"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ ОЛИЙ ҚАДPИЯТГА АЙЛАНГАНДА ёки халқ бу Ватандир

Халқ давлатдан рози бўлганда

Мустақиллик! Мен бу оташин сўзни тилга олганимда кўз олдимда она Ватаннинг бетакрор манзаралари жонланади. Кун сайин чирой очаётган ёвонлар, бири-биридан обод, файзга тўла хонадонлар, мевалардан шохлари ларзон боғлар, бағирлари бойликка  кон тоғлар... Булардан ҳам энг муҳими, қалбимни тўлқинлантириб, ҳузур бағишлайдигани – фикри теранлашиб, дунёқараши тобора шаклланиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини таниётган, эзгуликларга эгиз яшаётган халқ     онгидаги  ўзгариш.

Ўзгариш. Етмиш, деймиз-у, балки ундан ҳам кўп йиллар давомида ҳаётидаги камчиликни, ўзгалар томонидан қолиплаштирилиб қўйилган турмуш тарзини "тақдир ёзиғи”, "қисматда бори” деб қабул қилиб, эзилиб, қадди букилиб яшаган халқим учун бу ўзгариш шон олиб келди, шаън ила орият туйғуларини баланд қилди. Ана шу туйғулар силсиласида Ўзбекистон деган давлат қайта бўй тиклади, қалбларда она Ватан, она Юрт, киндик қони томган тупроққа чексиз меҳр уйғонди!

Халқ ўзини таниган, ўзлигини англаган  Кун – ўзгаришнинг энг улуғ, энг азиз куни – Мустақиллик ҳар дилга, ҳар уйга, она юртнинг ҳар бир гўшасига нур бахш этди. Нурки – оламларни ҳайратга солгулик!

Ана шу нур оғушида ўз келажаги томон интилаётган халқ ҳаётга мустақиллик йилларининг  ҳар бир лаҳзасида бетакрор ўзгаришлар бахш этди. Биринчи Президентимиз И.А.Каримов томонидан олиб борилган пухта ўйланган давлат сиёсати, мустақиллик даврининг ҳар бир йилини ўзига хос ном билан атаб, йиллар номларига  монанд ишлаб чиқилган давлат Дастурлари доирасида амалга оширилган мислсиз эзгу ишлар халқ билан давлатнинг бир-бирига яқинлашувига мустаҳкам замин яратди. Ана шу заминдан келиб чиқиб, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда 2017 йилга "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берган лаҳзалар, назаримда, Ўзбекистон халқи учун унутилмас, тарихий кун бўлиб қолди.

Ҳар қандай хайрли ишнинг қаноти бор, дейдилар. Халққа яқин бўлиш, унинг дард-у ташвишлари билан яшаш, халқ орасига кириб бориб муаммоларини ўрганиш бу – давлатимизнинг ўз халқига чексиз ҳурмат ва эҳтироми, эътиборининг ифодаси бўлди. Президент бошчилигидаги ҳукумат халқ олдидаги бурч ва масъулиятини адо этишга, инсон манфаатларини доимо баланд тутишга ҳар лаҳзада тайёр эканлигидан далолат эди бу!

Шу кундан бошлаб Президент Ш.М.Мирзиёев барча бўғиндаги раҳбарларга қатъий талаб қўйдилар: халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!

Жуда қисқа фурсатда Президентимизнинг бу талаби давлат бошқарувида кундалик шиорга айланди ва давлат идоралари билан халқ ўртасидаги бюрократик тўсиқлар олиб ташланди. Янги, 2017 йил шодиёналари  арафасида Президент ўта муҳим, ниҳоятда халқпарвар ҳужжатни имзолади: "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон матбуотда эълон қилинди.

Ушбу Фармонга мувофиқ мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка туманларда ҳам Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, халқ билан эркин, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун барча зарур шароитлар яратилди.

Беихтиёр улуғ бобокалонимиз, ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг инсон кўнглини Каъбага қиёс этгани ёдимга тушади. Таъбир жоиз бўлса, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Ўзбекистон Pеспубликаси давлат раҳбари сифатидаги илк фаолиятини инсон кўнглини англашдан, авайлашдан бошладилар. Президентимиз меҳр-мурувватнинг буюк тимсолини Навоий даражасида тушуниб, инсонларнинг дард-у ташвишларини ўйлаб яшаш, уларнинг муаммоларини шахсий муаммоси каби қабул қилиш – ҳазрат Навоий таъкидлаганлари каби Каъба вайронлигини обод этишдек савоб иш деб билдилар.

– Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади, – дедилар Юртбошимиз барча бўғиндаги раҳбарларга қарата. – Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади!

Халқ дардига ошно Халқ қабулхонаси

Бугунги кунда халқ қабулхоналарида оддий одамларнинг мурожаатлари нафақат тингланмоқда, балки жуда қисқа фурсатларда самарали ҳал этилмоқда.

– Жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида туманимиздаги Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Халқ қабулхонасига фуқаролар томонидан 371 та мурожаат келиб тушди, – дейди туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин оға Pажабов. – Шундан 122 мурожаат Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилди. 220 таси туман ҳудудидаги идора ва ташкилотларга, 29 таси юқори ташкилотларга ўрганиш ва муаммоларини бартараф этиш учун ҳавола  этилди. Ўтган давр мобайнида 156 та мурожаат  тўла қаноатлантирилди, 170 нафар фуқаронинг мурожаатлари атрофлича ўрганилиб, зарур тушунтиришлар берилди.

Дарвоқе, бугун халқимиз дилидаги дард-у ташвишларини ичига ютиб ёки турли идоралар эшикларида саргардон бўлиб юришаётгани йўқ. Унинг дардини тингловчи, муаммоларига елка тутгувчи қудратли ғамхўр – давлат бор. Бундан ҳам муҳими, халқ орасига дадил кириб бориб, унинг ташвишларига елка тутиб, оғирини  енгил қилмоққа ҳар лаҳза шай Президент бор!

Авваллари ҳафтанинг маълум бир кунида ҳокимлар, прокурор ёки судьяларнинг  қабул кунлари бўларди. Эътибор беринг, бўлар эди. Давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар мурожаатлари билан танишиб, муаммоларини ҳал этишлари учун бундай, шунчаки (!) "қабул кунлари” ҳеч нарсани ҳал қилмас эди. Президентимиз бу каби "хўжакўрсин” қабилидаги "қабул кунлари”га барҳам берди. Оддийгина мисол, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида  тумандаги Халқ қабулхонаси томонидан 390 та турли мавзудаги тадбирлар ўтказилиб, халқнинг мурожаат ва таклифлари қабул қилинди. Туман ҳокими шахсан халқ орасига кириб, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 47 марта сайёр қабуллар ўтказди. Туман прокурори томонидан ўтказилган 45 та, ИИБ бошлиғи томонидан ўтказилган 44 та очиқдан-очиқ мулоқотлар, бошқа идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги 247 марта уюштирилган юзма-юз учрашувлар жараёнида туманимиз аҳолиси ҳаётига оид ечимини кутаётган муаммоларга барҳам берилганининг ўзи давлат идоралари билан оддий меҳнаткаш халқ ўртасида самимий муносабатларнинг мустаҳкамланишида муҳим омил бўлди.

Адолат қўрғонига айланаётган суд

Ана шу самимий муносабат халқимиз дилида  келажакка ишонч, эзгуликка интилиш, Ватанга муҳаббат туйғусини улғайтирди, мустаҳкамлади. Наинки ўз ҳақ-ҳуқуқини англаш, ҳимоя қилиш, балки ҳаётига ҳақиқат мезонларидан туриб баҳо беришга ўргатди. Қайси идорада, қай маъмурнинг ҳузурида қандай сўз айтишни билади халқ! Дилда қониқиш билан шу ҳақда ўйларканман, яқин ўтмишдаги бир ҳолат кўз олдимдан ўтади:

... Суд зали. Судья маслаҳатчилари билан ўз ўрнини эгаллаган. Давлат қораловчиси – прокурор, оқловчи – адвокат, ИИБ терговчиси, темир қафасда нари борса 22-23 ёшлардаги кўркам, савлатдор йигит, гувоҳлар... Зал тўла. Ҳамма жараён бошланишини кутаётир. Судья – прокурорга, прокурор – адвокатга маъноли-маъноли нигоҳ ташлашади. Маслаҳатчилар – жим...

Жараён қизғин ва баҳсли кечди. Кимсан, Фалончиевнинг қариндоши билан айтишиб, ҳақиқат талашган "айбланувчи”нинг жиноий иши "атрофлича” муҳокама этилди. Гувоҳлар, барча келтирилган далиллар "айбланувчи”нинг бўйнига қўйилган "айб”ни инкор қилиб бўлди ҳамки, судья ажрим чиқариб, судга якун ясай демайди. Адвокат жиғи-бийрон, прокурорнинг парвойи фалак. Шу дам суд зали  эшигида ИИБ тергов бўлими бошлиғи пайдо бўлди-ю, судья суд бошқа кунга қолдирилишини эълон қилиб, суд залини тарк этди. "Айбланувчи”ни яна камерага қамашди, прокурор ва терговчи судьянинг хонасига йўл олди. Адолатни тиклаш учун жон куйдираётган адвокат ҳайрон, гувоҳлар ҳайрон, очиқ судда қатнашаётган «айбланувчи»нинг яқинлари норози. Масалаҳатчилар...

Тўғриси, маслаҳатчилар бирон бир фикр айтишдан маҳрум. Улар фақат судья кўрсатган жойга имзо қўйишни билиша(р)ди, холос.

Ўзим гувоҳ бўлганим – яқин ўтмишдаги аксарият судлар ана шундай ноҳақликларни "ҳадя” этарди жабрдийдаларга. Мен ўзим гувоҳ бўлган ўша судда халқ йўқ эди, балки ҳақиқат талашиб-талашиб, ҳақиқат эшикларидан бир қадам ҳам ичкарига киролмаган, хўрланган мутелар бор эди. "Бандасининг иши  судга тушмасин”, – дея юрагини ҳовучлаб турганлар кўп эди яқин-яқинларгача. Сабаби, иши судга тушган одам боридан, ҳатто соғлигидан айриларди. Қонунни резинкадай чўзавериб, жабрдийдани ҳам, айбдорни ҳам минг бора сарсон-у саргардон қилгувчилар бор эди яқин ўтмишда...

Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган "Ўзбекистон Pеспубликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонга мувофиқ мамлакатимиз халқи ҳаётида, айниқса, суд-ҳуқуқ соҳасида туб ислоҳотлар жараёни  бошланди. Президентимизнинг  2017 йил 21 февралдаги "Ўзбекистон  Pеспубликасида суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан тамоман янги босқичга кўтарди. Шу йилнинг 13 июнь куни  суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг бугунги аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидан кейин Ўзбекистон Pеспубликаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаати қабул қилинганидан диллар таскин топди, очиғи. Нега? Сабаби эндиликда суд-ҳуқуқ тузилмаси билан оддий халқ ўртасида ҳеч қандай бюрократик тўсиқ бўлмайди. Адолатни юзага чиқариш учун судья онг-у шуурида адолат, тилида ҳақиқат ва юрагида пок инсоний туйғулар билан иш юритиши талаб этилади. Бундан ҳам муҳими, судьянинг ишига халақит берувчи тўсиқлар бўлмайди. ИИБ ўз ишини, прокурор ўз вазифасини, адвокат ўз бурчини бажаради. Судья – одил судловни амалга ошириш учун эркин, мустаҳкам, адолатли қонунга суянган ҳолда иш юритади!

Судья одил судловни амалга оширишда қонунни маҳкам тутмоғи талаб этилаётгани, унинг судда кўрган ҳар қандай иши қўшимча терговга қайтарилишига чек қўйилгани фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олади. Эндиликда судьялар фуқароларни, суд маслаҳатчиларини менсимай, судни қолдиришга ёки бошқа кунга кўчиришга асло жазм қила олишмайди!

– Президентимиз яна бир ўта муҳим ташаббусни илгари сурдилар, – дейди жиноят  ишлари бўйича туман суди раиси Султонбой Давлетмуратов. – Бу – ҳар қайси судьянинг аҳоли билан жойларда ойига камида бир марта очиқ ва самимий мулоқот муҳитини яратишидир. Албатта, судьялар билан халқ ўртасидаги бундай очиқ мулоқот ва самимий муносабат кўприги жамиятда  қонун устуворлигини  таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.

Халқимиз, назаримда, кечаги кундан жиддий хулоса чиқариб, бугунги кун, балки келажак орзуси билан яшаш зарурлигини англаб етди. Президентимизнинг Судни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш борасидаги ташаббуси эса суддан халқимиз рози бўлишига эришишдир.

– Халқимиз адолат истаб кирган  эшик – суддан рози бўлмоғи учун бугун мамлакатимизда етарли қонуний асослар яратилган, мен ана шу адолатли қонун ҳимоясида айни кунда оилам, фарзандларим даврасида озодлик гаштини сураётирман, – дейди Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия акти қўлланилиб, жиноий жазодан озод этилган юртдошларимиздан бири. – Адолатпарвар, халқпарвар миллий қонунчилигимиз менга ана шу  бахтни ато этди. Энди бутун умримни она Ватанимиз келажаги учун хизмат қилишга бағишлайман.

Инсон ҳеч қачон жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ўз хатосини англаб, она Ватани олдида бош эгиб турган одам – жиноят содир этган шахс афсусда. Ана шу афсуснадомат эгаси – халқнинг бир бўлаги. Ватани, халқи қаршисида бош эгиб турган бу шахсга меҳр керак, самимият керак эди. У бу меҳрни, самимийликни адолатли қонун ила топди. Энди у ўз она Ватанига содиқ бўлмоққа интилаётирми, демак, судьянинг иши ҳалол, у ҳақиқат яловбардорига айланаётир. Бундайин адолат манзилига етмоқ учун халқимиз жуда узоқ, жуда машаққатли йўл юрди ва... етди!

(Давоми бор).

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: