"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

Амударё туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қ.Исмаиловнинг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи ҳақида

Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши

_____________________________________________________________

ҚАPОPИ

  2017 йил 25 июль                                                 № 125/34-05

 

Амударё туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қ.Исмаиловнинг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи ҳақида

 

Амударё туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қ.Исмаиловнинг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботини муҳокама қилиб, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши таъкидлайдики, мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга, жамоат тартибини сақлаш ва тинчликни таъминлашга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Амударё туманида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида кенг жамоатчилик билан ҳамкорликдаги ишларни ташкил этиш мақсадида туман ҳокимлиги билан биргаликда алоҳида қўшма дастур ишлаб чиқилган ва ижрога қаратилган.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги                            ПҚ-2906-сонли қарорига асосан профилактика инспекторлари ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан хизмат уй-жойлари билан таъминланиб келмоқда. Жумладан, тумандаги 47 та овул ва маҳаллалар ҳудудида профилактика инспекторлари учун жами 33 та хизмат уйлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, шундан бугунги кунга 1 та "Тўлқин” овул фуқаролар йиғини ҳудудига хизмат кўрсатувчи ИИО ТП профилактика инспекторига янгидан барча шарт-шароитларга эга бўлган турар жой қурилиб фойдаланишга топширилган ва оила аъзолари билан яшаб келмоқда, 3 тасида таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Бундан ташқари, профилактика инспекторларига имтиёзли кредит асосида берилиши режалаштирилган 33 та шахсий автотранспорт воситаси бўйича 33 нафар профилактика инспекторлари томонидан"Матиз” русумли автомашинага тегишли шартномалар тузилиб, 4 млн 500 минг сўмдан бошланғич тўловлари тўланган.

Давлатимиз томонидан ички ишлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар профилактика инспекторларининг иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда, уларни ўз хизмат мажбуриятларини янада сидқидилдан ва масъулият билан бажаришга ундамоқда. Масалан, профилактика инспекторларининг шахсий ташаббуси билан кўрилган чоралар натижасида жорий йилнинг 6 ойи мобайнида туманда 32 та оилага турли даражада моддий кўмаклар кўрсатилган, 31 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган. Натижада 16 нафар фуқаро кам таъминланганлар рўйхатидан чиқарилган.

Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида туман ҳудудида "Тунги хизмат” ташкил этилган бўлиб, Ички ишлар ходимлари ва жамоат ташкилотлари вакилларидан жами 53 нафар ходим жалб қилинган. Шунингдек, туман ҳудудида хавфсизлигини таъминлаш мақсадида патрул пост хизмати йўналиши бўйича 30 нафар ходим, 5 та автопатрул ҳамда 10  та пиёда патрул хизматга чиқарилган.

Ҳафтанинг ҳар пайшанба, яъни "Профилактика куни”ни самарали ташкил этиш мақсадида жами 68 нафар ходим, шу жумладан 26 нафар ички ишлар органлари, 5 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходими ҳамда 37 нафар жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Юқоридаги тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан умумий жиноятчилик 92 тадан 90 тага, шундан ўта оғир турдаги жиноят 3 тадан 3 тага, ишсизлар томонидан содир этилган жиноятлар 9 тадан 9 тага тенг сақланган. Шунингдек, ўтган йилда аёллар томонидан 20 тадан 7 тага, маст холда жиноят содир этган шахслар 3 тадан 2 тага, гуруҳлар таркибида содир этилган жиноят 9 тадан 8 тага, вояга етмаган шахслар томонидан содир этилган жиноят 4 тадан 2 тага камайишига эришилган.

Ўтган йилнинг шу даврида авто транспорт воситасини олиб қочиш жинояти 1 та ва қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш жиноятлари 1 та содир этилган бўлса, жорий йилда бу каби жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмаган.

Ижобий натижалар билан бир қаторда соҳада ўз ечимини кутаётган айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги кузатилмоқда. Жорий йилнинг 6 ойи давомида туманда жиноят қидирув соҳасида 58 та жиноят қайд этилиб, шундан 4 та ўғирлик жинояти фош этилмаган.

Шунингдек, туманда айрим жиноятларнинг ўсишига йўл қуйилган бўлиб, қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш жинояти 2 тадан 3 тага, талончилик жинояти 1 тага, безорилик жинояти 3 тадан 6 тага, оғир оқибатли йўл транспорт ходиcаси 4 тадан 5 тага, фирибгарлик жинояти 6 тадан 10 тага, қурол, ўқ-дори, портловчи моддалар ёки портлаш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш жинояти 1 тадан 4 тага кўпайишига йўл қуйилган.

Ўсишига йўл қуйилган жиноятлар профилактикасида бир қатор камчиликларнинг мавжудлиги, айнан ушбу жиноятларнинг олдини олиш ва профилактикаси бўйича ишлар асосан содир этилган қилмишнинг оқибатларига қарши курашишдан иборат бўлиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга бугунги кунда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг содир этилиши сабабларини чуқур таҳлил қилиб бориш, аниқлаш ва шу асосида уларга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўриш ҳамда жойларда қонунийликни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни тубдан кучайтиришни талаб этмоқда.

Айниқса, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ва таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ҳаётий долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда.

Амударё туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қ.Исмаиловнинг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботини муҳокама қилиб, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши

 

ҚАPОP ҚИЛАДИ:

 

1. Амударё туман ички ишлар бўлими бошлиғи Қ.Исмаиловнинг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида туман ички ишлар бўлими томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.

2. Амударё туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари (У.Полванов)га:

жорий йилда янгидан қуриб, топширилиши режалаштирилган 21 та профилактика инспекторларининг хизмат уй-жойларининг белгиланган муддатда қурилишини ва сифатли топширилишини қатъий назорат қилиб бориш;

бир ойлик муддатда туман ички ишлар бўлими (Қ.Исмаилов) билан биргаликда таянч пунктларида таъмирлаш ишларини тўлиқ ва белгиланган муддатларда топшириш ишларини жадалашштириш ва профилактика инспекторларининг хизмат ўташи учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш топширилсин.

3. Амударё туман ички ишлар бўлими (Қ.Исмаилов)га:

жамоатчилик билан биргаликда тумандаги барча маҳаллаларда, биринчи навбатда, жиноятчиликнинг ортиши кузатилган маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлаш ҳамда натижалари юзасидан халқ депутатлари Амударё туман Кенгашига жорий йилнинг III чораги якунларибўйича ахборот бериш;

жиноятлар содир этилган, айниқса, жиноятлар сони ўсишига йўл қўйилган 17 та фуқаролар йиғини ҳудудига бириктирилган профилактика инспекторлари ва фуқаролар йиғинларининг маҳалла посбонлари фаолиятига танқидий баҳо бериш ҳамда уларнинг масъулиятини кескин ошириш;

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё тумани бўлинмаси билан биргаликда жиноят содир этилмаган Амир Темур, Дўрман, "Оқ олтин”, Қипчоқ овуллари, Чордара, Янгиобод, Бойовул, Ойбек, Бўстон, Хизр эли, Тош қалъа, Аёқчи, Бўз солма, Тор ёп, Намуна, Ўзбекистон, Қум ёп маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларига бириктирилган профилактика инспекторларини ва фуқаролар йиғинларининг "Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарларини рағбатлантириш;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш мақсадида ҳар бир содир бўлган жиноят бўйича кейинги куннинг ўзида фуқаролар йиғини вакиллари ва шу ҳудудда яшовчи аҳоли ўртасида содир этилган жиноятнинг тафсилотлари ҳамда жиноятнинг содир этишга имкон берган шарт-шаротларни бартараф этиш ва келгусида йўл қуймаслик юзасидан муҳокама қилиш; 

ҳар куни профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғинлари фаоллари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ўз ҳудудида камида 10 та хонадонга ташриф буюришларини ташкиллаштириш;

жиноятларни содир этишга мойил, шу жумладан муқаддам судланган, спиртли ичимликларни истеъмол килишга ружу қўйган, гиёҳвандликка чалинган ҳамда профилактика ҳисобида турувчи бошқа шахслар контингентини ажратиб олиш, улар билан тизимли учрашувлар ва якка тартибдаги профилактик тадбирлар ўтказиш, уларнинг ишсизларини тегишли ташкилот ва муассасалар билан биргаликда бандлигини таъминлаш юзасидан чоралар кўриш;

таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давоматини мунтазам равишда ўрганиб бориш, машғулотларга қатнашмаётган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари ёки ота-оналарининг ўрнини босувчи шахслар билан яқиндан мулоқотлар ўрнатиш мақсадида жойларда "Давомат” тадбирларини ташкил этиш;

вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида маҳаллаларда кенг жамоатчилик ҳамда ота-оналар иштирокида профилактика тадбирларини янада жадаллаштириш, уларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминлаш вазифалари юклансин.

4. Ушбу қарор "Тараққиёт кўзгуси”газетасида, халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилинсин.

5. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг қонунийлик, ҳуқуқ тартибот ва фуқаролар ҳавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (Ғ.Ешниёзов) зиммасига юклансин.

6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Халқ депутатлари Амударё
туман Кенгаши раиси:                          С.Йўлдашев

Янгиликни бўлишинг: