"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

ЁШ-У КЕКСАЛАPИ БИPДАЙ ЭЪЗОЗЛАНАДИГАН ЮPТ

Жамиятнинг кичик бир бўғини ҳисобланмиш оиланинг зиммасига фарзандни дунёга келтиришгина эмас, уларни юксак маънавиятли, маърифатли қилиб тарбиялаш, жамиятда ўз ўрнини мустақил равишда топишига шарт-шароит яратиб беришдек вазифа ҳам юкланган.

"Она тўғрисида, унинг фарзанди тўғрисида ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг муқаддас бурчидир” дея  ёзган эди Биринчи Президентимиз И.А.Каримов.

Ҳа, дарҳақиқат, мустақиллик йилларида она ва болага ғамхўрлик, соғлом оилаларда соғлом фарзандларнинг дунёга келиши ва уларни замонавий таълим асосларини пухта эгаллаб, баркамол инсонлар бўлиб вояга етишларига эришиш асосий вазифалардан бирига айланди.

Бу асосий Қонунимиз – Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, 64-моддада: "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”, дея кўрсатилган.

Ҳа, чиндан-да болалар бизнинг мамлакатимизда ўз ота-онаси меҳри оғушида улғаяди, ўз манфаатлари таъминланиши, инсоний қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Халқимизда ўзаро меҳр-оқибат, дўст-биродарлик, бағрикенглик каби хислатлар азал-азалдан жуда қадрланиб келинган. Бу хислатларнинг бари ҳар биримизга оналаримиз меҳри ила сингган. Бунингдек олижаноб, инсоний фазилатлар қўни-қўшниларимиз билан ўзаро муносабатда, ҳар бир бола тарбиясига қўни-қўшниларнинг  ҳам ўзини масъул ҳисоблашида, ёшлар камоли учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилинишида ўз ифодасини топади.

Ҳукуматимизнинг, халқимизнинг дунёга келаётган ҳар бир гўдакнинг  эмин-эркин, шодон улғайиши йўлидаги чексиз ғамхўрлигини 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкиллаштирилаётган турли кўнгилочар тадбирлар мисолида ҳам ҳис қилиш мумкин.

Бизнинг қон-қонимизга сингиб, қадрият даражасига кўтарилган шундай одатларимиз борки, уларнинг замирида инсон ҳамиша ёрқин орзулар йўлида меҳнат қилиб, фарзанд ўстириб, уларнинг камолидан қувониб яшаши, кексалик  даврини ҳам фароғатда, эъзозда ўтказишдек олижаноб мақсадлар мужассам.

Ҳа, бизнинг юртимиз кексалари бахтиёр, кўнгил хотиржамлигига эришган, ўз ҳаётий тажрибалари асосида келгуси авлодларни тўғри йўлга бошлагувчи маънавий устозлардир. Ҳар бир фарзанд вояга етиб, меҳнатга лаёқатли бўлгач, Асосий Қонунимизнинг 66-моддасида ифодаланганидай, ўз ота-оналари тўғрисида ғамхўрлик қиладилар, кексалигининг ҳар бир куни роҳат-фароғатда ўтиши учун интиладилар. Меҳр-эътибор, эъзоз топган, ардоқланган инсон ўз умридан мамнун яшаши, узоқ умр кўриши табиийдир. Кейинги йилларда мамлакатимизда умр кўриш давомийлиги ошганлиги ҳам бежиз эмас.

Бизнинг мустақил ва озод, обод юртимизнинг кичиклари иззатда, кексалари ҳурматда.    

Ойгул PАЖАБОВА.

(Фото: ЎзА)

Янгиликни бўлишинг: