"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8460.92 +1.84
  • 1 EUR = 9439 -62.05
  • 1 RUB = 131.06 +1.26

Эпизоотолог-ветеринар огоҳлантиради: ҚУТУPИШ – ЎТА ХАВФЛИ КАСАЛЛИК

Қутуриш касаллиги – бу ўта юқумли ва хавфли касаллик ҳисобланади. Касаллик билан иссиқ қонли ёввойи ва уй ҳайвонлари ҳамда одамлар касалланади.

Қутуриш касаллигининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги «Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллиштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман ИИБ, ДСЭНМ, Ветеринария бўлими, туман Ободонлаштириш бошқармаси ва кўп тармоқли марказий поликлиника билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Касал ҳайвон касаллик қўзғатувчи манба ҳисобланади. Касал ҳайвон тишлаганда унинг сўлаги теридаги тирналган ёки яра жойларга тушганда касаллик юқади. Касаллик кўзғатувчиси касал ҳайвон сўлагида касаллик белгилари пайдо бўлишидан 10 кун олдин пайдо бўлади. Шунинг учун тишлаган ҳайвон яхши ҳолатда эди-ку, деб ўйламаслик керак.

Эътибор берсак, ҳайвонлар тишлашидан кўп ҳолатларда болалар жабрланади. Шунинг учун болаларнинг, айниқса дайди ит, мушуклар билан мулоқотда бўлмаслигини таъминлаш зарур.

Уй ҳайвонлари, албатта, давлат Ветеринария бўлинмаларида ҳисобга қўйилган бўлиши ва ҳар йили қутуриш касаллигига қарши эмланиши зарур.

Қарамоғингиздаги ҳайвон ҳар қандай касалликка чалинганда ва айниқса қутуриш касаллиги белгилари пайдо бўлганда яшаш жойингиздаги ветеринария бўлимларига зудлик билан мурожаат қилинг. Зинҳор ўзингиз даволашга ҳаракат қилманг, бу билан сиз ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўясиз.

Агар сизнинг итингиз бирор кишини тишлаб олса, ҳолатни ёки ҳайвонни бекитишга ҳаракат қилмасдан, жабрланган шахсга ўзингизнинг манзилингизни беринг ва ит ёки мушугингизни кўрикдан ўтказиш учун яшаш жойингиздаги  ветеринария мутахассисларига мурожаат қилинг. Тишлаган ҳайвон 10 кун давомида ветеринария мутахассислари кузатувида бўлади.

Ҳайвон учун унинг эгаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарори билан тасдиқланган «Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари»га асосан тўлиқ маъмурий жавобгар ҳисобланади.

Касал ҳайвондан жабрланганда фақатгина тўлиқ профилактик эмлаш курсини олиш билан қутуриш касаллигининг олдини олиш мумкин.

Қутуриш касаллиги ўта хавфли касаллик. Шунинг учун касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш афзалдир. Ўз ит ва мушукларингизни вақтида эмлатсангиз,  касалликнинг олдини олган бўласиз.

Б.Бекчанов,

туман Ветеринария бўлимининг эпизоотолог-ветеринар врачи.

(Фото - http://avitsenna.uz)

Янгиликни бўлишинг: