"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

НАВҚИPОН АВЛОД – КАТТА КУЧ

Ёшлик! Умрнинг жўшқин фасли. Ёшлик ғайрат-шижоати ва интилиши туфайли юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар туманимизнинг барча  ҳудудида ҳам учрайди. Аммо шундай тоифа ёшлар ҳам борки, вақтинчалик ишсиз бўлсалар-да, элдошларимизнинг ташвишига елка тутадилар, қийин-қистовли кунларда енг шимариб, ишга киришадилар, умум манфаатига хизмат қилишга доимо тайёр турадилар.

Туманимизда ана шундай оловқалб ёшлардан пахта йиғим-теримида  пахтакорларга кўмакдош бўлиш ниятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан 17 та "Фидойи ёшлар отрядлари” тузилди. Отрядларга 840 нафар уюшмаган ёшлар қамраб олинди.

Йиғим-терим суръати кун сайин авж олдирилаётган шу ғанимат кунларда уюшмаган ёшлар ҳам деҳқонлар билан бир сафда меҳнат қилиб, туманимизнинг юксак пахта хирмони бунёд этилишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Бўйнига этак боғлаб, далаларда яратилган халқимизнинг миллий бойлиги – пахта теримида фаол иштирок этиб, бугун кечагидан ҳам унумли ишлашга интилаётган уюшмаган ёшлар учун дала бошида барча шароитлар яратилган. Хусусан, иссиқ овқат, қайнаган сув билан таъминланиб, терим пуллари ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиб борилаётир.

Қаердаки, муносиб меҳнат шароити яратилса, унумли ишлашга рағбат уйғотилса, шу ерда муваффақиятларга эришилади.

"Фидойи ёшлар отрядлари” аъзоларининг меҳнатини баҳолаб, рағбатлантириб бориш ниятида Кенгашимиз томонидан "Энг илғор теримчи”, "Энг яхши отряд раҳбари”, "Энг фаол ҳамкор”, "Энг фаол ташкилотчи” номинациялари бўйича  ғолиблар ҳар 10 кунда аниқланиб, тақдирланмоқда. Сўнгги 10 кунлик якунларига кўра, 7-отряд аъзоси Марҳабо Ўринбоева "Энг илғор теримчи”, деб топилди ва унга қимматбаҳо совға топширилди.

Шунингдек, Шаҳло Шомуродова, Марҳабо Эшманова, Дилноза Қодирова, Шоҳида Жумамуродова, Гулзира Ҳабиева каби ёшлар бошқаларга ўрнак бўлиб, 120-130 килограммдан  пахта теришаяпти.

Уюшмаган ёшларни "Фидойи ёшлар отрядлари” сафида пахта йиғим-теримига жалб қилиш туфайли уларнинг ҳам қалбида ўз меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшиш иштиёқи жуда кучли эканлигини англадик.

Келгусида улар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, имкон қадар бирор фаолият тури билан шуғулланишларига ҳаракат қиламиз. Чунки навқирон авлод – катта куч.

 

Маҳмуд ШЕPМЕТОВ,

Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси.

(Фото - http://xayriddin.uz)

Янгиликни бўлишинг: