"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7813.42 -33.27
  • 1 EUR = 9176.86 +9.20
  • 1 RUB = 124.19 -1.06

УСТОЗ

(Барча устоз ва мураббийларга бағишлайман).

Биз ҳаёт ҳақида кўп ва хўп айтдик,

Гоҳо шодон айтдик, гоҳ нолон айтдик.

Неча бор ёлғонлар қошидан қайтдик,

Юраклар тубида армон улғайтдик.

Ўшал дам... дилларга энг яқин ҳамроз

Ва малҳам бўлдингиз, муҳтарам Устоз!

 

Болалик дунёсин кўчалари ҳур,

Сертупроқ йўллари аро тафт, ҳовур.

Қадамлар шу йўлга тушганга довур,

Жон ҳалак бўлган дил – фидойи бовур.

Меҳр гулзоридан тузиб гул баёз -

Илм бахш этдингиз, мукаррам Устоз!

Юракларда ҳамон Сиз айтган эртак:

Уфқлари ёрқин, нурли келажак.

Бир дарахт мисоли ёзганча куртак,

Эртаклар ичида бизлар яшасак -

Ойдин йўллар тилаб ва тилаб парвоз,

Сиз қанот бердингиз, мустаҳкам, Устоз!

 

Ҳаёт карвонида баъзан толиқиб,

Ортда қолсак агар, хатолар қалқиб,

Нур излаб сояга турсак йўлиқиб:

Ўшал соялардан неча опчиқиб,

"Олға!” – деб олдинга чорлаган овоз –

Дилга куч бердингиз бир олам, Устоз!

Ким орзу қушини тутди қўлида,

Ким лафзин унутди умрин йўлида.

Биламан, ҳар икки инсон кўнглида,

Бир ният улғайди хоби, ўнгида:

"Устоз дуосини олмоқ эрур фарз”,

Дуонгиздан осмон муаззам, Устоз!

 

Барчамиз шул зотнинг меҳрини  туйдик,

"Она!” деб ёздик, сўнг Ватанни суйдик.

Бармоқлар қаламни тутгандагидек,

Дилда қувонч туйдик, матонат туйдик.

Отамиз тимсолин айладик қиёс,

Отамиздай азиз, мўътабар Устоз!

 

Шунчалар меҳрибон, шунчалар ҳоксор,

Бахтимиз кўрганда биздан бахтиёр.

Кўнгилин кўшкида зарра йўқ ғубор,

Бундайин фидойи, айтинг, қайда бор?!

Сўз мулкин бирма-бир айлаб сарафроз

Инжа сўз топмадим, муҳтарам Устоз!

 

Гул тутинг азизлар, зоти шарифга,

Зиёбахш умрлар сиғмас таърифга.

Алар элга берган илми маъруфга,

Ўргатган ҳар сўзи ва ҳар ҳарфга,

Дунё бойликлари етмагайдир, оз,

Ахир у дунёни танитган Устоз!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: