"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

МЕҲНАТДАН КЕЛСА БОЙЛИК…

2013 йил – Обод турмуш йили

Обод ҳаёт деган тушунча муҳтарам Юртбошимизнинг таъбири билан айтганда азал-азалдан халқимизнинг онгу тафаккурида авваламбор фаровонлик, тўкинчилик, мўл-кўлчилик, қут-барака, бозорларда арзончилик маъносини ўзида мужассам этиб келади.

Қишлоқ аҳли мана шу тўкинчилик ва мўл-кўлчиликни хазина ҳисобланиш бир парча ери – томорқаси орқали яратади. Бугунги кунда юртимизда ўз томорқасида оқилона меҳнат қилиб, катта даромад топаётган, рўзғорига барака киритаётган, оиласидан ортганидан бозорни обод қилаётган кишилар кўплаб топилади.

Қуйида биз шахсий томорқа хўжалигини ривожлантириб, оиласининг тўкин яшашига, обод турмуш кечиришига шароит яратган меҳнаткаш ва ишбилармон бир инсон ҳақида ҳикоя қиламиз.

«Чойкўл» овулида Ўринбой Бозорбоевни фахрий ўқитувчигина эмас, балки ишнинг кўзини биладиган деҳқон сифатида ҳам яхши билишади.

Узоқ йиллар туманимиздаги 38-умумтаълим мактабида, кейинчалик туман халқ таълими бўлимида ишлаб, ёш­ларга устозлик қилган Ўринбой ака кексалик нафақасига чиққач, уйига сиғмай қолди. Ишсиз қолиш унга тўғри келмади. Болалари, келинлари ишга кетишгач, ҳамма ёқ ҳувиллаб қолгандай, ўзини ёмон ҳис қилди. Умр йўл­доши Бибихадича опа куймаланиб гоҳ томорқага, гоҳ мол-ҳолга югуради. Аёлига қарашиб юриб миясига бир фикр келди: «бозордан бир-иккита майда қўзи-улоқ олиб боқсам, ҳам эрмак, ҳам яхшигина даромад бўларди», - деб ўйлади у.

Кечқурун бу фикрини ўғилларига айтди:

-Одамлар олиб-сотарлик қилаяпти, дейишмайдими? - Ўртанча ўғли Икромжон иккиланиброқ отасига юзланди.

-Шундай қилсак олиб-сотарлик бўлмайди, болаларим, - тушунтирди у фарзандларига. - Ахир биз кичик ёшдаги қўзи-улоқларни сотиб олиб, боқамиз, семиртириб, кейин сотамиз, қолаверса, меҳнат қиламиз-ку! Буни ишбилармонлик дейишади, ҳам ўзимизга, ҳам халққа фо­й­да бўлади.

Шу куниёқ оиланинг бор даромади ҳисоб-китоб қи­линиб, бозор кунига тайёрлаб қўйилди. Лекин...

-Одам ҳамма вақт ҳам ўйлаган режасини амалга ошириши қийин бўлар экан, Аллоҳнинг синовими, оиламиз кетма-кет дард ва ташвиш гирдобида қолди, - қийналган дамларини хўр­синиб эслайди Ўринбой ака. - Аввал келин, кейин аёлим, ўзим, бирин-кетин ўғилларим касалланиб бир оёғимиз шифохонада бў­либ қолди. Етар-етмаслик сабабидан ҳатто ҳовли-жойимни сотмоқчи ҳам бўлганман. Агар эшигим олдидаги 5-6 сотих еримиз бўлмаганида, билмадим, ҳаётимиз ҳозир қандай кечарди...

Оғир хасталикдан оёққа турган Ўринбой аканингшундай қарорга келгани айни ҳа­қиқат эди. Ахир ейман-ичаман, деб турган 10-15 жон, бунинг устига ўзи билан аёлининг нафақа пулидан бошқа кирим бўлмаса. Қора қозон қайнатишнинг ўзи муаммо бўлиб турганида ҳов­ли-жойини сотиб, кичикроқ уй олишни режа қилишганди ўшанда. Ўғиллари ҳовли-жойни сотишдан кўра таваккал қи­лишни афзал кўришди. Ўр­танча ўғли Икромжон таниш-билишларидан пул қарз олди. Бу пулга икки йил аввалги тузилган режа бўйича бозордан бир-иккита қўзи-ю улоқ сотиб олишди. Ўринбой ака неваралари билан уларни ўтлоққа олиб чиқиб боқди. Бир ойдан сўнг сал эт бойлаган қўзиларни сотиб, кўп­роқ қўзи олишди, ўн-ўн бешта товуқ олиб келишиб, паррандалар сонини ҳам кўп­айтиришди. Қўй-қўзи, парранда сони ошган сари оила дастурхонига қут-барака кирди. Авваллари 4-5 тагина қўзи-улоқ боқишган бўлса, эндиликда 50-60 та қўй-қўзили, 5-6 та қорамолли, бир гала паррандали кичик деҳқон хўжалиги соҳибига айланган собиқ муаллим Ўр­инбой Бозорбоевнинг бугунги турмуш тарзи ҳавас қилса арзигулик. 25 сотих томорқа хўжалигида маҳалладошларининг таъбири билан айтганда «жонингга не керак бўлса, ҳамма нарса бор».

Эртаги пиёздан тортиб сабзавот ва полиз экинларининг барчаси гуркираб ўсиб ётадиган бу хонадондан одам оёғи узилмайди. Бибихадича опа бошчилигидаги келинлар авваллари қўшнилардан сут-қатиқ, тухум сотиб олишган бўлса, энди ўзларидан ортганини қўш­ниларга, шаҳарга олиб чиқиб сотиб келишади. Ўсимлик ёғи билан ширинликдан бошқа ҳам­ма нарса томорқада етиштирилади. Бу ёғини сўрсангиз, парранда гўшти-ю тухум, са­риёғ мўл-кўл. Ҳар икки ойда бир марта қўй сўйилиб, келинлари ҳар хил лаззатли таомларни пишириб, дастурхонга тортишади.

-Шу томорқа хўжалигимиздан келадиган даромад ўзимизга етиб, ортади, - дейди шукроналик билан Ўринбой Бозорбоев. - Эртаги пиёз, картошка, помидордан ҳар йили яхшигина даромад оламиз, айниқса, эртаги картошкамиз харидоргир бўлади. Картошканинг биринчи чопиғидан кейин эгатларига қовоқ, кузги бодринг экамиз. Ҳар бири бир қучоқ ширин қовоқ, челак-челак бодринг териб оламиз. Кузги буғдой ўрнига эса мол ўти ёки мош экиб ташлаймиз. Парваришидан қў­лингизни узмасангиз ёзнинг ўртасида сепган маккажўхори уруғи кузда мингта бўлиб хирмонингизни тўлдиради. Буғдой ўримидан кейинги эккан маккажўхорининг ўзидан камида 1 тонна макка дони, арава-арава яшил ўт йиғиб оламиз. Фақат ишни ўз вақтида қилишни билсангиз бўлди.

Ўринбой аканинг фарзандлари бири-биридан меҳнаткаш, келинлари уйим-жойим, рўзғорим, дейдиганлардан. Катта ўғли Баҳромжон иккинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, меҳнат қилишдан асло чарчамайди, ўз оиласи ташвишларидан ортиб, отасига кўмак бериб туради. Ўртанча ўғли Икромжон билан кенжа ўғил Азаматжонлар "Чойкўл” овулидаги фермер хўжаликларида ҳисобчи бў­либ ишлаш билан бирга оиладаги масъулиятларини ҳам яхши ҳис этадилар. Мол-ҳол, қўй-қўзилар парвариши уларнинг асосий ишига айланган. Кичкина Достонбек эрталаб ва кечқурун қўй-қўзиларини қишлоқ чеккасидаги яйловга ёйиб, ўтлатиб қайтади.

Хуллас, бу хонадонда ҳамманинг ўз юмуши бор, ҳамма ўз зиммасидаги ишни вақтида, ихлос билан бажаришга одатланишган. Оиладаги мана шу тартиб ва интизом боис, бундан 5-6 йил аввал етар-етмаслик оқибатида ҳовли-жойини сотишга қа­рор қилган Ўринбой муаллим бугун маҳалланинг ўзига тўқ, бой хонадон соҳибларидан бирига айланди.

-Шу 25 сотих ерда деҳқончилик қилиб, сурувли қўй-қўзига, қўра тўла мол-ҳолга, гала-гала паррандага эга бўлдим, - дейди у мамнуният билан. - Икки ўғлимга икки жойда саройдай иморат тиклаб бердим, қўша-қўша тўйлар қилдим. Ҳар йили ҳеч бўлмаганда бир марта ўзим, аёлим, фарзандларим ҳам Ўзбекистоннинг энг яхши дам олиш масканларида дам олиб, соғлигимизни мустаҳкамлаб қайтамиз. Ма­на, бир-икки кун бўлди, сўлим Фарғонанинг «Чимён» саноторийсида яйраб дам олиб келдим. Мустақилликнинг шарофатидан бу! Меҳнат қилиб пул топдингми, қандингни ур! Чиройли кий, еб-ич, дам ол, машина мин! Бундан ортиқ эркинлик, бундан ор­тиқ ҳурлик йўқ. Даромадимизни чамалаб кўр­сам, бемалол машина олишга қурбимиз етаркан. Яқинда оиламизга ўзимизнинг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналардан энг зўрини олишни режа қилаяпмиз. Томорқа хўжалигимиз орқасидан оиламизга буромаддан кўра даромад кириши кўпроқ-да! Буғдойдан олган ҳосилимиз икки ўғлимнинг оиласи билан ўзи­м­нинг оиламга бир йилга етиб ортади. Полиз ва сабзавот экинлари, мева-чевани-ку айтмасак ҳам бўлади.

Ўринбой муаллимнинг боғида ҳам ўтган кузда ҳосил мўл бўлди. Узумнинг ўзидан бир дунё мева йиғиб олиб, омборхона шифтига осиб қўйишди. Халқимиз «боғни боқсанг бор бўлади, ботмон даҳсар ёғ бўлади» деган иборани бежиз айтмаган.

-Минг-минг шукур, ерни боқиб бой бўлдим, ҳа­қиқий Ўринбой, Ўр­ин­бой қўй­ли деган ном олдим, - дейди фахрий муаллим ифтихор билан. - Айримлар меҳнатдан бошим чиқмайди, шунда ҳам косам оқармайди, деб нолишади. Бундай дегувчиларга бир оғиз нордон гапим бор:

-Меҳнатни вақтида, билиб қил. Ерга уруғни сочиб, кузда ҳосилини йиғиб оламан, деб бемалол юрмай, сувига, чопиғига, ўғитига қара. Шу­н­да ер ҳам, экин ҳам, ўзинг ҳам яйрайсан. Меҳнат сенга байрамдай туюлади.

Куюнчаклик билан айтилган ушбу гап Ўринбой муаллимнинг меҳнатга оддийгина муносабати. Агар чуқурроқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу унинг ўзини ҳурмат қилишни билган одам қачон ва қандай меҳнат қилиб, унинг роҳатини кўришни ҳам билади, дегани. Бундай яшаш эса оилага нафақат бойлик, мўл-кўл даромад, балки хотиржамлик ҳам олиб келиши табиий. "Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” деганлари шу-да!

Суратларда: 1. Ўринбой Бозорбоев фарзандлари билан биргаликда ўз томорқасидаги мевали дарахтларга шакл бермоқда. 2. Ўринбой аканинг неваралари ҳам қўй-қўзиларни боқишга яқиндан ёрдам беришади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

www.аmunews.uz мухбирлари.

Янгиликни бўлишинг: