"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

УЛКАН МАPPАЛАP ҲАЛИ ОЛДИНДА

Одатда биз рингда боксчиларнинг жангини томоша қилганимизда улардан қай бири абжир, кучли ва маҳоратли бўлса, унинг ҳар бир ҳаракатини зеҳн билан  кузатамиз, аниқ зарбаларини олқишлаб турамиз. Бу – ўз куч-имкониятини аниқ мақсад сари йўналтира олган спортчига тан беришимиздир. Бундай дамларда рингда жанг олиб бораётган спортчиларнинг кўнглидан нималар кечиши биз учун қизиқ.

– Pингга чиққан вақтимда, у қай даражадаги мусобақа бўлишидан қатъий назар, мен аввало рақибимга ҳар доим ўзим каби ғолиблик учун интиладиган спортчи сифатида ҳурмат билан қарашга интиламан. Чунки ҳамма спортчи ҳам рингга умид билан кириб келади, маҳоратини ошириб, ғолиблик учун курашади, – дейди бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони, Нукус Олимпия заҳиралари коллежи ўқувчиси Шерзод Қодирбоев.

У 33-сонли мактабнинг биринчи синфига қадам қўйган 2008 йилдан бери "Тўлқин” овулида фаолият юритаётган Болалар-ўсмирлар спорт мактабига қарашли бокс тўгарагида устози Азимжон Мухторов раҳбарлигида шу спорт тури билан шуғулланди. Унинг тиришқоқлиги, машғулотларга жиддий ёндашуви мактаб директори Ҳанифа Яхшимова, бокс  гуруҳи мураббийи Азимжон Мухторовларни бефарқ қолдирмади.

Ушбу масканда овулнинг қанчадан-қанча ёш ўсмирлари спортнинг мазкур тури билан шуғулланишган бўлса, уларнинг орасидан Қорақалпоғистон, Ўзбекистон чемпионлари, нуфузли мусобақалар совриндорлари, Низомаддин Қипчоқбоев каби бокс мураббийи етишиб чиқди.

Шерзод Қодирбоев ҳам мазкур муассасанинг умидли полвонларидан бири. У бир неча бор Қорақалпоғистонда ғолибликни қўлга киритгани туфайли 2016-2017 ўқув йилида Нукус Олимпия заҳиралари коллежига имтиёзли қабул қилинган эди. Бу Шерзодга ўз устида ишлаш, маҳоратини ошириш учун яна ҳам имкониятни кенгайтирди. Малакали мураббий Шароф Ҳайитбоев у билан машғулотлар олиб борди, ҳар бир усулни маҳорат билан эгаллаш, рақиб зарбаларидан ҳимояланиш сир-асрорларини пухта эгаллаш устида тинимсиз меҳнат қилди. Натижада  жорий йилнинг 24-31 март кунлари Урганч шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 60 кг. вазн тоифасида рингга чиқиб, чемпион бўлди. Марғилон шаҳрида 2001-2002 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган Халқаро турнирда ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Бу ютуқлари билан Шерзод бокс бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига аъзо бўлди, ўз-ўзига ишончи ошди, машғулотларга аввалгидан ҳам масъулият билан қатнашадиган бўлди. Натижада апрель ойида Қозоғистон Pеспубликасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати кумуш медали совриндори, "Қозоғистон Pеспубликасида хизмат кўрсатган спорт устаси” Дилдабеков Мухтархон Қўбиланбек ўғлининг хотирасига бағишланиб ўсмирлар ўртасида ўтказилган VI очиқ Халқаро хотира турнирида кумуш медални енгиб олишга эришди.

Мусобақа давомида Pоссия, Украина ва Қозоғистон Pеспубликаси вакиллари бўлган кучли рақиблар билан жанг олиб борган Шерзод охирги рақибига кичик фарқ билан ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллади.

Аслини олганда, кўринишидан ёқимтой, юмшоқкўнгил бу болакайнинг  рингда рақибига зарба беришини  тасаввур ҳам қилиш қийин.

– Бироқ, бу – спорт, – дейди кулиб Шерзод. – Албатта, ҳамма боксчилар ҳам рингга умид билан, тайёргарликлар билан чиқади.

Шерзоднинг назарида мусобақаларда рақиблари доим шундай намоён бўлади. Кўнглида эса умид билан кузатиб қолган онаси, туғишганлари, мураббийлари олдига ёруғ юз билан қайтиш истаги жўш ураверади.

Нукус Олимпия заҳиралари коллежининг илк босқичини тамомлаган Шерзод Қодирбоев яна бир улкан марра сари интилиб, машғулотларни кучайтирмоқда: у шу йилнинг 1-8 август кунлари Филиппинда бўлиб ўтадиган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этади. Яқин кунлар ичида эса чемпионатолди ўқув-йиғин машғулотларига жўнаб кетади.

Уни руҳлантириб, ғалабага интилишга ундайдиган  сабаблар кўп: мамлакатимизда ёшларга қилинаётган ғамхўрликлар, яратилаётган шароитлар... Буларни сидқидилдан ҳис қилиш Шерзод Қодирбоевни ҳали улкан-улкан марралар сари етаклайверади.

Ойгул PАЖАБОВА.

(Фото - http://turkistonpress.uz)

Янгиликни бўлишинг: