"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ЖОНКУЯP МУАЛЛИМА

Мен ҳаётнинг барча синовларидан ўтиб, олтмиш ёшни қаршилаётган, қирқ йил давомида педагог бўлиб ёшларга таълим-тарбия берган бир инсон сифатида ўзим меҳнат қилаётган жамоадаги ҳамкасбларимиз томонидан амалга оширилган ишларни ва уларнинг натижаларини кўз олдимга келтираман. Шундай пайтларда халқимиз томонидан севиб томоша қилинадиган "Суюнчи” фильми бош қаҳрамонларидан бири Анзират буви тўғрисида айтилган "Қишлоқнинг виждони” деган ибора "лоп” этиб миямга келади. Шунда яна илгари жамоамизда меҳнат қилган ва айни кунда ҳам меҳнат қилаётган сўзи билан иши бир, талабчан, камчиликларга муросасиз кишиларни кўз олдимга келтираман. Демак, бундай инсонларни биз ҳам жамоамизнинг виждони деб атасак ярашар экан-да!

Биз яқинда бор куч-ғайратини, шижоатини ёш авлод таълим-тарбиясига бахшида этган, узоқ йиллар мактабимиз шаънини ҳимоя қилиб, шогирдлари меҳрини қозонган фидойи муаллима Айимжон Жуманиёзовани нафақага кузатган эдик. Таъбир жоиз бўлса, у ҳақиқатан ҳам жамоамизнинг виждони эди.

Айни кунда мактабимизда барча ҳамкасбларимиз ўзларининг ишчанлиги, яхши фазилатлари билан ҳаммага ўрнак бўлган устозлар каби фаолият кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда. Шундай ҳамкасбларимиздан бири – она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Инобат Pажабова фидойилиги билан жамоамизнинг ҳурматига сазовор бўлаётир.

Инобат Pажабова Холимбег овулидаги ўрта мактабни тугатиб, 2000 йилда Тошкент давлат педагогика институтига ўқишга кирди. Инобат ушбу олийгоҳни муваффақиятли тугатиб, 2004 йилдан буён овулдаги 17-сонли мактабда муаллималик қилаяпти.

Инобат Pажабова иш фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ўз касбига меҳр қўйди, бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан яхшироқ ишлашга ҳаракат қилди.

Мактаб жамоаси Инобатни ўз фанининг билимдони, қатъиятли, бошлаган ишини охирига етказадиган, ўз касбига, жамоасига содиқ муаллима сифатида ҳурмат қилади.

- Давлатимиз биз педагогларга бир қанча шароит ва имкониятлар яратиб бераяпти. Биз эса бундай имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз лозим, – дейди ишчан муаллима И.Pажабова.

Ҳар бир дарсини янги педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда ташкил этадиган бу муаллимани барча ўқувчилар ҳурмат қилишади.

Мактабимизда Инобатнинг саъй-ҳаракатлари туфайли, бирон бир аҳамиятга молик бўлган сана нишонланмай қолмайди. Унинг ўқувчиларини ҳали Соҳибқирон Амир Темур, ҳали Улуғбек, Бобур сиймосида ёки Нодираю Увайсий сиймосида кўришингиз мумкин.

Ўз касбини севиб, фидойилик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилаётган муаллима Инобат Pажабова ўз шогирдлари билан турли кўрик-танловларда, фан олимпиадаси, билимлар беллашувларида муваффақиятли қатнашиб келаётир. Бундай танлов ва беллашувларда унинг Барно Отахонова ва Мунисхон Pаҳимова сингари шогирдлари фаол иштирок этмоқдалар.

Инобат Pажабова кечагина З.Асқаров, М.Турсунова, О.Аҳмедов, П.Эшманов, Ў.Эшманов, О.Турсунова, М.Маҳмудов ва Б.Эшмановларнинг севимли шогирди эди.

Инобат айниқса, ўз онасидай яқин бўлиб қолган устози, марҳума Зиёда Pажабовани соғиниб эслайди.

Бугун эса Инобатнинг ҳам шогирдлари бор. Унинг  Фароғат Кенжаева ва Марварид Тожимуродова сингари шогирдлари ўзи билан бир жамоада ёшларга таълим ва тарбия беришда фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Шогирдлар камолини кўриш устоз учун бахт, деганларидек, Инобат ҳам ўз шогирдларининг муваффақиятларидан ҳамиша қувониб юради.

Мен ҳамкасбим Инобат Pажабованинг келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб, унга қуйидаги шеъримни бағишлашни маъқул кўрдим:

Ҳамиша фидойи бизнинг Инобат,

Жўшиб ишлар, қалби тўла шижоат.

Шогирдлари унинг билимдон эрур,

Заковат бобида дилни қилар шод.

 

Ўқиб-изланишга сарф қилар кучин,

Тиниб-тинчимайди, дўндирар ишин.

Шогирдлари эса Қорақалпоқда,

Ғолибдир фанлар олимпиадасин!

Янгибой ЭШИММАТОВ,

17-сонли мактаб ўқитувчиси, "Шуҳрат” медали соҳиби.

Суратда: Инобат Pажабова шогирдлари Мухлиса Машарипова ва Гулзебо Тўлибоевалар билан.

Янгиликни бўлишинг: