"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9395.63 +10.43
  • 1 EUR = 10360.6 +63.20
  • 1 RUB = 142.96 +1.39

ҒАЛЛА ҲОСИЛДОPЛИГИНИ ОШИPИШ – ФАPОВОНЛИК ОМИЛИ

Ўзбекистон Pеспубликаси мустақилликка эришгунига қадар мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги пахта етиштиришга йўналтирилган эди. Шу даврда экин майдонларимизнинг қарийб 90 фоизигача пахта экилгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, деярли ҳеч қандай алмашлаб экиш бўлган эмас. Ернинг фақат битта мақсадда бешафқат ишлатилиши тупроқнинг кучсизланиб қолишига олиб келди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда пахта экиладиган майдонлар икки баравар қисқартирилди. Натижада мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга замин яратилди.

Илгари халқимиз эҳтиёжи учун зарур бўлган дон собиқ иттифоқнинг бошқа Pеспубликаларидан олиб келинган бўлса, мустақиллик йилларида Ўзбекистон халқининг донга бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, аҳоли учун қўшимча томорқа ерлари ажратиб берилди ва хўжаликларда ғалла етиштиришга эътибор кучайтирилди.

1991 йилда юртимизда 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил этган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткичлар юқори даражага кўтарилди, яъни далаларимиздан 8 млн. тоннадан зиёд буғдой олиниб, ғалланинг умумий ҳосилдорлиги 50-55 центнерга етказилди.

Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон нафақат ўзини ўзи ғалла билан таъминловчи, балки, уни экспорт қиладиган давлатлар қаторига кирди.

Мамлакатимизда эришилган бундай ютуқларда туманимиз меҳнаткашларининг ҳам муносиб ҳиссалари борлигидан фахрланамиз. Мана бир неча йилдирки, туманимизда фаолият кўрсатаётган 300 дан зиёд фермер хўжаликларида 3000 гектар майдонда ғалла етиштирилади.

Бу йилги меҳнат зафарига тупроқ ва иқлим шароитимизга мос ғалла навларининг яратилгани, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш борасида олиб борилган илмий изланишлар муҳим асос бўлди. Яратилаётган истиқболли навлар, фермерларнинг фидокорона меҳнати, ғалла етиштиришдан манфаатдорликнинг ортиши, моддий техник базанинг мустаҳкамланиши ҳамда бу ишларнинг давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани соҳани жадал ривожлантириш имконини бермоқда.

Бизнинг деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигининг барча соҳалари қатори ғаллачиликда ҳам катта тажриба тўплаб, ҳар йили мўл ҳосил етиштириб, белгиланган режаларни нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб бажариб келишмоқда.

Туманимизда 2017 йил ҳосили учун 379 та фермер хўжаликлари билан шартнома тузилиб, 3000 гектар майдонга буғдой экилган эди. Уруғчилик учун 175 гектар майдонга, товар-дон учун 2825 гектар майдонга экилган буғдой уруғлари текис ундириб олинди ва уларнинг кузги-қишки парваришига алоҳида эътибор берилди.

Вегетация даврида буғдой майсалари 6-7 марта қондириб суғорилди. Кузги буғдой экинларини суғориш ишларини тўғри ташкил қилиш мақсадида 17 та суғориш отрядлари ташкил этилиб, бу ишга фермер хўжаликларидан жами 600 нафар сувчи ажратилди.

Ғаллани озиқлантириш даврида ҳар гектар ерга 5 тоннадан маҳаллий ўғит берилди. Шу билан биргаликда 2200 гектар майдонда бегона ўтларга қарши гербицидлар ишлатилди ва зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш чоралари кўрилди.

Ғалла экинлари парвариши даврида туманда ташкил этилган 17 та озиқлантириш отрядлари фаол ҳаракат қилди. Натижада 15 та ташиш техникалари ва 16 та минерал ўғит сепгичлардан унумли фойдаланилди.

Ғалла майсаларининг ривожланишини тезлаштириш мақсадида баргдан озиқлантириш ишларига ҳам алоҳида эътибор берилди. Бу ишларни амалга ошириш учун 17 та отряд ташкил этилиб, уларга 46 та ОВХ агрегатлари ва ҳар отрядга 1 дона ишчи эритмасини ташувчи транспортлар бириктирилди. Ғаллани баргдан озиқлантириш пайтида 3 марта суспензия қилиш ишлари сифатли амалга оширилди.

Ҳамжиҳатликда бажарилган бу каби агротехник тадбирлар ўз самарасини берди. Далаларимизда кўзланган даражадаги буғдой ҳосили етиштирилди.

Ғалла ўрим-йиғимига ҳам пухта тараддуд кўрилиб, бу иш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Мавсумни тез ва тартибли равишда ўтказиш мақсадида 6 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилди. Бу отрядлар мавжуд 19 та комбайннинг тўла қувват билан ишлашини ва ўрим-йиғим ишларининг белгиланган жадвал асосида амалга оширилишини таъминлади.

Катта ҳаётий ва илмий тажрибага эга, ер билан тиллашадиган, деҳқончиликнинг ҳадисини олган миришкор ғаллакорларимизнинг, комбайнчилар ва механизаторларнинг фидойи меҳнатлари, мутахассисларнинг беминнат кўмаклари туфайли давлатга ғалла топшириш шартномавий режаси ҳамда ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш ишлари қисқа фурсатларда якунланди.

Бир неча йиллардан бери Ўзбекистонда давлатга ғалла топшириш бўйича шарт-номавий режаларини биринчилардан бўлиб бажариб келаётган амударёлик ғаллакорлар бу йил ҳам аҳдида қатъий туриб, ҳар йилги анъанага содиқ қолган ҳолда контрактация шартномаси шартларини тўлиқ бажардилар. Давлатга режадаги 5530 тонна, қўшимча равишда минг тонна, жами 6530 тонна "қирмизи дон” ҳосили топширилди. Фермерларимиз яна 700 тонна ғалла топшириб, давлатга топширилган ялпи буғдой хирмонини 7230 тоннага етказдилар.

Энг муҳими, бу ҳали ҳаммаси эмас. Етиштирилган ҳосилнинг давлат шартномасидан ортиб қолган қисми фермер хўжаликлари ихтиёрида қолди. Улар бу ҳосилни нафақат ўз оиласи, ишчи ва хизматчилар оилаларининг эҳтиёжлари учун ишлатадилар, балки, овулларидаги кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга улашиб, эл-юртнинг дуосини оладилар.

Бугунги юксак ғалла хирмонимизга "Тўлқин” овулидаги "Ибрагимов Жабборберган” фермер хўжалиги 129,5 тонна, "Ўрта қалъа” овулидаги "Исмоилов Элдорбек” фермер хўжалиги 88 тонна, Бобур номли овулдаги "Абдулла” фермер хўжалиги 85 тонна, Қиличбой овулидаги "Фарҳодов Асадбек Умидович” ҳамда Қипчоқ овулидаги "Хидиров Нурилла” фермер хўжаликларининг ҳар бири 60 тоннадан ғалла топшириб, муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Эндиликда далани сомондан тозалаш, суғориб, такрорий экин экиш, ердан унумли фойдаланиш бугунги куннинг бош масаласи ҳисобланади. Сабаби, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби кун сайин ўсиб бораётган бугунги давр ердан бир йилда 2-3 марта ҳосил олишни талаб қилмоқда.

Шу сабабли ғалладан бўшаган майдонларнинг нами йўқолмай, шудгор қилиш ишлари ҳам ўз вақтида бажарилди. Айни кунларда эса деҳқонларимиз такрорий экин экиш ишларини уюшқоқлик билан давом эттирмоқдалар. Бу – туманимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларининг мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмини оширишдек бугунги кун чақириғига нисбатан амалий жавоби бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча ғаллакорларини, деҳқон-у миришкорларини, фермер ва пудратчиларини меҳнат зафари билан табриклайман!

Доимо ҳалол меҳнатингизнинг роҳатини кўриб яшанг, азиз ғаллакорлар!


Султонбой ЙЎЛДАШЕВ,туман ҳокими.

Янгиликни бўлишинг: