"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

ЮТУҚЛАPДА ҲИССАМИЗ БОP

Туманимизда пахта йиғим-терим қизғин давом этаётган бир паллада мухбиримиз мўл пахта ҳосили етиштириш ва уни йиғиб-териб олиш ишларида фаоллик кўрсатган жамоалар раҳбарлари билан суҳбат қилди.

Қуйида ушбу суҳбат мазмунини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Мухбир: – Айни кунда туманимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари давлатга пахта топширишнинг шартномавий режаларини бажаришиб, ғалаба нашидаларини суриш арафасида.

Бундай ютуқларимизда Сиз раҳбарлик қилаётган жамоанинг қандай ҳиссаси бор?

Илҳом Полвонов, "Тошёп” овулидаги "Бекман Аллаберганов” фермер хўжалиги раиси:

– Мен раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигида бу йил 27 гектар майдонда пахта етиштирилди. Биз пахта етиштиришда барча агротехника қоидаларига тўла амал қилдик ва пудратчиларимиз билан ҳамкорликни янада яхшиладик.

Фермер хўжалигимизда пахта етиштиришда меҳнат қиладиган 20 нафар пудратчининг барчаси ҳам пахтачиликни яхши биладиган кишилар ҳисобланишади. Шу сабабли ҳам далаларимизга экилган пахта яхши парваришланиб, мўл ҳосил тўпланди.

Ҳосилни йиғиб-териб олишда пудратчиларимиздан Ўрозгул Ҳайитбоева, Бозоргул Шербоева, уюшмаган аҳолидан Pаъно Pажабова ва Севара Оқмоновалар ғайрат-шижоат кўрсатдилар.

Шу билан бирга Манғит шаҳрининг Янгиобод маҳалласи аҳолиси ҳам пахта йиғим-теримида бизга яқиндан ёрдам бердилар.

Пахта йиғим-терими даврида ёрдамга келган кишиларга тушлик пайтида  иссиқ овқат беришимиз ва терилган пахта учун иш ҳақларини ўз вақтида бериб борганимиз иш унумининг ошишига сабабчи бўлди.

Биз айни кунгача давлат хирмонига 60 тонна ўрнига 70 тонна пахта топширдик. Далаларимизда ҳали ҳосил мўл. Қолган пахта ҳосилини ҳам тез кунлар ичида йиғиб-териб олиб, давлат хазинасига топширамиз.

Абдиқодир Тиловмуродов,  "Туркманистон” ММТП раиси:

– Пахта хом-ашёсини етиштириш мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий ишлардан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам бу йил келгуси йил ҳосили учун қизғин меҳнат жараёни бошланади.

Холимбег овули ҳудудида жойлашган 26 та фермер хўжаликларида пахта ҳосили етиштирилади. Бизнинг "Туркманистон” муқобил машина трактор паркимиз мана шу фермер хўжаликларини зарур техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш бўйича хизмат кўрсатиб, уларнинг белгиланган режаларини ўз муддатида адо этишларига яқиндан кўмак беради.

Бу йил бизнинг ҳамкорлигимиз туфайли овулдаги барча фермер хўжаликларида мўл пахта ҳосили етиштирилди. Пахтани экишдан тортиб, то пахта йиғим-терими даврига қадар 30 тадан ортиқ техникаларимиз, пайвандлаш, токарлик, темирчилик ва таъмирлаш цехларимиз фермер хўжаликлари учун хизмат қилди.

Овулимиздаги кўплаб фермер хўжаликлари давлатга пахта топшириш шартномавий режаларини муддатидан олдин, ошириб бажаришга муваффақ бўлдилар. Улардан Ш.Авезов раҳбарлик қилаётган "Авезов Шерали” фермер хўжалиги 40 тонна, Ғ.Жуматов раҳбарлик қилаётган "Ғафур тракторчи” фермер хўжалиги 53 тонна, М.Аннамуродов раислик қилаётган "Қилич Ниёзбой арна соҳили” фермер хўжалиги 77 тонна, P.Султонов раҳбарлик қилаётган "Уста Аллаяр” фермер хўжалиги 100 тонна пахта топширишга эришдилар. Уларнинг бу ютуқлари бизларни ҳам руҳлантираяпти.

Фермер хўжаликларимиз далаларида ҳали ҳосил мўл. Биз уларга қолган ҳосилни ҳам нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олишларига, келгуси йил ҳосилига тайёргарлик кўришларига яқиндан ёрдам берамиз.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ суҳбатлашди.

Янгиликни бўлишинг: