўй кунини ўзи белгилаб, хизматга бел боғлаган санъаткорнинг ҳеч жонини қийнамай, "тоққа чиқмай дўлана териб” кетишига нима дейсиз? Қўшиқларни бемалол фонограмма орқали "ижро этиб”, даврани "қасир-қусур”, "банг-бунг”, "гуп-гуп”ларга тўлдириб берган санъаткорнинг аудио тасмадан нима фарқи бор?

Тўйларимиздаги яна бир кўнгилни хира қиладиган нарса бу – ёшларимизнинг "тўй сайри” маросимидир. Аввало шуни минг истиҳола билан айтмоқчимизки, ёшларимиз томонидан "гулянка” деб аталаётган бу маросим ҳаётимизга қандай кириб келгани ҳақида ҳеч ким тугал бир фикр айта олмайди.

Хўш, бундай маросим аввал ҳам тўйларимизда бор эдими ёкиоврўпача тўйларга тақлидан пайдо бўлганми?

Кекса авлод вакилларининг эътироф этишларича бундай маросим аввал ҳам бўлган, лекин бошқачароқ, ҳатто яқин-яқинларда ҳам бу чиройли удум никоҳ тўйларимизга ўзгача файз, ёш-у қарига бирдай хушнудлик бағишлаган. Бу маросим ҳозирги кўринишдан мутлақо бошқача, миллий урф-одатларга мос равишда бўлган. Яъни, авваллари келин аравада, кейинчалик машинада янгалари ва дугоналари қуршовида узатиб борилган. Йўл бўйи бахт ва муҳаббатни, гўзал ҳаётни мадҳ этувчи қўшиқ ва лапарлар куйланган.

Афсус ва надоматлар бўлсинки, агар бугунги тўйларимизда ёшларимиз "гулянка” деб аташаётган маросимни юқоридаги каби тўй сайли дейдиган бўлсак, бу "сайл”нинг турган-битгани ғалвадан бошқа нарса эмас. Агар бу маросимни ёшларимиз рус миллатидан ўзлаштирган бўлсалар керак, деган фикрга борсак таассуфки, рус тилида "гулянка” термини кичкина зиёфат, ўтириш маъносини англатади. Бундан кўриниб турибдики, русларда тўй сайли "гулянка” дейилмайди. Уларда биздаги "гулянка” каби тартибсиз сайрнинг ўзи ҳам йўқ. Қолаверса, рус тилидаги "гулять” – сайр қилмоқ маъносидаги сўздан "гулянка” термини, тўғрироғи, туманимиз лаҳжасида тўй маросими учун жаргон сўз яратилган дейишга эса ҳеч бир асос йўқ. Чунки русларнинг ўзлари тўй маросимларида "гулянка” деган атамадан умуман фойдаланишмайди. Тўй сайлида бизнинг ёшларга ўхшаб ивирсиб юришмайди. Тўйларимизга бўлса-бўлмаса ҳар хил бўлмағур одатларни тиқиштириш шартми? Бинобарин айнан ана шу "гулянка”лар кўпчилик тўйларимизда ҳар хил можаролар ва жанжалларнинг чиқишига сабабчи бўлмоқда.

Барчамиз яхши биламиз, 1998 йилда Президентимизнинг тўй ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ Фармони, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида”ги Фатво ва туман ҳокимининг "Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори матбуотда эълон қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатларда тўй, маросимларни тартибли, ортиқча чиқим ва дабдабаларсизўтказиш, атрофдаги одамлар ҳол-аҳволини ҳисобга олиш, ўзини кўз-кўз қилиш, шухратпарастлик ва манманлик ҳолатларига барҳам бериш борасида зарур қоидалар, йўл-йўриқлар кўрсатилиб, вазифалар белгилаб берилди. Ўша йиллари туманимизда тўй ва бошқа маросимларни ўтказиш борасида анча ибратга лойиқ ишлар амалга оширилган эди. Қиз йиғинлари, келин ва суннат тўйлари анча ихчам, ортиқча дабдабабозликдан холи ўтказилишига эришилганди. Аммо...

Фуқаролар йиғинлари раислари ва маслаҳатчилар, халқ назаридаги мутасадди раҳбарлар бизни маъзур тутсинлар-у кейинги йилларда тўйларимизда бир-бировни менсимаслик, исрофгарчилик, юқорида тилга олганимиз "гулянка”лар сабаб бўлмағур жанжаллашишлар, автоҳалокатлар содир бўлмоқда. Ваҳоланки, 2010 йилнинг 6 январь санасида "Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй, маърака, оилавий тадбирлар ва бошқа маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида” туман ҳокимининг Фармойиши қабул қилиниб,ушбу ҳужжатда тумандаги барча ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарлари учун мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида зарур кўрсатмалар берилди.

Ажабланарлиси шундаки, ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ушбу кўрсатмалар бўйича бир-икки ойгина ишга "жиддий” киришиб кетдилару, белгилаб берилган қоидаларга риоя этиб, вазифаларини бажарган бўлишди, холос. Юқоридаги фармойишга мувофиқ тўйлар (айниқса, келин тўйлари) ҳар қандай дабдабадан холи, тўй сайри учун фақат иккита машина ажратилиб, қиз йиғинлари ихчам, фақат келиннинг дугоналари иштрокида ўтказилиши, бўлғуси келинпошшалар никоҳ либосини ижарага олиб эмас, ўзлари учун янгидан тикдириб, миллийликни сақлаган ҳолда кийинишлари кўрсатилганди. Ҳали айтганимиздай, фуқаролар йиғинлари раҳбарлари елиб-югурган бўлишиб, барча ишни номигагина йўлга қўйдилар, холос. Юқоридан кўрсатма олиб ишлашга ўрганган, тўғрироғи, ўзлари мустақил иш қилишга журъатсиз оқсоқоллар бу борадаги талаб қилинган тартиб-қоидаларни аллақачон унутиб юборишган, дейишга аосимиз бор. Марҳамат!

Фақат 2010-2011 йиллар давомида ҳамда 2013 йилнинг январь ойида туманимизда ўтказилган келин тўйлари (фақат келин тўйлари)да рўй берган тартибсизликлардан ўнлаб кишилар жабр кўриб, ҳатто бир неча киши вафот этганлигини афсуски, қайд этмай ўта олмаймиз. Тўйлар билан боғлиқ тартибсизликлар, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, ҳатто жиноий жавобгарлик билан боғлиқ хунук ҳолатлар Қиличбой ҳамда Қипчоқ овулларининг марказларида, Дўрман овулида кўпроқ қайд этилаётгани ачинарлидир. Хусусан, Қипчоқ овулида яшовчи фуқаро Сардор Матназаров 2012 йилнинг 23 март куни "гулянка” пайтида аслида акасига тегишли бўлган автомашинани бошқариб бораётиб, "Тўлқин” овулида яшовчи Pасул Жуманиёзовни уриб юборган. Натижада Pасулбек оғир тан жароҳати олиб туман касалхонасига тушган. Худди шундай автоҳалокатни содир этган манғитлик Pасул Ибодуллаевнинг айби билан Гулмира Дўсимова исмли йўловчи оғир тан жароҳати олиб, ойлаб азоб тартишга мажбур бўлди.

Бундан ташқари, туман ИИБ ҳузуридаги автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш қоида ва меъёрларига амал қилишни назорат этиш бўлинмаси томонидан тақдим қилинган маълумотларга қараганда туман ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси томонидан 2012 йил давомида ўтказилган тадбирлар давомида 6 нафар ҳайдовчи "тўй сайри” маросимига фуқаролар йиғинлари раҳбарининг рухсатномаларисиз чиқишган. Бу ҳам етмагандай, ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солиб, гуруҳ бўлиб ҳаракатланганлар. 2012 йилнинг декабрь ойида эса спиртли ичимлик ичиб "тўй сайри”дан қайтаётган ёшгина бир йигит автоҳалокатга учраб, ҳаётдан бамаврид кўз юмган. Ваҳоланки, 2010 йил 6 январь санасида қабул қилинган туман ҳокимининг "Туманда аҳоли тинчлигини сақлаш, тўй, маърака, оилавий тадбирлар ва бошқа маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги фармойишининг бир бандида тўйда ва тўйдан олдин ичкиликбозликка барҳам бериш, яна бирбандида эса келиннинг куёвникига келиш вақти белгиланган, тўй сайрида иштирок этадиган машиналар сони иккитадан ошмаслиги ва ҳайдовчилар фуқаролар йиғини раҳбариятининг махсус рухсатномаси асосида ҳаракатланишга ҳақли эканлиги қайд этилган.

Белгилаб қўйилган мезонлар бузилгани, йиғин оқсоқоллари масъулиятни унутганлари боис, юқоридаги каби салбий ҳолатлар тез-тез содир этилмоқда.

Юракларни ларзага соладиган энг хунук ҳодиса Дўрман овулида содир этилди. Яъни, бир яхши инсон элга дастурхон ёзди, очилиб-сочилиб, тўй берди. Аммо бир нокаснинг бадбинлиги боис, тўй азага айланди. 2012 йилнинг 27 октябрь куни тўйга келган хеш-ақраболардан бири – қўшни вилоятдан келган меҳмон, ўз иззатини билмаган Ўктам Ўрозметов исмли шахс маст ҳолда шовқин кўтариб, барчанинг асабини бузди. Тўйда "келин келди” даврасини бошқариб турган саломчи йигит Илҳом Қурбоновнинг бошига темир хаскаш билан уриб оғир тан жароҳати етказди. Оқибатда Илҳом Қурбонов ҳушига келмасдан касалхонада вафот этди, тўй фожиали якун топди.

2013 йилнинг 26 февраль куни эса Манғит-Қипчоқ йўлининг"Чойкўл” овули ҳудудида шахсан ўзимиз гувоҳ бўлган "гулянка” (тўй сайри) маросимида содир бўлган автоҳалокат ҳам гулдай бир йигитнинг ёш умрига зомин бўлди, бир неча киши оғир тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилди.

Афсус ва надоматлар билан қайд этамизки, Қиличбой ва Қипчоқ овуллари маркази, "Қангли” овули ҳамда Манғит шаҳрининг айрим маҳаллаларида ўтказилаётган тўй-маросимларда тартибсизликлар, спиртли ичимлик ичиб, маст-аласт шовқин кўтариш ҳолатлари тез-тез содир бўлаётгани ғоят ташвишли ҳолдир.

Шу ерда ҳақли бир савол туғилади:

Тўй-маросимлар ва бошқа оилавий тадбирларни меъёрида, исрофгарчиликсиз, шовқин-суронсиз, ортиқча дабдабабозликларсиз ўтказиш борасида ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарларига қачонгача юқоридаги каби йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилиши керак? Ахир халқ орасида, маҳаллада айнан шу раҳбарларнинг ўзлари ҳам яшашади-ку! Ўзлари раҳбарлик қилаётган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқ орасида миллий урф-одат ва удумларнинг замонага мос, ҳар қандай дилхираликлардан холи, ихчам тарзда ўтказилишига нега фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари бош-қош бўлишмаётир?

Бундай саволларни қўйишга ҳам етарлича асосларимиз бор. Тўй-маросимларни тартибли ўтказиш билан боғлиқ Президент Фармони, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Фатвоси ҳамда туман ҳокимининг қарор ва фармойишларига яна бир бор эътиборингизни жалб этамиз. Сабаби, ушбу ҳужжатларнинг барчаси моҳиятан бир эзгу мақсадни ифода этади. Яъни, аҳоли тинчлигини сақлаш, фаровонлигини таъминлаш, бир-бировга ҳурмат ва меҳр-оқибат тамойилларига амал қилиш. Лекин минг афсуски, туманимизда камдан-кам фуқаролар йиғинлари оқсоқолларигина бу тамойилга амал қилмоқдалар, холос. Хусусан, Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғини, "Арна бўйи”, "Хизр эли”, "Аёқчи”, "Бўз сув”, "Дарё бўйи”, "Назархон” Манғит шаҳрининг "Ойбек”, "Чордара”, "Олмазор” маҳаллаларида оқсоқоллар, профилактика нозирлари, посбонлар, маслаҳатчиларнинг кенг жамоатчилик билан ҳамкорликлари боис, тўй ва маросимларнинг меъёрида, тартибли ўтказилишига эришилмоқда. Лекин туманимизда биз номларини тилга олмаган ўнлабмаҳаллаларда, назаримизда оқсоқоллар юқоридан янги бир кўрсатма бўлишини кутиб ўтиришганга ўхшайди. Кўпчилик йиғин раислари ўз ваколатларидан келиб чиқиб ишлашнинг уддасидан чиқа олмай, ўта журъатсиз, мустақил фикрга эга бўлмаган оқсоқол эканликларини намойиш этмоқдалар.

Биз юқорида тўйларимиздаги санъаткорлар ва "гулянка”лар билан боғлиқ тартибсизликлар ҳақида тўхталдик. Лекин келинпошшаларимиз "никоҳ либоси” деб кийиб чиқадиган либосларга ҳам бир назар ташламай ўта олмадик. Чунки тўй эгасини қийнаб қўядиган муаммонинг энг асосийси мана шу никоҳ кўйлаги билан боғлиқ.

- Яқинда туманимиздаги ўзига тўқ бир хонадонда қиз йиғинда бўлдик, - дейди нафақадаги муаллима Гулсара опа Камолова, - эртага куёвникига узатилиб кетадиган қизнинг қиз йиғини номдор бир тўйхонада ўтди. Хотин-халаж, бола-бақра, ёши катта эркаклар билан ёш-яланглар аралаш-қуралаш, шовқиндан бош айланадиган даражадаги "қиз йиғин”! Келин бўлмишнинг эгнидаги либосдан тўғриси, биз уялдик. Тўйидан бир кун олдин ота-онаси, ака-ука, опа-сингиллари олдида ярим-яланғоч кийиниб олган қизнинг эса парвойи палак. Эгнига этаги тандирдай, орқаси белигача, ҳатто кўкракларининг ярми очиқ оқ либос кийиб, ўртадан чиқмай рақсга тушиши, бу ўйин даврасида 60 ёшдан ўтган ота-онаси, ота-онасининг дўстлари, ҳатто раққосанинг устидан пул сочиб ўйинга тушаётган 80 ёшни қоралаб қолган момо ва буваларининг ҳатти-ҳаракатларидан чарчаб, тўйхонани тарк этдик. Билсак, шу куни келин бўлмиш қизгинанинг эгнидаги либосни бир миллион сўмга, ижарага олишган экан. Бир миллионга, фақат икки соатга-я! Яна ижарага, ўзиники эмас! Боз устига либосда на миллийлик бор, на нафосат. Ачинарли томонишундаки, кўйлакнинг фасони, дизайни ўзбекчилигимизга ҳам, шариатимизга ҳам асло муносиб эмас...

Опанинг куюнчаклик билан айтган бу гапларида жон бор. Агар масаланинг моддий томонига эътибор берадиган бўлсак, 1000 000 сўм пул бир бойвачча учун чўт эмас. Лекин ўртамиёна оила-чи? Бундай оила узатилаётган қизга шунча пулга ижарага никоҳ кўйлаги олиб бера оладими? Албатта, йўқ. Шуни эътиборга олган ҳолда қабул қилинган туман ҳокимининг қарор ва фармойишларида келин қизларимизнинг ижарага никоҳ кўйлаги кийишларига тамоман барҳам бериш зарурлиги қайд этилганини барчамиз яхши биламиз. Айнан ана шундай ижарага кўйлак олиб кийиш оқибатида, ижара пули можароси боис қуда-қудағайлар ўртасига низо ва жанжаллар, аразлар аралашганини ҳам яхши биламиз. Лекин шундай бўлса-да ҳамон фалон минг сўмга ижарага никоҳ либоси кийиш ҳолатига барҳам берилаётгани йўқ. Ваҳоланки, бир неча киши томонидан кийилган никоҳ либосининг соғлик ва гигиенага зид эканлиги тиббиёт нуқтаи назариданаллақачон ўз исботини топган. Қолаверса, туман газетаси орқали қайта-қайта кийилган никоҳ либоси орқали касаллик юқтирган келинлар ҳақида мунтазам равишда мақолалар, халқнинг асосли эътирозлари ёритилиб борилмоқда. Буларнинг барчаси туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб борувчи мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, айниқса ёшлар ташкилотлари, маҳалла оқсоқоллари, имомларининг зарур хулоса чиқаришлари учун етарли асос бўла олмайдими? Албатта ,бўла олади!

Фақат бунинг учун масъулларимизнинг бир озгина вазиятдан чиқиб ишлашлари, дадил ва журъатли бўлишлари кифоя. Бизнинг мақсадимиз эса ҳамиша холис. Тўй эгаси тўйини эмин-эркин, ўзи хоҳлаган кунда ўтказса, санъаткорлар эса ўзларини бозорга солавермай, камтарроқ бўлишса, деймиз-да. Шунчалик манманлик кўчасида юришсалар-да Давлат солиқ идораси томонидан жиловлари тортиб қўйилмаётган санъаткорлар ҳам меъёрни унутмасалар. "Тўй сайри” деган турган-битгани моддий ва маънавий зарардан иборат маросимни кўчалар бўйлаб сафга тизилиб юрувчи тартибсиз машиналар колоннасидан ҳақиқий ўзбекона тўй сайрига айлантириш ҳақида бир ўйлаб кўриш керак эмасмикан? Ёшларимиз тўй сайрида битта ё иккита машинада баҳаво бир жойга бориб дўстлари билан хурсандчилик қилишса, ўйнаб-кулишса, юқоридаги каби кўнгилсиз ҳолатлар умуман юз бермасмиди? Энг муҳими, ана шу номаъқул маросим учун кетадиган маблағ тежаларди, тўй эгаси бир муаммодан халос бўлиб, кўнгиллар хотиржам бўларди.

Никоҳ либослари билан боғлиқ муаммо бизнингча, энг жиддий муаммодир. Бу ҳақда нафақат тўй соҳиблари, балки шу ҳудудга масъул шифокорлар, профилактика нозири, маҳалла оқсоқоли, имом ва маслаҳатчи, ҳатто эл катхудолари, кайвони оналаримиз ҳам яхшилаб ўйлаб, хулоса чиқаришлари жоизга ўхшайди. Чунки либос – одамнинг маънавий қиёфасини белгилайди. Айниқса, никоҳ либоси. Жуда қадим-қадимдан унинг тоза ва оҳорлилиги, миллийлиги муҳим ҳисобланган. Шуни эътиборга олган ҳолда тикувчи-дизайнерларимиз миллий менталитетимизга мос ва муносиб никоҳ либосларини яратсалар, бу борада туман хотин-қизлар қўмитаси бошчилигида никоҳ либослари дизайни йўналишида танловлар уюштирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Туманимиздаги никоҳ либосларини ижарага бериш билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг ишини тартибга солиш, уларнинг ишида янгиликлар яратиш пайти етди, деб ўйлаймиз.

Тўйлардан олдин бўлиб ўтадиган сийноқ, кенгаш каби маросимларни оилавий тадбирга айлантириш жоиз. 50-60 нафар, балки ундан-да ортиқ кишини йиғиб, спиртли ичимлик ичиб, тўй маслаҳатини қилиш шартми? Ахир тўйга кимга ва қанча одамга айтилишини тўй эгасининг ўзи яхши билмайдими? Бутун маҳаллани йиғиб, ичкиликни ўртага қўйиб маслаҳат оши бериб, ортиқча харажат қилишнинг нима кераги бор?

Шу ўринда ҳурматли Президентимизнинг: "...Қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият енгилмас кучга айланади”, - деган ҳикмат ва қудратга тўла сўзларини келтирмай ўта олмаймиз. Ахир тўй – инсоният билан бирга туғилиб, миллион йиллар давомида сайқалланиб, шаклланган маънавий ёдгорлигимиз. Бу табаррук маънавий қадриятимиз билан боғлиқ удумлар ва тутумларни ўзимизга мос,оиламиз иқтисодига муносиб тарзда ўтказсак, аввало кўнглимиз обод бўлмайдими? Ахир кўнгилдаги ободлик – оила, маҳалла, она Ватан ободлигига тимсол эмасми, азизлар. Қолаверса, ҳар жиҳатдан яққол намоён бўлғуси ободликда юксак маънавият акс этиб турмайдими?

Қуръони Каримнинг "Исро” сурасида Аллоҳ таоло марҳамат қилибшундай деганлар: "... исроф қилувчилар шайтоннинг биродарлари”дир , яна, Ҳадиси-шарифларда ҳам исрофгарчиликдан қайтарилиб, тежамкорликка тарғиб ва ташвиқ этилади. Жумладан:

"Аллоҳнинг ноз-неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайр-эҳсон қилинглар, кийиниб-ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар”.

Яна бир бошқа Ҳадиси-шарифда: "Бойликда ҳам, фақирликда ҳам, ибодатда ҳам мўътадиллик яхшидир”, - дейилса, тежамкорлик хусусидаги ҳадисда: "Тежамкор киши ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”, - деб таъкидланади.

Демак, Аллоҳнинг амри, ризоси билан никоҳлари тушиб, тўй бўлаётган хонадондаги тартибсизлик, исрофгарчилик ва манманлик ҳолатлари муқаддас динимизга ҳам ёт иллатлардандир. Шундай экан, меъёрни унутмайлик. Меъёр бор жойда тартиб бўлади. Тартиб эса осойишталик мезонидир. Ҳаётимизда осойишталик ҳоким экан, оилаларимизда фаровонлик, ободлик барқ уриб тураверади. Бизнинг мақсадимиз ана шудир, азизлар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

www.amunews.uz веб-сайтимухбирлари.

Янгиликни бўлишинг: