"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7909.37 -35.07
  • 1 EUR = 9306.16 +43.21
  • 1 RUB = 126.72 -1.73

ИЗЛАPИДА МЕҲP ҚОЛДИ

(Аму элининг суюкли фарзанди Жумамурод Чоршамовни эслаб...)

Киши ҳаётининг мазмуни унинг тириклигида жамият учун қилган манфаатли ишлари билан белгиланади. Ана шундай эзгуликка дахлдор кишилар ҳаётдан кўз юмганларидан кейин  ҳам тирик бўладилар. Ёш авлодни Ватанга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялашдек энг эзгу ва машаққатли вазифани садоқат билан уддалаган, бор умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган, ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган Жумамурод ака Чоршамов туманимиз тарихи солномасида абадий ёзиб қолдирса арзийдиган тарихий шахсдир.

У 1919 йил Манғит туманининг Вахум овулида, серфарзанд деҳқон оиласида туғилди. Болалиги замоннинг ўта оғир, тўйиб овқатланиш кўпчилик учун катта байрам ҳисобланган очарчилик йилларига тўғри келди. Сал эсини танигач, ҳар қандай шароитда ҳам ўқиб-ўрганиш, билим олиш ғоят муҳимлигини англаб етди. Шу боис, Манғит туманида очилган "Намуна” номли етти йиллик таянч (ҳозирги 1-ўрта умумтаълим) мактабига 11 нафар қалдирғоч ўқувчилардан бири сифатида қатнай бошлади.

1936 йил эса Урганчдаги ўқитувчилар тайёрлаш институтининг физика-математика факультетига ўқишга кирди. Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, Хива шаҳридаги 3-сонли мактабгача тарбия педагогика билим юртига ишга юборилди. Ёш мутахассис ўзига хос дарс ўтиш услуби, чуқур билим ва дунёқарашининг кенглиги билан тез орада жамоанинг илғор ўқитувчилари қаторидан ўрин олди, ўз билимини ва услубий маҳоратини ошириш устида тинимсиз ишлади.

– Менинг математика фанига бўлган  илк ҳавасим таянч мактабидан бошланган, ўқитувчилик касбига нисбатан қалбимда муҳаббат уйғотган она мактабимнинг иссиқ қучоғи бўлди – дея фахр билан сўзларди у ўз шогирдларига.

У 1939 йил декабрь ойида армия хизматига чақирилди. Бутун жаҳонга фашизм балоси хавф солиб, Иккинчи жаҳон уруши авжига чиққан пайтда Жумамурод ака Чоршамов қўлида қурол билан жангга кирди. Москва остоналаридан Волга дарёси бўйларигача чўзилган фронтнинг оловли нуқталарида пулемётчилар ротасига командирлик қилди, душман билан яккама-якка олишувларда бир  неча марта яраланди. Ҳар сафар госпиталда даволаниб чиқиши билан яна ўз ўрнини эгаллади. Шу тариқа қон кечиб, то Берлингача борди. Жангларда кўрсатган жасоратлари эвазига муносиб тақдирланди. Кўксини 1-даражали "Ватан уруши” ордени, "Жанговар хизматлари учун” ва "Жасорат” медаллари безади.

У буюк Ғалабани Эльба дарёси бўйидаги Pослау шаҳрида кутиб олди. Орадан олти ойча ўтгач, она шаҳрига қайтди. Ўзи савод чиқарган 1-сонли ўрта мактабда ёшларга физика-математика фанидан сабоқ беришга киришди. Шу-шу бутун ҳаётини ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлади.

Жумамурод ака шунчаки дарс ўтиш билан чекланмади. Ҳар доим замонга ҳамнафас бўлишга, педагогик маҳоратини ошириб боришга интилди. 1952-1957 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини сиртдан тамомлади, ўз фаолияти давомида оддий муаллимликдан мактаб директори, халқ маорифи бўлими мудири даражасигача бўлган фидойи меҳнат йўлини босиб ўтди. Ўз соҳасида қарийб ярим аср самарали фаолият юритиб, "Ўзбекистон Pеспубликаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгесининг "Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирланди.

– Агар ўтган умрни орқага қайтаришнинг иложи бўлган-да эди, – дердилар доим устоз биз шогирдларига, – мен яна худди ана шу, босиб ўтган йўлимдан бориб, ўқитувчилик касбини танлаган бўлар эдим.

Мен ҳар доим устоз ҳақида ўйлаганимда шоира қизимиз Pобия Йўлдошеванинг ушбу сатрлари хаёлимдан ўтади:

Мансаб ўтар мулк-тахти билан,

Умр – дарё, оқиб кетади.

Оқил инсон чин аҳди билан,

Юракларга сингиб кетади.

 

Меҳрингиздан сув ичган диллар,

Пойингизга гуллар экади.

Ўтса ҳамки орадан йиллар,

Изингизни меҳр ўпади.

Устоз бугун орамизда йўқ. лекин у кишининг илм-ирфон уммонига тўла меҳридан сув ичган минглаб шогирдлари ҳамон "Жумамурод Чоршамов” десалар, қалбларида чексиз эҳтиром ила устоз хотираси олдида бош эгадилар, у кишининг пойларига гул сочган каби ифорли сўзлари ила ёдга оладилар.

Гарчи дунёдан ўтганларига узоқ йиллар бўлган бўлса-да, ҳамон эл-юрт қалбида ардоқланаётган азиз устоз хотирасини абадийлаштириб, ҳеч бўлмаганда ўзи яшаган кўчага у кишининг номи берилса, назаримда эл-юртнинг дилидаги иш бўларди.

Инсон учун фақат бир марта бериладиган қимматли умр фурсатларининг ҳар бир онидан қай тарзда оқилона фойдалана билишнинг энг ёрқин намуналаридан бири устозимиз Жумамурод ака Чоршамовнинг ҳаётидир. Зеро, бу ҳаёт ўлмас, ўчмас ҳаёт йўлидир-ки, у ҳамон ҳар биримиз учун ибрат мактабига айланган.

Бекман АЛЛАБЕPГАНОВ, «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси.

Янгиликни бўлишинг: