"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

САФАPБАPЛИК САМАPАЛАPИ

"Қиличбой” овул фуқаролар йиғини таркибидаги бизнинг "Беш овул” маҳалламизда ўзбек, қорақалпоқ, туркман ва бошқа миллатлар вакиллари бир оила фарзандларидай аҳил яшаб келишмоқда. Тўй-маъракаси, қувонч-ташвиши бир аҳоли қистовли, долзарб кунларда бир-биридан кўмагини ҳам аямайди. Буни айни кунларда пахтакорлар билан бир қаторда уюшмаган аҳолининг пахта йиғим-теримида қатнашаётганлигида кўришимиз мумкин.

Биз маҳалла фаоллари билан йиғим-терим бошланиши олдидан ҳудудимиздаги барча хонадонларда бўлиб, вақтинча иш билан банд бўлмаган аҳолини пахта теримига жалб қилиш борасида кенг тарғибот олиб бордик. Пахта бугунгидай тўкин ва фаровон ҳаётимиз асоси эканлигини, далаларда  заҳматли меҳнатлар эвазига етиштирилган ҳосил халқимизнинг ризқ-рўзи эканлигини тушунтирдик, уларни шу бебаҳо бойлигимизни йиғиштириб олиб, давлатимизга топширишдек масъулиятли паллада деҳқонларга кўмакдош бўлишга чақирдик.

Бу саъй-ҳаракатларимиз беиз кетмади. Терим бошланганидан то ҳозирги кунгача режадаги 310 нафар ўрнига 350 нафардан зиёд уюшмаган аҳоли теримда қатнашаяпти. Улар ҳудудимиздаги 11 та фермер хўжаликлари пахта хирмони барвақт юксалишига ўз ҳиссасини қўшаяпти. Натижада шу кунгача деярли барча  фермер хўжаликларимиз йиллик пахта топшириш режаларини ортиғи билан адо этдилар.

Айни кунларда ҳам уюшмаган аҳолининг терган пахтаси кунига жон бошига ўртача 70 килограммдан зиёдни ташкил этаяпти. Муҳаббат Абдалова, Гулчеҳра Ҳайитбоева, Нодира Абдуллаевалар эса 120-130 килодан пахта териб, барчага намуна бўлаётир.

Теримчиларнинг унумли ишлашлари учун зарур шарт-шароитлар яратилаяпти.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар терим суръатининг юқори бўлишини таъминлаётир.

Жасорат АБДУЛЛАЕВ, "Бешовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси.

Янгиликни бўлишинг: