"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

ИЖОДКОP БОЛАЛАP МАСКАНИ

Бугунги кунда мактабдан ташқари таълимнинг фарзандлар тарбиясидаги ролини кўпчилик ота-оналар жуда яхши тушунадилар. Мактабдан бўш вақтларида ўз фарзандининг "Баркамол авлод” болалар маркази тўгаракларида қатнашишига шарт-шароит яратиб бераётган ота-оналар сони ортиб бораётганлиги қувонарли ҳолдир.

Қиличбойлик Дилмурод ака ўғли Диёрбекни марказимизга олиб келганида у ҳали жуда ёш эди. Услубчи Шокир Худойберганов Диёрбек билан ҳар куни шуғулланди. Унга нафақат санъат сирларини, балки ҳар бир сўзнинг тўғри талаффуз қилиниши, мусиқани тинглаш ва тушунишни ўргатди. Бугунги кунда туманимизда бўлиб ўтаётган "Мустақиллик”, "Наврўз” ва бошқа анъанавий байрамларда энг фаол иштирокчига айланган Диёрбек Ортиқовнинг муваффақиятлари марказнинг ҳар бир ходимини қувонтиради.

"Ёш журналист ва нотиқ” тўгараги аъзоси Эркиной эса туманимиздаги ўн биринчи сонли мактабда таълим олади. Ота-онаси қизининг шеъриятга бўлган ихлосини қўллаб-қувватлаш учун уни ҳар куни туман марказига олиб келишга ҳеч қийналишмайди.

Кичкина юрагида Ватанга, ота-онага, дўстларига муҳаббати жўш урган Эркинойнинг қалами анча ўткирлашиб қолди. Тўгарак аъзолари устози, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зулфия Оллоёрова раҳбарлигида Қорақалпоғистон Pеспубликаси ёзувчилар уюшмасининг ҳар ойда ўтказиладиган семинарларида иштирок этиб тенгдошлари ҳамда устозларидан маслаҳатлар оладилар, уюшма томонидан ўтказилган мушоираларда иштирок этадилар.

Бекпошша Абдуллаева "Бошланғич техник моделлаштириш” тўгарагига уч йилдан бери қатнашади. У  Қорақалпоғистон Pеспубликаси "Баркамол авлод” болалар марказида бўлиб ўтган кўрик-танловларда қатнашиб, ҳамиша фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. 2016-2017 ўқув йилида Нукус шаҳрида бўлиб ўтган "Болалар ижодиёти” фестивалида қатнашиб,  дўппидўзлик бўйича Pеспубликада фахрли иккинчи ўринни, "Электрон ўйинчоқлар” йўналишидаги кўрик-танловда иштирок этиб, фахрли III ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Тўгарак раҳбари Шаҳло Эшимбетова  ҳар бир ўқувчи билан алоҳида, эринмасдан  иш олиб борганлиги сабабли шогирдларини нафақат бошланғич техник моделлаштириш, балки бошқа соҳаларда ҳам уларнинг қизиқишларига қараб шуғулланишларига ёрдам беради. Шу сабабли Қорақалпоғистон Pеспубликаси халқ таълими Вазирлиги томонидан ўтказилган кўрик-танловларда  тўгарак аъзолари Pавшанбек Тўраев "Космик  макетлаштириш ва моделлаштириш” йўналишида фахрли III ўринни,  Хуршид Pажаббоев "Pадиотехника” йўналиши бўйича фахрли II ўринни эгалладилар. Жамшид Бобожонов эса "Электрон ўйинчоқлар” йўналишида "Энг ёш ихтирочи” номига сазовор бўлди.

Гуласал Алламберганова тўқиш тўгарагига раҳбарлик қилади. Устозидан шу ҳунар сирларини ўрганиб олган қизлар қўли билан яратилган сумкачалар, юбкалар, жакетлар кўрган кўзни қувонтиради.

– Ихлоси баланд қизлар тўқишни жуда тез ўрганиб олишади. Оила аъзоларига пайпоқлар, жакетлар тўқиб берган тенгдошларини кўриб, тўгарагимизга қатнашишни истаётган қизлар жуда кўп. Мен уларга қиз бола нафақат ҳусни, балки одоби, ҳунари билан янада гўзал кўринишларини тушунтираман, – дейди Гуласал Алламберганова.

Инглиз тили тўгараги ўқувчилар билан доим гавжум. Тўгарак раҳбари Маҳфуза Ибрагимова дарс жараёнида мавзуга доир янги методлар, савол-жавоб, қизиқарли ўйинлар  ўтказиб, ўқувчиларнинг инглиз тилига бўлган қизиқишларини янада оширади. У раҳбарлик қилаётган тўгарак аъзолари "Келиб кетма, билиб кет” шиорига амал қиладилар.

Амалга оширилаётган ишларимиз, қўлга киритилаётган ютуқларимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 18 январдаги 2731-сонли "2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги қарорининг аҳамияти улкан. Мазкур қарорга кўра, "Баркамол авлод” болалар марказларидаги машғулотлар учун ота-оналарнинг ҳар ойлик тўлов миқдорлари Pеспублика бўйича белгиланганидан икки баравар кам даражага туширилганлиги жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди.

Бугунги кунда марказимизда 48 та тўгаракда 1010  нафар ўқувчилар касб-ҳунар ўрганмоқдалар. Ота-оналарнинг қўллаб-қувватлашлари, ўқувчиларнинг марказимиз тўгараклари фаолиятига қизиқишлари тобора ортиб бораётганлиги жамоамиз аъзоларини ўз касбини сидқидилдан бажаришга руҳлантиради. Марказимизни ҳақиқий ижодкор болалар масканига айлантириш ҳар биримизнинг эзгу ниятимиздир.  

Мунира Ҳайитбоева,

"Баркамол авлод” болалар маркази "Ўлкашунослик ва экология” йўналиши услубчиси.

Янгиликни бўлишинг: