"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Жайхун илҳомлари

Яхши дўстлар суҳбати...

Яхши дўстлар суҳбати жонингга роҳат келтирур,

Ташрифи қутлуғ қадам, уйга фароғат келтирур.

 

Яхши дўстинг борми, бил – бу Аллоҳ инъомидир,

Лойиқ дўст бўлсанг агар, пойингга жаннат келтирур.

 

Дўст бўлиш осон, уни сақлаш қийинроқ, дейдилар,

Яхши дўстдан айрилиш, бешак надомат келтирур.

 

Янги нарса яхши, лекин дўст эскиси яхшидир,

У билан дилинг равшан, ишингда омад келтирур.

 

Бирор айб сезиб, дарҳол минма сен ғазаб отига,

Яхши кунни бошингга сабр ила тоқат келтирур.

 

Содиқ дўстлар билан масрур Аҳмад доим дилига,

Шукроналик фикрини ҳар кун, ҳар соат келтирур.

А.Нафасов.

 

ЖОНИМНИНГ ПАPЧАСИ

(«Тараққиёт кўзгуси»га)

Жонимнинг парчаси ҳисобинда – сен,

Қонимнинг анчаси қонингга қардош.

Умримнинг унумли юмушинда – сен,

Ҳар сафар йўл чексам, юлдузсан, дарддош.

 

Ё ойдай зиёсан, азиз Матбуот.

Офтобга қиёссан, оташин ҳаёт!

Авжларингга эшлик ошуфта этди,

Қўлимдан тутганда сендаги ғайрат!

 

Қаламим кўрк очиб, камолга етди,

Ёзмоққа ундади яшовчан Сўзинг!

Яшарман, ёзгани йўл берган Нажот –

Садоқат сенга, деб азиз Матбуот!

 

Замонам завқи бор, бор бўл давомли,

Боғларнинг бағрида баён қил бахтни.

Мен йўлдош юрайин, сендан илҳомли,

Бузмасдан қаламкаш ном олган аҳдни!

 

Ном берган, нон берган лазиз Матбуот,

Жонимнинг парчаси – азиз Матбуот!

Жумабой ҲИДОЯТОВ.

Ё, PАМАЗОН!

«Ё, Pамазон!» кўп айтганмиз эшикларда,

Талашишиб қизлар билан болаликда.

Аҳил эдик Саодат-у Муҳаббатлар,

Тун юлдузи чарақлаган бир қишлоқда.

 

Қўшниларга, холаларга, аммаларга,

Қалбдан жўшиб куйлаганмиз «Ё, Pамазон!».

Ой-юлдузлар ғужғон ўйнаб самоларда,

Тилаклардан тўкиларди гул-у райҳон!

 

Чанг кўчалар аро қолган менинг изим –

Қизлар билан чопаётган болалигим.

Сочлар узун, ўрим-ўрим белимизда,

Чирмашади қирқта кокил бўйимизга.

 

Эзгуликнинг изларидан чопиб ўтдик,

Жаранг сочиб кулгуларда, қўшиқларда.

Пок туйғулар оғушига сингиб кетдик,

«Ё, Pамазон!» айтиб ўтган эшикларда.

Зуҳра Аҳмедова.

 

Тинчлик водийси

Чечаклар гул бўлиб унмоқда бу кун,

Орзулар ушалган, чеҳралар гулгун.

Юртим тинчлигидан беғам бу кўнглим,

Тинчлик водийсида яшаймиз, дўстим!

 

Деҳқоннинг қўлида доимо кетмон,

Нонвойнинг тандири тўла ширмой нон.

Ёшларин йўллари эрур нурафшон,

Бу юртда азиздир, азиздир инсон!

 

Бошида порлайди бахтнинг қуёши,

Кучлилик, адолат, юрт елкадоши.

Тинчлик ҳадя этган одил Юртбоши,

Баркамол авлоддир, халқнинг издоши!

Муқаддас Маткаримова, 37-сонли мактаб ўқувчиси.

«Калла уриш» – саломми?

(Тенгдошларга ва катталарга)

«Ассалом-у алайкум!» деган сўзда сеҳр бор,

Ўзбекнинг саломида дунёларча меҳр бор.

Минг афсуски, бугуннинг саломи ўзгармоқда,

Калла уриб кўришиш роса «мода» бўлмоқда.

 

Қучоқ очиб кўришмоқ энди урфдан қолдими,

Минг йиллик қадриятлар оёқости бўлдими?

Ўйлаб кўринг, одамга калла уриш хосмиди,

Биз – ўзбеклар авлодига қўчқор иши мосмиди?

 

Нечун бизлар бу ишни одат қилиб олганмиз?

Бизлар ахир қўй эмас, бизлар ахир одаммиз...

«Ассалом-у алайкум!», деган сўзда сеҳр бор,

Ўзбекнинг саломида дунёларча меҳр  бор...

Бегзод АЛЛАҚУЛОВ.

БАХТИМ – ОТА-ОНАМ

Кўкда ой, қуёшимсиз,

Менинг чин сирдошимсиз.

Бош эгиб таъзим айлай,

Юздан ошсин ёшингиз.

 

Менга ҳаёт бердингиз,

"Ақлли бўл”, дедингиз.

Меҳнат билан, меҳр билан,

Pизқимизни тердингиз.

 

Ҳеч нарсага алишгусиз,

Бойлигим ота-онам.

Умр тилайман доим,

Сиз-чун яралган олам.

 

Сиз-ла гўзал ҳар бир оним,

Қараб тўймас кўзларим.

Мен учун бу дунёда,

Сизлар азиз ҳар доим.

Динора КАPИМБОЕВА, Амударё академик лицейи ўқувчиси.

Ўзбегим полвонлари

Она Ватан таянчи,

Ҳам фахри ва қувончи.

Куч-қудрати, суянчи –

Ўзбегим полвонлари!

 

Паҳлавон Маҳмуд бобом,

Бергайдир куч ва илҳом.

Сиздадир енгилмас қон,

Ўзбегим полвонлари!

 

Сиз майдон тушган замон,

Ҳавас-ла боқар жаҳон.

Фахр этар Ўзбекистон,

Енгилмас полвонларим!

Мафтуна МУPОДОВА.

Онамнинг дуоси

Онамнинг дуоси мени асрайди,

Дуоларида бор меҳр қуёши.

Кимнинг онаси бор, у қаримайди,

Қалбин безаб турар меҳр зиёси.

 

Онамнинг борлиги менинг бахтимдир,

Ҳаётим мазмунли, йўлларим равон.

Умрим безаги у, буюк тахтимдир,

Кунларим файзли, гўзал кенг жаҳон.

 

Ҳар тонг дуо қилар, униб-ўсгин, деб,

Бошимни силайди ҳароратли қўл.

Шу меҳр умримга бериб турар зеб,

Мен учун осондир машаққатли йўл.

Мафтуна ЙЎЛДОШЕВА.

Нон

Меҳнат қилиб бувижоним,

Уяр буғдой хирмонни.

Бувижоним ва онам,

Ёпарлар ширмой нонни.

 

Бувим дер: «қизалоғим,

Нонни ҳеч исроф қилма.

Ушоғи ҳам азиздир,

Шуни ҳеч ҳам унутма».

 

Дастурхоннинг безаги,

Доим бўлиб турар нон.

Меҳмон келган чоғда ҳам,

Нон тутилади ҳар он!

Шаҳло ҚУPОЛОВА.

     Юртим

Юртим, сенинг боғинг ўзгача,

Нурли ҳар чаманинг ўзгача.

Гулларингга қараб тўймайман,

Осмонинг ҳам кенг эрур шунча!

 

Сувларинг соф, тиниқ самолар,

Кўнгилларга малҳам ҳаволар.

Она тилимдаги наволар,

Куч бағишлар дилга, ўзгача!

Гузал КАPИМОВА, 41-сонли мактаб ўқувчиси.

Қуёш

Тонг саҳардан чиқсам,

Нурларингни сочасан.

Баҳор келганда кулиб,

Қучоғингни очасан.

 

Тунда қайга кетасан,

Тонгда қайдан қайтасан?

Ҳеч йўлинг ўзгармайди,

Шарқдан Ғарбга ботасан.

Жамшид Қўшчанов,

5-сонли мактаб ўқувчиси.

 

Китоб

Китоб - бебаҳо бойлик,

Китобни қадрлайлик.

Билсангиз, у бахтимиз,

Бойлигимиз, тахтимиз.

 

Варақласак - илми кўп,

Эзгу, ёруғ йўли кўп.

Ташвишларга қалашсак,

Йўл кўрсатар адашсак.

Гулхумор Ҳайитбоева.

Янгиликни бўлишинг: