"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ГИЁҲВАНДЛИК – ИНСОН ҲАЁТИНИНГ КУШАНДАСИ

Гиёҳвандлик – инсон саломатлиги ва унинг тақдири ҳамда жамият учун энг хавфли одат ҳисобланади.

Ҳар бир гиёҳванд ўз хоҳиш-иродаси билан ёки ўзига боғлиқ бўлмаган холда, ўзининг кайфиятини кўтариш, эмоционал ҳолатини яхшилаш учун гиёҳванд моддага хаддан ташқари кучли эҳтиёж сезади. Гиёҳванд моддаларни дастлабки пайтда истеъмол қилишдан мақсад, одамларнинг ўзларини безовта қилаётган ҳислардан – чарчоқлик ва ҳаётдан қониқмаслик, шунингдек руҳий қашшоқлик каби ҳиссиётлар исканжасидан вақтинчалик бўлса ҳам қутилишдир.

Умуман олганда, ҳар бир инсон ўз ҳаётидан қониқиш ҳосил қилиб, ижобий сезгилар оғушида яшашга интилиши тушунарли ва табиий ҳолдир. Бироқ бундай ижобий ҳиссиётларни сезишга интилиш, қониқиш ҳосил қилиш, ҳаётда осонликча эришиб бўлмайдиган, катта ҳажмдаги, мураккаб ишларни бажариш билан боғлиқ тинимсиз меҳнат қилишни талаб этадиган жараёндир. Ҳаётда ҳамма ҳам бирдек бундай шарафга муяссар бўлолмайди. Оқибатда ўз иродасини бошқара олмайдиган айрим кишилар ҳаётдан қониқиш ҳосил қилиш, ширин хаёллар оғушида яшашнинг осон йўлини ахтарадилар. Бу йўл – гиёҳвандликка ружу қўйиш йўлидир.

Гиёҳвандликка олиб келувчи омиллар қаторида айрим одамларга хос иродасизлик, шунингдек ўзининг нуқсонли табиати, қобилиятсизлиги туфайли одамлар ўртасида мулоқот ўрната олмаслик каби салбий таъсирлардан қутилишга интилиш сингари ҳолатларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Ўсмирларда эса гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи катталарга тақлид қилишга мойиллик, гиёҳванд моддаларнинг «мўъжизали таъсири»га ишонувчанлик, кўпчиликнинг иродасига сўзсиз бўйсуниш каби хусусиятлар, уларнинг ушбу оғу тузоғига тушиб қолишига сабаб бўлади. Гиёҳвандлар наркотик моддаларга дастлаб руҳан, сўнгра жисмонан боғланиб қоладилар. Pуҳий боғланиш деганда, инсоннинг гиёҳванд моддалар таъсирида дастлаб ҳис этган, ёқимли сезги ва кечинмаларини яна қайтадан ҳис этишга интилиш тушунилади. Ана шу дастлабки босқичдаёқ, организмнинг талабини у ёки бу сабабларга кўра қондира олмаслик, бемор кайфиятининг бузилиши, яъни депрессия ҳолатини келтириб чиқаради ва унда наркотик моддага боғланиш пайдо бўла бошлайди. Бу босқичда невроз аломатлари кўзга ташланиб, жаҳлнинг тез чиқиши, чарчаш, фикрнинг тарқоқлиги, сезувчанликнинг ортиши, вегетатив асаб тизими фаолияти бузилиш белгилари пайдо бўлади.

Гиёҳванд моддаларни муттасил истеъмол қилиш инсон шахсини қашшоқлаштиради, иродасини бўшаштиради, меҳнат қилиш қобилиятини пасайтиради. Гиёҳванд моддалар таъсирида асаб тизими ҳужайралари ҳалок бўлади, организмнинг иммун ҳимоя хусусияти пасаяди, хавфли ўсмалар (рак) ўсиши фаоллашади, инсон умри қисқаради. Бундай одамлар бевақт ўлимга маҳкумдирлар.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон шахсининг емирилишига олиб келади, шахснинг жамият билан алоқаси бузилиб, турмушда ва жамиятда ахлоқий нопокликларга йўл қўяди, жиноятларнинг ўсишига сабабчи бўлади. Гиёҳвандлик – ўта хавфли касаллик бўлган ОИТС (СПИД) касаллигини тарқатувчи асосий манбаадир. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар жамият учун ҳам, ўз шахси учун ҳам «мен»и йўқотилган, деб ҳисобланади. Бундайларнинг келажаги йўқ.

Гиёҳвандликка қарши кураш: гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни ман этиш, таркибида гиёҳванд моддалари бўлган ўсимлик турларини ўстиришни таъқиқлаш, гиёҳвандларни ўз вақтида аниқлаш ишига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, давлат чегаралари орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга тўсиқ яратиш, гиёҳвандларни даволаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан олиб борилади.

Энг муҳими, гиёҳвандлик – умр заволи эканини ҳар ким англаб етиши лозим. Шундагина бу иллатнинг олди олинади.

О.ҲАЛИМОВ,  туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди.

(Фото - http://uchquduq-gazeta.uz)

Янгиликни бўлишинг: