"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимовнинг “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи ҳақида

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши

_____________________________________________________________

ҚАPОPИ

  2017 йил 25 июль                                              № 126/34-05

 

Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимовнинг "Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи ҳақида

 

Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимовнинг "Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботини муҳокама қилиб, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши таъкидлайдики, мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Давлатимиз Pаҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 январь, 7 февраль, 30 март ва 6 июль кунлари соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ишларни мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқди.

Мазкур вазифаларни самарали бажариш мақсадида туманда ҳам муайян ишлар олиб борилган. Хусусан, туманда мавжуд бўлган 19 та қишлоқ врачлик пунктини кенг жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда мақбуллаштириш натижасида 7 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ташкил этилган ҳамда 2 та қишлоқ врачлик пункти сақланиб қолинган, шундан 10 тасида хизмат уй-жойи қилиб, шифокорларга фойдаланиш учун топширилган.

Туманда фаолият кўрсатаётган барча бирламчи тиббиёт муассасаларининг иш вақти соат 8-00 дан 20-00 гача қилиб ўзгартирилган, бунинг натижасида аҳолига муайян қулайликлар яратиб берилганлиги улар томонидан эътироф этилмоқда.

Шунингдек туман тез тиббий ёрдам бўлимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда туман аҳолисининг кўрсатилаётган тез тиббий ёрдами хизмати сифатини ошириш мақсадида тез тиббий ёрдам бўлими янги 1 та "Nissan” русумли реанимацион санитар автотранспорти 1 та "Дамас” русумли санитар автомашина, тез тиббий ёрдам бригадалари эса 47 турдаги дори воситалари ва тиббиёт ускуналари билан таъминланган.

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам чақирувларининг тезроқ бажарилишини таъминлаш мақсадида барча 6 та тез тиббий ёрдам автомашинаси GPS навигаторлари билан жиҳозланган. Натижада тез ёрдам хизматида чақириқларга           15 дақиқадан ортиқ кечикиш ҳолатлари қарийб 85 фоизга камайишига эришилган.

Патронаж ҳамширалари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида уларнинг бир кунда камида 6 тадан хонадонга бориши тизимли йўлга қўйилган ва назоратга олинган. Шунингдек тумандаги барча хонадонларга патронаж ҳамшираси ва ҳудудий шифокор, улар билан боғланиш учун телефон рақамлари, қабул вақти тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ташриф қоғозлари етказиб берилган.

Туманда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ўз ечимини ҳанузгача топмаган бир қатор муаммолар мавжудлиги кузатилмоқда.

Хусусан, тумандаги аксарият тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси талаб даражасида эмас. Масалан, 1 та қишлоқ врачлик пункти биноси бугунги кунда жорий таъмирга муҳтож, 4 та қишлоқ оилавий поликлиникаси бинолари ҳалигача таъмирланмаган.

Соҳада бир қатор муайян ишлар амалга оширилиши билан бирга ўз ечимини топиши зарур бўлган муаммоли масалалар ҳам учрамоқда.

Туманда янгидан ташкил этилган 7 та оилавий поликлиникаларини замонавий УЗИ аппаратлари билан таъминлаш зарур. Шунингдек, бугунги кунда тиббиёт соҳасида энг долзарб муаммолардан бири бўлган кадрлар масаласи ҳам туманда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилашга тўсиқ бўлиб келмоқда. Янгидан ташкил қилинган оилавий поликлиникаларида врачлар етишмовчилиги мавжуд, булар 16 умумий амалиёт шифокорлари, 2 врач-рентгенологлар, 2 врач-лаборантлар, 5 тез-тиббий ёрдам кўрсатиш шифокорлари, 5 реаниматолог шифокорлари. Энг кўп вакант лавозимлар 2-сонли, 3-сонли қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда Бердах қишлоқ врачлик пунктларига тўғри келади.

Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимовнинг "Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботини муҳокама қилиб, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши

 

ҚАPОP ҚИЛАДИ:

 

1. Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимовнинг "Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.

2. Амударё туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимов томонидан Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти қарорларида белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлашда ижобий натижаларга эришганлиги ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ташкилий чора-тадлбирларни амалга оширгани учун унинг фаолияти қониқарли деб хисоблансин.

3. Туман тиббиёт бирлашмаси (О.Халимов):

ўн беш кунлик муддатдатуман тез тиббий ёрдам шоҳобчаларининг моддий-техника ҳолатини қайта ўрганиб чиқиб, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур жиҳозлар ҳамда оргтехника воситалари билан таъминлаш юзасидан туман молия бўлими (Б.Камалов) билан келишган ҳолда асослантирилган таклифлар ишлаб чиқсин ҳамда тегишли тартибда туман хокимлигига киритилишини таъминласин;

туманда тиббиёт муассасаларидаги бўш штат бирликларини соҳанинг тажрибали мутахассислари билан тўлдириш мақсадида нафақадаги ва ҳар хил сабабларга кўра соҳада фаолият кўрсатмаётган юқори малакали шифокорларни врач билан таъминланмаган қишлоқ оилавий поликлиникаларига ва қишлоқ врачлик пунктларига ишга жалб қилиш чоралари кўрсин;

ўн кунлик муддатдатуман тиббиёт бирлашмасида тиббиёт ускуналарига бўлган ҳақиқий эҳтиёжни аниқлаб, етишмайдиган ускуналар рўйхатини шакллантирсин ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш учун Қорақалпоғистон Pеспубликаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритсин;

йигирма кунлик муддатдатуманда ихтисослаштирилган тиббий хизматга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириб, Нукус шахридаги республика тиббиёт муассасаларидан етакчи мутахассисларни туманга таклиф этиш юзасидан таклифларни Қорақалпоғистон Pеспубликаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этсин;

аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, касалликларнинг олдини олиш, аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи ва тез тиббий ёрдамни кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида самарали тадбирларни ўтказиб борсин хамда туман кенгаши сессияларида хар ойда бир марта, маҳалла фуқаролар йиғинларида тегишли оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик поликлиника раҳбарларининг ҳар 15 кунда ҳисобот бериб боришини таъминласин;

аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида жойларда мунтазам равишда репродуктив саломатлик, касалликлар профилактикаси, никоҳдан олдинги тиббий кўрикнинг аҳамияти каби масалалар юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтирсин.

4. Туман молия бўлими (Б.Камалов) туман тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда икки ой муддатда туман тез тиббий ёрдам шоҳобчалари учун зарур жиҳозлар, мебеллар, алоқа воситаларини харид қилиш, шунингдек қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларини жорий таъмирлаш учун зарур маблағлар туман махаллий бюджетининг режадан ортиқ бажарилган қисми ҳисобидан ажратилиши ва харид қилиниши чораларини кўрсин.

5. Амударё туман хокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари У.Полванов туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи О.Халимов билан биргаликда бир ой муддатда тумандаги барча оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларини таъмирлаш, мақбуллаштирилган 10 та қишлоқ врачлик пункти базасида Қорақлпоғистон Pеспубликаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўлланмаси билан туманга юборилган 5 нафар шифокорлар, шундан уй-жойга зарурати бўлган ходимларни уй-жой билан таъминлаш иложларини кўрсинлар.

6. Ушбуқарор "Тараққиёт кўзгуси”газетасида, халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилинсин.

7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш ҳамда ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ш.Янгибаева) зиммасига юклансин.

8. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Халқ депутатлари Амударё

туман Кенгаши раиси:                                                   С.Йўлдашев

Янгиликни бўлишинг: