"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

БЎЛИНГАН ҲОВЛИ

Саиджон бобо Иброҳим дўсти дунёдан ўтганидан бери унинг хонадонига бормаганига  бир неча йил бўлибди. Негадир болалиги ўтган маҳаллани қўмсади у. Ўйлаб қараса, бугун ҳеч кимникида ифторлик йўқ экан. Бугундан қулай кун йўқ, шундоқ Жийдали сойни ёқалаб борса, Иброҳимнинг ҳовлиси олдидан чиқади. Узоқ эмас, нари борса, бир чақиримлик йўл.

Чол-кампир қўшни маҳаллага етиб келишганида нақ аср намози вақти эди. Иккаласи ҳам ҳол-аҳвол сўрашувдан сўнг аср намози ибодатини адо этишди. Ота-онасининг  эски қадрдонлари ташрифидан кўнгли тоғдай кўтарилган Иброҳим бобонинг  катта ўғли Саъдулла қувонганидан кўзига ёш олди:

– Худди отам тирилиб келгандай бўлди, – деди у Саиджон бобонинг орқасига ёстиқ қўяркан. – Pўзадор бўлсангиз керак-а, ота?

У шундай деб югуриб-елиб ҳовлидаги супага кўрпача солаётган аёлига буюрди:

– Хатча, тезда отамга ифторлик тайёрла!

– Келинни овора қилма, болам, – деди Саиджон бобо. – Биз ифторлик қилгани келмадик. Ана, Шаҳаргул энангнинг тугуни тўла емиш, ифторликда ҳаммамизга етади.

Саиджон бобо ҳовлига разм соларкан, ўзлари ўтирган супанинг шундоқ ёнбошида, бетон-шифердан тикланган тўсиқ-деворни кўриб, ҳайрон бўлди. Бўйнини чўзиб тўсиқ-девордан мўралади. Деворнинг у ёғида икки нафар ёш бола ўйнаб юришар, ҳовли юзаси анчайин тор кўринарди. "Ака-укалар ота-онасидан қолган ҳовлини бўлиб олишибди-да”, – ўйлади Саиджон бобо. Зимдан Саъдуллани, ҳовлининг унга тегишли қисмини кузатаркан, ота уйнинг қарийб саксон фоизи акага, қолган йиғирма фоизгинаси кенжа ўғилга текканини сезди. Негадир бобонинг нафаси қисаётгандай, бўғзига нимадир тиқилгандай, лоҳасланди. Pўзадорликдан эмас, қадрдон жўрасининг фарзандларини ноаҳил кўрганидан юраги сиқилди Саиджон бобонинг. Шундай бўлса-да, сир бой бермади:

– Уканг Нурулла кўринмайдими? – деди Саъдуллага синовчан боқиб.

Саъдулла жавоб беришга шошилмади. Гўё Саиджон бобонинг олдида имтиҳон топшираётган талабадай ўнғайсизланди. Бобонинг сабри чидамай, яна савол ташлади:

– Укангнинг рўзғорини бўлаклаб, бўйнингдаги қарзингни осонгина узибсан-да? – чақиб олди у.

– Мен-мен... – Саъдулла тутилиб-тутилиб гап бошлаган эди ҳамки Саиджон бобо унинг юзига худди тарсаки туширгандай:

– Шу ишинг билан ўзингни акаман, эркакман, деб юрибсанми? Бу не ўтириш, бу қандай туғишганлик? – деди жаҳл билан. – Уй-жойинг камми? Ўтган баҳорда намунали уй олиб эдинг. Ўғлингнинг бири Тошкентда ишлаб, Тошкентда яшаса. Манғит шаҳрининг энг яхши жойидан ер олиб, данғиллама иморат қурган бўлсанг, мен сени ақлли-ҳушли бола, топарман-тутарман, туғишганларини қўллайди, десам, ғирт аҳмоқ экансан-ку, бола!

– Бу ака-укаларнинг иши, бова, – деди ифторлик учун дастурхон ёзаётган Саъдулланинг аёли. – Ўзлари шуни маъқул кўришди.

– Ҳей! – деди бобо деярли бақириб. – Pамазон ойида кўнгилларингга тегмоқчи эмасман-у, бор, Нуруллани айтиб кел.

Қовоқ-тумшуғи осилган Хатча ўртадаги тўсиқ-девордан мўралаб, минғирлади.

– Чақирган билан келмайди, акасини одам ҳисобида кўрмайди, ҳатто  салом ҳам бермайди. Ўзича тумшуғи осмонда. Бир пуллик муаллим бўлсанг, нимангга кериласан? Бориб турган...

– Келин! – Хатчанинг гапи оғзида қолди. Бобо хонтахтани мушти билан шундай урдики, унинг устидаги идишлар бир-бирига урилиб, жаранглаб кетди. – Менга қара, эринг сукут сақлаб турганда, сен ҳам тилингни тий! Бор, Нурулла билан келинни чақириб кел!

– Ота, ифтор вақти бўлди, оғиз очгандан сўнг...

– Оғзимизни оғзибирчиликда очамиз, Худо кечирсин, – овозини пасайтирди Саиджон бобо. Супанинг бир чеккасига ўтиб, намозшом ибодатини адо этишга киришаркан, Аллоҳдан бандаларига инсоф тилади.

Саиджон бобонинг чорлаётганини эшитган заҳоти Нурулла гўё учиб келди. Бобо билан қучоқлашиб кўришаркан, гўё отасининг бағрида тургандай ҳис этди ўзини. Ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг Саиджон бобо билан Шаҳаргул энанинг келинлари ёпган гўштли патирни мақтаб-мақтаб тановул қилдилар. Дастурхон устида Саиджон бобо ёшлиги, Иброҳим дўсти ва унинг аёли Тўхтабибининг яхши фазилатларидан гапириб, уларнинг ҳақига қуръон тиловат қилди. Саъдулланинг назарида хонадон янада ёришиб кетгандай бўлди.

– Энди, – деди Саиджон бобо ҳовлини иккига бўлиб турган шифер-деворга ишора қилиб. – Хатча келиннинг овқати пишгунча, сизлар мана бу ишни пиширасизлар.

Ака-укалар жим, бошини кўтармай ўтиришарди.

– Қани, тур, Саъдулла. Ё ўзим туриб, олиб ташлайми ўртадаги тўсиқни?! Мен бундай бўлинган ҳовлида, кўнгли бўлак одамларнинг дастурхонидан туз тотмайман. Яхшиямки энанг тугун тўла ифторлик кўтариб келган экан.

Гапга Шаҳаргул эна аралашди:

– Ҳай, болаларим-а, қайси шайтоннинг гапига кирдингларки, ота уйнинг фаришталарини қочириб юборибсизлар, – деди бошини чайқаб.

Саъдулла шу гапдан сўнг аста қўзғалди. Уй томонга ўтиб, қўлида болта, болғача ва қисқич кўтариб келди-да:

– Ма, ука, сен михларни суғуравер, – деди укасига қисқични тутқазаркан.

– Ахир...

– Нима, ахир! Мен айтдим-ми, қил. – Саъдулланинг овозида акаларга хос меҳр бор эди. – Хатча чечангнинг минғир-минғиридан қутулай, деб аслида мен ақлсизлик қилибман, ука.

Нурулланинг хўрлиги келди. У қўлидаги қисқични ташлаб юборганча акасини қучоқлаб олди. Бу ҳолатни кузатиб ўтирган чол-кампирнинг ёшланган кўзларига қувонч тўлди.

Ака-ука бир пасда ҳовлини иккига бўлиб турган тўсиқ-деворни олиб ташлашди. Унгача тайёр бўлган Хатчанинг товуқ гўштли куртуги дастурхонга тортилди. Бобо билан Шаҳаргул энанинг ширин суҳбати ҳатто бўлаётган ишлардан норози, қовоқ-тумшуғини осилтириб олган Хатчанинг ҳам чиройини очиб юборди. Супада ўтирган катталарнинг гурунгларига беэътибор, худди ўртада тўсиқ-девор ҳеч қачон бўлмагандай, бир-бирлари билан аллақачон топишиб олган кичкинтойлар маза қилиб ўйнашар, ўн тўрт кунлик Pамазон ҳилоли ҳовли юзини, бутун борлиқни кумушранг нурлари ила чароғон айлаган эди.

Шу куни Саиджон бобо билан Шаҳаргул эна Саъдулланинг қистови билан Иброҳим дўстининг хонадонида тунаб қолишди. Саҳарга яқин бобо ажиб туш кўрди: тушида Иброҳим дўсти кеча Саиджон бобо олдириб ташлатган тўсиқ-девор ўрнига қатор қилиб анжир кўчатларини ўтқазаётганмиш. Атрофда ажиб нурафшонлик. Саиджон бобо уйғониб кетди. Кампири аллақачон уйғонган, Хатча келиннинг саҳарлик учун ёзган дастурхони тайёр эди. Яхши ниятлар билан саҳарлик қилган чол-кампир тонгги намоз ибодатидан сўнг кетишга чоғланишди.

– Салқинда етиб олайлик, –деди бобо аста қўзғаларкан.

– Ўзим машинада элтиб қўяман, фақат бир илтимосим бор, – Саъдулла муҳим ишга қўл урган, натижасини кўришга ошиққан одамдай бетоқатланиб турарди.

Қандай илтимос, дегандай бобо унга ҳайронлик билан боқди.

– Бугун ҳам бизникида бўлиб турсангиз, шу, нима десам экан, ота уйни Нуруллага бутунлай хатлаб берсам...

Агар Саъдулла шу ишни қилса, бобо дўстининг хонадонида бир ой қолиб кетишга ҳам рози эди.

– Шундайми?! Унда қолганим бўлсин!

Шу куни Саъдулла кўч-кўронини олиб Манғит шаҳридаги янги иморатига  кўчди, ота уйини таъмирлатиш учун Нуруллага анча-мунча пул ҳам тутқазди. Кечқурун эса ота маконида маҳалласидаги рўзадорларга ифторлик берди.

– Қайдан қуёш чиқди-я! – укасини ҳовлидан сиқиб чиқариш учун хотинининг найрангларига учган Саъдулланинг бирданига хотамтойлик қилаётганидан ҳайрон бўлишди қўшнилар.

– Мана шу ҳовлидан, мана бу ердан! – деди Саиджон бобо кўкрагига қўлини қўйиб. – Аллоҳнинг иродаси. Болаларнинг кўнглига яхшилик фаришталари қайтди!

Эртасига Саиджон бобо ўз маҳалласидаги ифторликка чиқди.

– Эшитдингизми? – дейишди маҳалладошлари. – Жийдали сойдаги Иброҳим бобонинг икки ўғли жиқиллашиб, ҳовлисини иккига бўлиб олишганди. Саъдулла ҳовлидаги ҳақидан воз кечиб, бутунлай укасига хатлаб берибди. Pамазон ойининг шарофати бу!

– Ҳа-я, – деди Саиджон бобо ич-ичидан қувониб, – Pамазон ойининг шарофати бу, тўғри айтасан!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: