"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ҲАЁТ САБОҚЛАPИ

Сувга ахлат супурган келин

Сайёра шаҳардан қишлоққа келин бўлиб тушди. Оилада ёлғиз қиз бўлганигами ёки икки нафар келинойиси ҳамма юмушларни ўз зиммаларига олганлариданми, Сайёра уй тутиш, дастурхон безатиш, меҳмон кутиш каби оилавий маросимларга унчалик аралашмас, бунга қунт ҳам қилмасди. Аввал институтга кириш учун бундай масалаларни четга суриб қўйган бўлса, талабалик пайтида ўқишдан бўш пайтларида дам олишни, дугоналариникига меҳмондорчиликка боришни хуш кўрарди. Баъзи-баъзида энаси:

– Сайёра қизим, бир куни сен ҳам келин бўласан, чечаларингга қарашиб турсанг, ҳамма ишни ўрганиб оласан, – деганида у:

– Қўйсангиз-да, эна, – дерди эркаланиб, – бошимга тушганида бинойидай ўрганиб оламан...

Мана, Сайёрахоннинг "бошига тушди”ям, келин бўлди. Бир ярим ойдирки, у келинлик вазифаларини вақтида уддалай олмаганидан тез-тез хижолат бўлади. Эшиклари олдидан ўтувчи ариқ доим тўлиб оқади. Яхшиям Сайёра сувни ўз уйидаги келинойилари каби нариги кўчадаги водопровод тармоғидан ташимайди. Шундоқ ариққа челакни ботиради-ю олади, бир пасда кўчага сув сепиб чиқади. Лекин...

Бугун ҳам у тонгда кўча юзини супургани чиқди. Ҳар кунги одати бўйича кўча юзидаги майда-чуйда ахлатларни шарқираб оқаётган ариқ томон супуриб ташлади. Зилол сув юзи чанг, хас-чўпдан хиралашди. Сайёра супургини бир четга қўйиб, қўлидаги челакни энди ариққа ботирганида қўшни ҳовлидан чиқиб келаётган Pозия момо ҳассасини кўтариб бақирди:

– Ҳой, келин, қани челакни қўйиб бунда кел!

– Тонг билан бу кампирнинг менда нима иши бор экан, одамни ишдан қолдириб, – ўзича ғудранди Сайёра ва кампирнинг олдига бориб эгилиб салом берди.

– Ассалом, момо!

 Момо унга бошдан-оёқ разм солди-да:

– Вой Орзугулнинг келини-я, ҳали салом беришни ҳам  билмайсанми? – деди бошини сарак-сарак қилиб. – Ассалому алайкум, дейишни ўргатмаганми сенга? Қани бошқатдан салом бер!

Қўшни момо то Сайёра тузук салом беришни ўргангунча алик олмади. Сўнг уни ариқ бўйига олиб борди-да:

– Қизим, – деди жиддий, – ҳар куни ариқдаги сув юзида майда-чуйда ахлат оқади, буни ким қилаётганини билмасдим. Мана бугун ўз кўзим билан кўрдим. Энди қўлинг  билан анов оқиб кетаётган хас-чўпларни ол!

Ариқ четларидаги ўт-ўланларга илиниб, ҳар жой-ҳар жойда сув юзида тўпланиб қолган, ҳозиргина ўзи ариққа супуриб ташлаган ахлатларга қараб Сайёра нотўғри иш қилганини англаб, уялиб кетди. Ариқ ёқалаб юриб ахлатларни сув юзидан олиб, бир жойга тўплади.

– Кўрдингми, – деди момо, – сен ариқни булғадинг, бу сувга қалқиб чиққани, чўкиб, сувни булғагани қанча? Бу ариқдан қанча одам томорқасини, мол-ҳолини суғоради. Юз-қўлини, кир ювиш, чайиш, идиш-товоқ ювиш учун фойдаланади. Иккинчи бундай қилма, бу гуноҳ, болам! Олдингдан оққан сувнинг қадрини бил!

БЕТГАЧОПАP

Турдигул энанинг бир одати бор: у тонгги намоз ибодатидан сўнг уйлари яқинидан оқиб ўтувчи канал бўйида айланиб юришни яхши кўради. Бугун ҳам ҳар галги одатини канда қилмай, канал бўйига чиқди. Ялпизлар ҳиди уфуриб турган тонг  ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди. Уфқдан аста бош кўтараётган қуёшнинг алвон нурларида жимирлаб оқаётган канал суви юзасида гоҳ қалқиб, гоҳ чўкиб бораётган сон-саноқсиз помидорларга кўзи тушди-ю кўнглидан:

– Бирон киши бозорга сотгани олиб чиққан помидор тўла идишини кўприкчада ағдариб қўйган шекилли, – деган ўй ўтди.

Аста канал устига қурилган қўлбола кўприкча томон юрди. Ҳеч ким йўқ. Турдигул эна ҳайрон бўлиб атрофга аланглади. Икки уй наридаги қўшнининг келинига кўзи тушди. У канал бўйида ғимирлаб, нимадир қилар, дов-дарахтлар, ўт-ўланлар панасида унинг нима билан бандлигини англаб бўлмасди. Турдигул эна ўша томонга юрди. Не кўз билан кўрсинки, қўшни келин оғзи очиқ бир неча банкалардаги тузлама (афтидан "бомбаж” бўлиб айниган) помидорларни бирин-кетин каналга оқизаётганди.

– Тўхта! – бақириб юборди Турдигул эна. – Уялмайсанми? Ахир сен сувга заҳар ташлаётирсан-ку! Канал суви ширин, деб тиндириб қўйиб чой қайнатиб ичишади одамлар. Болалар чўмилишади. Худодан қўрқ, қизим!

Қўшни келин қўлидаги охирги банкани ҳам каналга ағдаришга шайланаркан:

– Сизнинг нима ишингиз бор? – деди олдида кекса онахон турганлигига ҳам парво қилмай, – ҳеч нарса қилмайди, оқиб кетади. Уйимизда ҳам сизга ўхшаб "ундай қилма, бундай қил”, деб тинчимизга қўймайдиган маслаҳатчи кампиримиз бор. Ўшанинг айтганини қилсам, бу ёқда сиз...

– Нима, катта қайнонанг сенга "сувга заҳар сол”, – дедими?

Афтидан Турдигул эна қаттиқроқ гапирди шекилли, орқасидан келаётган қўшни онахоннинг қадам товушларини эшитмай, келинга юзланибжаҳл билан:

– Мен билган Ҳайитгул чеча сенга бундай маслаҳат бермайди! – деди-да келиннинг қўлидаги банкани шартта олди ва четга отмоқчи бўлиб кескин бурилганида келиннинг катта қайнонасига – Ҳайитгул энага урилиб кетди. Ҳайитгул эна ўзидан бир неча ёш кичик бўлган Турдигул эна билан ҳеч нарса бўлмагандай, қуюқ сўрашди-да, невара келинига:

– Турдигул энангдан кечирим сўра! – деди қатъий.

– Ахир мен... – талмовсиради келин.

– Кечирим сўра! – қатъий буюрди Ҳайитгул эна. – Мен сенга сувга ахлат оқизиб, оқар сувни булға, демадим. Сен болам, олий мактабда ўқибсан-у, ҳаёт мактабида таълимни озроқ олибсан. "Садақангни сувга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар”, дегани, ачиган-сасиган нарсаларни балиқларга бериш эмас, шу жониворларга баъзи-баъзида исроф қилмай нон ушоқларини ташлаб туриш ҳам Аллоҳ йўлидаги хайрли иш дегани. Сен бу нақлнинг мағзини уқмабсан, оқар сувни булғабсан. Бу жуда катта гуноҳ.

Ҳозиргина "юзинг-кўзинг” демай Турдигул энага гап қайтариб, билағонлик қилиб турган қўшни келиннинг боши эгилди. Иккала кампир олдида уятдан "дув” қизариб кечирим сўради.

– Ҳамиша олдингдан оққан сувнинг қадрини бил, иккинчи бундай номаъқул иш қилиб, оиламиз обрўсини тўкма! – деди Ҳайитгул эна бетгачопар невара келинини "қайириб”.

Келин тилини тишлаганча, жим бўлиб қолди.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: